Ўзбекистон: Давлатнинг бир сўмига хиёнат қилмаган Ортиқхўжаев ва маърузачи домлалар яна огоҳлантирилдими? – Янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/Social media
- Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимликдан чарчаганини айтди;
- Президент озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳокимларга топшириқ берди;
- Диний қўмита маърузачи домлаларга огоҳлантириш билан чиқди;
- Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича музокара ўтказилди;
"Бир сўмга ҳам хиёнат қилмаганман"
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимлик фаолияти давомида давлатнинг бир сўмига ҳам хиёнат қилмагани, балки ўзига алоқадор компаниялар қайтанга шаҳарга ҳомийлик қилиб келаётгани ҳақида гапирган.
Пойтахт ҳокими бу гапларни шаҳардаги Навоий шоҳкўчасида бошлаб юборилган реконструкция ишлари бўйича маҳаллий матбуотда юз кўрган хабарлар ортидан тилга олган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Гулноранинг пуллари кимга қайтарилади ва андижонлик депутатлар узрбозлик тадбирини оқлаб чиқдими? – Янгиликлар
- Ўзбекистон: Мусулмонлар идораси маърузачи домлаларни танқид қилди ва қанча ўзбекистонлик террорчилар сафига қўшилган?
- 'Бизга таъсир қилмайди' ёки буёғи сиёсий ўйинларми - ўзбекистонликлар Россия-Украина инқирози ҳақида нима дейишмоқда? Видео
- Ўзбекистон: Тарихий қарор олган ҳоким ва UzAuto машиналари учун олдиндан тўлов пасайтириладими? – Янгиликлар
Ҳафта бошида Навоий шоҳкўчаси буткул реконструкция қилинишига оид хабарлар тарқаган.
Шаҳар ҳокимлигининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган реконструкция лойиҳаси кескин эътирозларга сабаб бўлган.
Маҳаллий нашрлар капитал таъмирлаш ортидан шоҳкўча пиёдалар учун ноқулай бўлиб қолиши ҳамда реконструкция ишлари Ортиқхўжаевга алоқадор компания томонидан олиб борилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган.
Тошкент шаҳар ҳокими ушбу эътирозлар ортидан 16 февраль куни журналистлар билан учрашган.
Учрашувда у уч ярим йиллик ҳокимлиги мобайнида "бир сўм ҳам давлатга хиёнат қилмагани", кўп жойларга аввалги ишлаган компанияси ёрдам бергани, ҳомийлик қилиб келганини таъкидлаган.
"Мен чарчадим. Олдимдан қўшган бўлсам қўшдим, лекин бир сўмига хиёнат қилмадим. Шаҳар ҳокими бўлишимдан аввал 35 та машинам бор эди. Жудаям машиналарни яхши кўраман. Ҳозир эса олтита қолди. Яқинда яна битта машинамни аукционга қўяман, унинг пулига эса юрагида нуқсони бор болаларни операция қилдирамиз", деган у.
"Бирор раҳбарда аниқ тасаввур йўқ"

Сурат манбаси, President.uz
Президент Шавкат Мирзиёев бирор ҳудуд раҳбарида вилоят ёки туманда гўшт, сут ва тухумга талаб қанча, бу талабни қондириш учун қандай ишлар қилиш керак, деган саволлар юзасидан аниқ тасаввур йўқлигини танқид қилган.
16 февраль куни озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича видеоселектор ўтказган президент пандемия давом этаётгани, иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби омиллар дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига сабаб бўлаётганини айтган.
Йиғилишда мамлакат аҳолисининг кундалик истеъмол харажатларининг 30 фоизини гўшт, сут ва тухум каби маҳсулотлар ташкил этиши тилга олинган.
Мирзиёев ҳудудий раҳбарлар олдига кооперация орқали чорвани кўпайтириш вазифасини қўйган.
Шунингдек, президент аҳолини гўшт билан таъминлаш бўйича ўзгариш қилмаган туман ҳокимларини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш бўйича топшириқ берган.
"Бугунги йиғилишни ўзим ҳар бир вилоят ва туман кўрсаткичларини чуқур таҳлил қилиб ўтказаётганимнинг яна бир муҳим сабаби - 2022 йилда чорвачиликда камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1,2 миллион, жами 1 миллион 650 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича барча имконият ва захира мавжуд", деган давлат раҳбари.
"Диний мавзуда холис бўлинг"

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Дин ишлари бўйича қўмита ижтимоий тармоқларда мутаассиблик кучаяётгани, айрим имом-домлалар фаолиятида дин соҳасидаги ягона давлат сиёсатини нотўғри тушуниш ва баҳолаш кузатилаётгани юзасидан баёнот билан чиққан.
Қўмита айрим диний соҳа вакилларида янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, воқеликни бўрттириб кўрсатиш, инсонлар фикрида нохолис муносабатни шакллантиришга бўлган уринишлар кўзга ташланаётганини таъкидлаган.
Баёнотда мамлакат жамияти дунёвий, ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли экани, қонунчиликда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилгани тилга олинган.
"…турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз хатти-ҳаракат, гап-сўз ва саъй-ҳаракат - турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ҳамда дискриминация ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин", дейилади қўмита баёнотида.
Қўмита фуқароларни ижтимоий тармоқларда диний масала ҳамда давлатнинг дин соҳасидаги позициясига муносабат билдирганда холис бўлишга чақирган.
ЖСТга қўшилиш

Сурат манбаси, Mift.uz
15 февраль куни Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан музокаралар ўтказган.
Томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилганлар.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг бўлажак 5-йиғилишига тайёргарлик кўриш музокараларнинг асосий мавзуси бўлган.
Ўзбекистон томонидан ЖСТ Котибиятига мазкур йиғилишни ўтказиш учун тақдим қилинган янги ҳужжатлар устида ишлаш жараёни, шунингдек, мазмунга доир ва ташкилий характердаги бошқа масалалар кўриб чиқилган.
Вазирликнинг хабар қилишича, ЖСТ раҳбарияти ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва юзага келаётган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш учун икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга содиқлигини билдирган.
"Ўзбекистон томони мамлакатимизда ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига устувор аҳамият берилаётганини таъкидлади. Хусусан, ушбу масала янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт Стратегиясида белгиланган асосий вазифалар қаторига киргани маълум қилинди", дейилади вазирлик хабарида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















