“Время”да плакат кўтариб чиққан Марина Овсянникова ким?

Сурат манбаси, Channel One
2022 йил 14 март куни Россиянинг Биринчи канали ходими Марина Овсянникова кутилмаганда урушга қарши плакат билан кечки «Время» янгиликлар дастурига чиқди. Уни полиция олиб кетди ва сешанба оқшомига қадар унинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас эди. Қуйидагилар бизнинг Овсянникова ва унинг телевидениедаги фаолияти ҳақида билганларимиз.
Сешанба куни Москванинг Останкино суди Овсянниковани рухсат этилмаган оммавий тадбир уюштиргани учун (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2-қисм, 20.2-моддасига асосан) 30 минг рубль (280 доллар) миқдорида жаримага тортди.
Жарима унинг эфирдаги чиқиши билан боғлиқ эмас, балки у аввалроқ ёзиб олган ва одамларни норозиликка чақирган видеомурожаати билан боғлиқ.
У "Время" дастуридаги воқеа учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, Россия Тергов қўмитаси терговгача текширувни бошлагани ҳақида хабар берди.
Суддан сўнг Овсянникова адвокатлар билан кўришишга рухсат беришмагани ва қариндошлари билан боғлана олмаганини айтди.
"Қўллаб-қувватлаганликлари учун барчага раҳмат айтмоқчиман! Дарҳақиқат, жуда оғир кунлар бўлди: том маънода икки кунни уйқусиз ўтказдим, сўроқ 14 соатдан ортиқ давом этди, қариндошларим ва дўстларим билан боғланишга рухсат беришмади, ҳеч қандай юридик ёрдам кўрсатишмади", деди у.
Экранда намойиш қилинган норозилик
Биринчи канал бошловчиси, Россия давлат телевидениесининг юлдузларидан бири Екатерина Андреева 14 март куни кечки жонли эфирда янгиликлар дастурини олиб бораётганди.
У бош вазир Михаил Мишустиннинг санкциялар таъсирини юмшатиш режалари ҳақида гапирар экан, унинг орқасида урушга қарши шиор ёзилган плакатни кўтариб, бир аёл пайдо бўлди. Унда: "Урушни тўхтатинг, пропагандага ишонманг, улар бу ерда сизни алдаяпти. Руслар урушга қарши", деб ёзилганди.
У бақириб, "Уруш керакмас! Урушни тўхтатинг!" деди ва плакатдаги ёзув кадрда яхшироқ кўриниши учун ҳаракат қилди. Бир неча сониядан сўнг, навбатда турган бошқа видеони қўйиб юборишди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 1
Биринчи канал бош муҳаррири Марина Овсянникова дарҳол ҳибсга олинган.
Бошловчи Екатерина Андреева хотиржамлик билан янгиликларни ўқишни давом эттирди. Кейинчалик, ўз блогида - Россияда блокланган "Instagram"да - у йога билан шуғулланиш "фавқулодда вазиятда" хотиржам бўлишга ёрдам берганини айтди.
Вилоятлик журналист
Овсянникова урушга қарши плакат билан эфирга чиқишдан олдин намойишдан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеомурожаатни ёзиб олганди.
"Менинг отам украиналик, онам рус ва улар ҳеч қачон душман бўлмаган", дейди у видеода ва ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеаларни "жиноят", Россияни эса "босқинчи давлат" деб билишини қўшимча қилади.
Унинг сўзларига кўра, у сўнгги йилларда Биринчи каналда ишлаган ва Кремль тарғиботи билан шуғулланган ва ҳозир қилган ишидан уялмоқда.
Овсянникованинг қизлик фамилияси Ткачук. У 1978 йилда Украинанинг Одесса шаҳрида туғилган.
Унинг икки фарзанди бор - 2010 йилда туғилган қизи ва 2004 йилда туғилган ўғли.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 2
RТ (собиқ Russia Today) бош муҳаррири Маргарита Симонян шундай ёзди: "Энди энг қизиғи. Агар Овсянникова ҳақиқатан ҳам, улар айтганидек, Марина Ткачук бўлса, мен уни жуда яхши эслайман. Айнан у туфайли Кубан давлат телерадиокомпанияси директори (Владимир) Рунов мени Бутунроссия давлат телерадиокомпаниясининг Краснодар ўлкаси бўйича штат мухбири лавозимига тайинланишимга қаттиқ қаршилик қилганди, чунки у бу лавозимга уни хоҳлаган эди."
Кубанда Марина Овсянниковани яхши эслашади, гарчи, ўша пайтдаги ҳамкасблари сўзларига кўра, у 2002 йилда Москвага кетганидан кейин ҳеч ким билан алоқада бўлмаган бўлса ҳам.
Унинг Кубан давлат телерадиокомпаниясидаги ҳамкасбларидан бири анонимлик шарти билан Би-би-сига шундай деди: "2000 йиллардан кейин мен Марина билан алоқа қилмадим, лекин бирга ишлаганимизда унда мафкуравий тарафкашликни сезмаганман. Фақат жуда амбицияси катта эди, шунинг учун Москвага кетганди."
Руновнинг 93.ru Кубан нашрига айтишича, Овсянникова "оддий мухбир бўлиб ишлаган". Ундан унга ҳомийлик қилганмисиз деб сўрашганда, Рунов "мен кимга ҳомийлик қилмаган эканман, шу жумладан, унга ҳам", деди.
Бурилиш нуқтаси
Янгиликлар муҳаррирининг иши кейинчалик ҳикоялар ёзиладиган материал тайёрлаш, кундалик янгиликлар сценарийси, сарлавҳалар ва бошқа нарсаларни таҳрирлашни ўз ичига олади, деди Би-би-сига ушбу соҳадан хабардор Биринчи каналнинг собиқ муҳаррири. У аноним қолишни сўради.
"Механик иш қиляпсиз, экранда айтиладиган гапларнинг маъносига кириб бормайсиз дейиш, албатта, мумкин эмас, - дейди у. - Мен уни шахсан танимайман, лекин мен ўзим Биринчи каналда бўлганимда у ерда ҳеч қандай мафкуравий ҳамжамият йўқ эди. Албатта, йўқ. Албатта, кўпчилик нима қилаётгани ҳақида ўйлайди - баъзиларига иши ёқади, баъзиларига эса йўқ. Иши ёқмайдиганларнинг ҳам ўз чегараси бор, шундан ўтса, қабул қила олмайди. Афтидан унинг ўша чегараси бузилган."
Биринчи канал матбуот хизмати воқеани қисқача изоҳлади: "Ушбу эпизод бўйича ички текширув бошланди".
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда журналистни қўллаб-қувватловчи кўплаб постлар пайдо бўлди. Баъзилар унинг ҳаракатини қаҳрамонлик деб атади. "Twitter"да унинг исми бирмунча вақт асосий трендга чиқди.
Сешанба куни, шунингдек, бошқа Россия телеканалларининг бир қанча таниқли журналистлари ўз ишларини тарк этгани маълум бўлди. Хусусан, Биринчи каналнинг Париждаги мухбири Жанна Агалакова ва НТВнинг Брюсселдаги мухбири Вадим Глускер, шунингдек, НТВ бошловчиси Лилия Гильдеева ишдан кетди.
Қидирув
Бу иши оқибати нима бўлишини Марина Овсянникова билгани аниқ. Бир кун ўтгач, суд уни 30 минг рубль жаримага тортгани маълум бўлди. Дастлаб адвокатлар ҳеч бўлмаганда уни топишга ҳаракат қилишди - улар қўнғироқ қилиб, турли полиция бўлимлари ва вақтинчалик ҳибсхоналарга боришди.
Овсянникованинг қаерга кетгани ҳақида ҳеч нарса маълум бўлмади, шунинг учун унинг эри, RТ директори Игорь Овсянниковга ёрдам сўраб мурожаат қилишди (Маргарита Симоняннинг айтишича, улар "узоқ вақтдан бери бирга яшамайди"). Фаол ва RТнинг собиқ ходими Мария Баронова Би-би-сига у билан суҳбати ҳақида шундай деди:
- Салом, Игорь?
- Эшитаман.
- Менинг исмим Мария Баронова. Биз ҳозир адвокатлар билан хотинингизни қидиряпмиз, ёрдамингиз керак.
- О, йўқ, хайр!
Ўша кечаси Овсянниковани топишга уринган адвокатлар Игорь Овсянников уни қидиришга ёрдам беришни қатъиян рад этганини тасдиқладилар. Би-би-си Рус хизмати Овсянников билан боғланишга ҳаракат қилди, у жавоб бериб, бу ўзи эканлигини тасдиқлади, бироқ суҳбат мавзусини эшитгач, беҳаё сўзлар билан сўкиниб, гўшакни қўйди.
Овсянниковани қидириб юрган адвокат Анастасия Костова соат 15:00 да Тергов қўмитасининг бош тергов бошқармасига борди. "Улар менга Овсянникова ҳақидаги материал олинганини, аммо ҳали рўйхатдан ўтмаганини айтишди - Овсянникова қаерда эканлигини билишмайди", деди Би-би-сига адвокат.
Бироз вақт ўтгач, Овсянникова Останкино туман судига олиб кетилгани ва адвокат Антон Гашинский судда уни ҳимоя қилаётгани маълум бўлди.
Гашинский аввал Беларусда намойишчиларни ҳимоя қилган ва 2021 йилнинг июлида у адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилингач, Россияда адвокатлик лицензиясини олган эди.
У норозилик намойишларида қатнашгани учун Минскда таъқибга учраган россиялик Софья Сапега ва Егор Дудниковни ҳимоя қилгани, шунингдек, Беларусдаги намойишларни судларда ёритган журналистлар манфаатларини ҳимоя қилгани билан танилган.
- "Время" кўрсатувида урушга қарши плакат кўтарган журналист тақдири нима бўлди?
- Ўзбекистон матбуотини русофобияда айблаган россиялик журналистга чора кўриш талаб қилинмоқда. Видео
- Зеленский - қизиқчидан чиққан жиддий президент
- 'Украинлар бизнинг озодлигимиз учун ҳам курашяпти' - ўзбекистонликлар нима демоқда?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Сурат манбаси, Alamy















