Эксклюзив: Худога ҳеч қачон ишонмаганман – Ўзбекистон атеистлари билан илк суҳбат, видео, din, yangilik

mosque

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда ўзгача диний қарашлар мавзуси доим ҳам очиқ муҳокама қилинмайди.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Мамлакатдаги ўзгача диний тафаккурга эга инсонларнинг аксар қисми дин ва илоҳиётга нисбатан муносабатини жамият босимига учрашдан чўчиб, яшириб яшаши айтилади.

Бироқ ўтган яқин вақт ичида вазият ўзгара бошлаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мамлакатда ижтимоий тармоқлар оммалашиши билан ўзини диндор ҳисобламайдиган инсонлар ҳам ўз сўзини айтиб чиқа бошлаган.

Бу жараён диний мутаассиблик кайфияти кучайиши фонида кечаётгани кузатилган.

Бироқ ўзгача диний қарашдаги инсонлар фаоллиги ижтимоий тармоқлардаги ёпиқ гуруҳлар билан чекланиб қолган, очиқ-ойдин чиқишлар кўзга ташланмаган.

Шундай бир вазиятда Би-би-си атеистлар - илоҳий кучлар мавжудлигига ишонмайдиган инсонлар билан илк бор суҳбат қурди.

Улардан Худо мавжудлигига ишонмаслиги сабаблари, Ўзбекистон жамиятида атеист бўлиш қандай экани ҳақида сўраб кўрди.

Алоқадор мавзулар:

"Атеизм дин эмас"

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида атеизм тушунчасига "Динни, диний таълимотни, худони, умуман илоҳий кучларга эътиқод қилишни инкор этиш; даҳрийлик", дея таъриф берилади.

Ёки содда қилиб айтганда, атеистлар худонинг борлигига ишонмайдилар.

axbor

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, 28 яшар Ахбор Ахроров болалигида қолдирмай намоз ўқиганини айтади.

"Атеизмни эркинлик, деб таърифлаган бўлар эдим. Яъни эскидан қолган догмалардан одам ўзини эркин ҳис қилиши", дейди Би-би-си билан суҳбатлашган Ахбор Ахроров.

Яна бир суҳбатдош - Пўлат Тожимуродов аксарият атеизмни дин ўлароқ нотўғри тасвирлаши ҳақида гапиради.

"Кўпчилик улар ич-ичидан Худонинг йўқлигига ишонади, бу ҳам бир дин, дейди. Аслида, бу, шунчаки, йўқ, мен бу нарсага ишонмайман, дегани".

35 яшар Маматқул Сатторов эса атеизмни мафкура, деб ҳам ҳисобламаслигини таъкидлайди.

"Мафкура бўлиши учун қандайдир ғояларни ўзида бирлаштириши керак. Атеистларни умумий бирлаштирувчи асосий нарса илоҳий кучларга ишонмаслик, холос".

"Диндан маъно тополмадим"

mamatqul

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Яқингача мусулмон эдим, аммо диндан мантиқ топа олмадим, сўзлайди Маматқул Сатторов.

Асрлар давомида атеистик қарашдаги инсонларнинг жамиятдан ажратиб қўйилиши, ҳатто, қатл этилиши одатий ҳол бўлиб келган.

Инсоният ҳуқуқ ва маданиятнинг юқори чўққисига эришган 21-асрда ҳам айрим мамлакатларда бундай инсонлар жамият ёки давлат, баъзида эса ҳар иккаласининг қаҳридан қўрққанча, ўзлигини яшириб яшашга мажбурлиги айтилади.

Таҳликали вазиятга тушиб қолиши эҳтимоли юқорилигига қарамай, нега Ўзбекистонда ҳам атеистлар ўз сўзини айтиб чиқа бошлади?

Аввало, уларни Худодан юз ўгиришга ундаган сабаблар нимада?

"Тахминан, 4-5 йилдан буён ўзимни ҳеч қайси динга ишонмайдиган шахс сифатида кўриб келаман", дейди дастурчи бўлиб ишлайдиган 28 яшар Ахбор.

"7 ёшимдан 12-13 ёшимгача намозларни қолдирмай ўқиганман. Ҳаётда рўй берган баъзи воқеалардан кейин динга шубҳа пайдо бўла бошлади.

Кўпроқ, дуч келганим ҳаётдаги ноҳақликлар сабаб бўлган бўлса керак, менимча. Динда тасвирланган комил инсон бўлишга ҳаракат қилсанг-да, лекин кутган натижаларингга эришавермасанг, Худо борми ўзи, деган савол туғилса керак ҳаммада", давом этади.

Физик олим бўлмиш 33 яшар Пўлат Тожимуродов эса болалигидан ўзида бирор динга нисбатан эътиқод шаклланмаганини билдиради.

pulat

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Пўлат Тожимуродов жамиятда кучаяётган тоқатсизлик кайфияти ўзини хавотирга солишини билдиради.

"Шароитни ҳам таъсири бўлса керак бунга. Балки болалигимдан аниқ фанларга қизиққаним сабаб бўлган бўлиши мумкин. Кейин қандай мазмундаги китоблар ўқишингизга ҳам боғлиқ".

Асли самарқандлик, пойтахтда тадбиркорлик қилувчи Маматқул Сатторов ўзидаги атеистик қарашлар бундан уч йилча аввал шакллана бошлагани ҳақида гапиради.

"Мусулмон жамиятда ўсганман, мусулмон ҳам бўлганман. Аммо, очиғи, диндан мантиқ топа олмаганман. Ҳамма дин ўзини ҳақ, деб ўйлайди. Масалан, Ислом ҳақ, дейдиган бўлсак, унда тўртта мазҳаб қаердан келиб қолди? Иккита имомнинг гапи бир-бирига тўғри келмайди. Ахир, ҳаммасининг манбаси биттаку?".

Хавотирли вазият

Би-би-си билан суҳбатлашган бу инсонлар Ўзбекистон атеист ўлароқ яшаш хавфсизлик учун у қадар хавфли эмаслигини айтадилар.

mosque

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Бир вақтнинг ўзида, атеистлар ҳам диндорларга беҳурмат муносабатда бўлишда танқид қилинади. 

Уларнинг сўзларига кўра, атеистик қарашдаги инсонларга босим ва таҳдидлар, асосан, виртуал кўринишда кечади.

"Агар кун бўйи ижтимоий тармоқлардан бош кўтармасангиз, Ўзбекистон кўчаларида атеистлар ва диндорлар ўртасида қонли жанглар кечиб ётибди, деган тасаввур ҳосил бўлиши мумкин", кулади Пўлат Тожимуродов.

"Тўғри, виртуал таҳдидлар кўп бўлади. Бошингни оламан, деб ҳам ёзишади, лекин ўйламайман, ўша инсонлар билан кўчада учрашиб қолсангиз, сизга бирор нима қилади", дейди Ахбор Ахроров.

Шунга қарамай, сўнгги вақтларда Ўзбекистон жамиятида ўзгача диний қарашларга нисбатан тоқатсизлик, мутаассиблик кайфияти сезиларли кучайгани айтилади.

Бир вақтнинг ўзида мамлакатда диний эркинлик билан боғлиқ вазият яхшиланар экан, кўплаб диний соҳа фаоллари ўз сўзларини айтиб чиқа бошлаган.

Аксар бундай чиқишларда ўзга дин вакиллари, ўзгача диний қарашдаги инсонларга нисбатан ёвқараш кайфияти яққол кўринади.

Бу ҳолат Ўзбекистон атеистларининг хавотирларига сабаб бўлмоқдами?

"Албатта. Баъзида ярим ҳазил аралаш беш-ўн йилдан кейин бошқа ерга кўчиб кетишга мажбур бўлиб қоламиз, деб айтиб тураман", сўзлайди Тожимуродов.

Маматқул Сатторов эса жамиятдаги мутаассиблик кайфияти бир неча йил ичида пайдо бўлмаганини ишонч билан таъкидлайди.

"Радикаллар аввалдан бўлган. Фақат улар ҳукуматдан қўрқиб яшаган. Диний эркинлик яхшилангандан кейин улар чиқа бошлади", дейди у.

Айни вақтда, атеистлар ҳам турли диний эътиқод вакиллари эркинлигига дахл қилиш, улар учун муқаддас саналган тушунчаларга нисбатан беҳурмат муносабатда бўлишда танқид қилинади.

Ўзи атеистлар дин эркинлиги тарафдорими?

"Бу ерда диний эркинлик чегарасини аниқлаб олиш лозим. Шахс ўз эътиқодини бошқасига тиқиштирмаслиги, унинг эркинлиги ўзганинг эркинлигига дахл қилмаслиги керак.

Ҳозирча, бу чегара белгиланмаган", дейди Сатторов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek