Ўзбекистон: Тарихий қарор олган ҳоким ва UzAuto машиналари учун олдиндан тўлов пасайтириладими? – Янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, UzAuto Motors
85 фоизлик олдиндан тўловни пасайтириш бўйича таклиф тайёрланмоқда - Кушербаев. Ўзбекистонда илк бор ҳоким маҳаллий кенгаш раислигидан кетди. Эски автомобиль газ баллонларидан фойдаланиш учрамоқда - ФВВ. Жиззахда тадбиркор бошқа тадбиркорни отиб қўйди. Яна бир ҳоким ўринбосари йирик пора билан ушланди - bbcuzbek.com дайжести.
Алоқадор мавзулар:
- Дайжест: Ўзбекистонликлар илғор, Россия қандай мигрантларни қўлламоқчи ва Украина "қиёмат тахминлари"ни босиб чиқди
- Ўғлимни Ўзбекистонда уйлантираман – афғонистонлик муҳожирлар қисмати, видео
- Ўзбекистон: Даромад солиғини кимлар кўп тўлаяптию кимлар кам? - Видео
- Ўзбекистон: 'Ёрқин келажак'ни мадҳ этмайдиган суратлар муаллифи ким? Видео
"Олдиндан тўлов пасайтирилсин"
Депутат Расул Кушербаев UzAuto Motors автомобилларини етказиб беришдаги 85 фоизлик олдиндан тўлов миқдорини пасайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётгани ҳақида ёзган.
У мазкур таклифларни ҳукуматга киритиш ҳам режалаштирилаётганини билдирган.
Gazeta.uz билан суҳбатлашган Кушербаев ҳали етказиб берилмаган автомобиллар учун энг кўп олдиндан тўлов миқдори 50 фоиздан ошмаслик керак, деб ҳисоблаши ҳақида гапирган.
"Ҳали берилмаган, ҳали кўрсатилмаган хизмат, ҳали харид қилинмаган товар учун олдиндан тўлов қилиниши, юридик шахс бўлмаган ва жисмоний шахсларга нисбатан бунақа талаб қўйилишнинг ўзи замонавий дунёда — бу жудаям мантиқсиз ва афсусланадиган ҳолат", дея депутатдан иқтибос келтирган нашр.
Бир вақтнинг ўзида мамлакатга автомобиль импорт қилишдаги ўта юқори божхона божи масаласи яна кун тартибига чиқа бошлаган.
Бундай танқидларга жавобан "Ўзавтосаноат" бошқарув раиси ўринбосари Азизбек Шукуров бож тўлови юқори, деган қарашга қўшилиши ва бож миқдорини қайта кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида ёзган.
Ҳокимдан тарихий қарор

Сурат манбаси, Boyovut tumani hokimligi
Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова мамлакатда маҳаллий кенгаш раислигини тарк этган илк ҳокимга айланган.
8 февраль куни Уралова маҳаллий кенгашга раҳбарлик қилмаслигини билдириб, раис депутатлар орасидан сайланишини маълум қилган.
ЎзА билан суҳбатлашган Уралова аслида маҳаллий кенгаш депутатларига ҳисобот бериши лозим ҳокимларнинг кенгашга раислик қилишини нотўғри, деб ҳисоблашини айтган.
Ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларни ҳам бошқариши холислик тамойилига зид келиши юзасидан баҳслар йиллардан буён давом этиб келади.
Ўзининг иккинчи муддат президентлигига киришар экан, Шавкат Мирзиёев ҳам бу масалага тўхталиб, ижро органи раҳбарининг кенгаш раиси бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаган эди.
Хавфли газ баллонлар

Сурат манбаси, Youtube/Surxon media
Ўзбекистонликларнинг автомобиллардан ечиб олинган яроқсиз газ баллонларидан фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
ФВВ қиш мавсумидаги фавқулодда вазиятлар борасида ахборот берган.
Маълум қилинишича, 2021 йилда содир бўлган 10 мингдан зиёд ёнғинларнинг 83 таси газ баллонларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларининг бузилиши натижасида юзага келган.
Оқибатда, 5 нафар фуқаро вафот этиб, 22 инсон тан жароҳати олган.
"Энг ачинарлиси, транспорт воситаларидан ечиб олинган фойдаланишга яроқсиз бўлган газ баллонларидан турар жойлар ҳамда маиший ва савдо объектларида фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда", билдирган вазирлик.
Ўққа учган тадбиркор

Сурат манбаси, Kun.uz
Жиззахда тадбиркор ер талашиш ортидан хусусий корхона раҳбарини отиб ўлдирган.
ИИВ воқеа 3 февраль куни Арнасой туманида юз берганини маълум қилган.
Вазирлик берган маълумотда 62 ёшда бўлган марҳум хусусий корхона раҳбари туман судининг қарори бўйича 54 яшар арнасойлик тадбиркорнинг ерини олиш учун МИБ ходимлари билан бирга боргани айтилади.
Ер талашиш оқибатида икки ўртада жанжал кўтарилади.
"Арнасойлик тадбиркор ўзига тегишли ов милтиғи билан ерни олиш учун келган корхона раҳбарининг ўнг кўкрак қисмига бир марта отиб, тан жароҳати етказган", дейилади вазирлик ахборотида.
ИИВ жабрланувчи касалхонага олиб кетилаётган вақтда вафот этганини билдирган.
Қўлга тушаётган ўринбосарлар

Сурат манбаси, Screenshot/DXX
Чиноз тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари $40 минг пора олаётган вақт қўлга олинган.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилган.
Ҳоким ўринбосари 35 гектар ер майдонини расмийлаштириб бериш учун жами $90 минг сўраган ва келишилган пулнинг бир қисмини олаётган пайт ушланган.
Бу февраль ойининг ўзида ҳоким ўринбосарларининг йирик миқдордаги пора билан қўлга олинишидаги иккинчи ҳолатдир.
Бундан аввал Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ўринбосари фуқарога 1,000 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 50 минг доллар олган вақтида ушланган эди.
Мазкур хабарларга муносабат билдирган тармоқ фойдаланувчилари нега бу каби ҳолатларда ҳокимлар эмас, балки ваколат доираси раҳбарига боғлиқ бўлган ўринбосарларгина айбдор бўлиб чиқишини савол остига олганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













