Ўғлимни Ўзбекистонда уйлантираман – афғонистонлик муҳожирлар қисмати, video, O'zbekiston, Afg'oniston

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Толибоннинг ҳокимиятга келиши афғонистонлик бу инсонларни бир кечада ватанига қайтиб бора олмайдиган муҳожирларга айлантирган.
Уларнинг ҳар бири муҳожирликнинг аччиқ қисматини тотиб яшашга маҳкум бўлган.
Бироқ она юртдан айрилиш ортидан улар асл ватанларига бош уриб келганларини айтадилар.
Ушбу ватанда яшаб қолиш бу инсонлар учун қанчайин имконли?
"Фақат кийимимиз билан келдик"

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Толибон Кобулга кириб келган бир вақтда ҳаракатланаётган учоққа осилиб бўлса-да, Афғонистонни тарк этишга шошилаётган инсонлар тасвири бутун дунёни ларзага солди.
Бир кечада афғонистонлик минглаб инсонлар ўз юртидан бош олиб кетди.
Уларнинг бир қисми Ўзбекистондан ҳам қўним топган.
Биз уларнинг баъзилари билан учрашмоқ мақсадида Сурхондарё томон йўлга тушдик.
Қундуз вилоятида туғилган 35 яшар Назир Аҳмад Қўнғирот толиблар келган кеча турли йўллар билан Ўзбекистонга ўтиб келган.
Унинг илк манзили Ангор тумани бўлган.
Ўзбекистонга ҳеч вақосиз келган Назир Аҳмад бир неча ой маҳаллий аҳоли ёрдами билан яшаганидан сўнг айрим сабабларга кўра Деновда бошпана топган.
Бобоси бундан юз йилча аввал Афғонистонга кўчиб кетган Назир Аҳмадга узоқ қариндошларидан бири уйидан жой берган.
"20 йил турли давлат ташкилотларида ишладим, мулозим эдим", ҳикоя қилади бир фарзанднинг отаси.
У Қундуз вилоятидаги Алишер Навоий жамғармасини бошқарган.
"Толибон келгунча бир неча ҳафта туманлардан бирига ҳоким ҳам бўлдим. Давлат мулозими бўлганим учун толиблар мени тутиб ўлдириши аниқ эди. Жонимиз хатарда бўлганидан келдик-да бу ерга", давом этади у.
Назир Аҳмад ўғли Муҳаммадни Деновда мактабга берган.
"Афғонистонда бешинчи синфда ўқир эди. Ҳарфларни танисин, деб бу ерда қайта биринчи синфга чиқди".
Назир Аҳмад ҳақиқий ҳаловатни Ўзбекистонда топганини таъкидлайди.
"Онадан туғилганимиздан бери бошимиз урушдан чиқмайди. Ўзбекистон киндик қонимиз тўкилган асл ватанимиз. Бобом 97 йил аввал Сурхондарёдан бориб қолган. Сурхондарё, Тошкан, деб ўлиб кетди.
Қанийди, имкон бўлса, шу ерда яшаб қолсак. Ўғлимни шу ерда уйлантираман", қўшимча қилади у.
"Орзуим - шаҳар қуриш"

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ярим йилдан буён Термизда яшаб келаётган Абдул Сабур Моҳеби Толибондан қочган пайти энди оила қурганини айтади.
У ҳам Ўзбекистонга ҳеч нарсасиз кириб келган.
Мозори Шарифдан бўлган Абдул Сабур вилоятдаги ёшлар ҳаракати етакчиси бўлган.
"Аёлим билан бир квартирани ижарага олганмиз. Ҳозирча, тайинли иш йўқ. Шундай бўлса-да, шукур, кунимиз ўтиб турибди.
Ўзбекистонда ўзимизни бегона ҳис қилмаймиз. Бу ер ҳам ўз ватанимиз. Аммо аёлим ҳар куни мендан яширинча йиғлаб олишини ҳис қиламан. Ҳали ёшда, яқинлари у ёқда қолиб кетди", дейди йигит.
Абдул Сабур ҳам Афғонистонда ўзбек миллати намояндаси бўлганидан энди юртига қайтиб бора олмаслиги, Ўзбекистонда қолиш истагида эканини қўшимча қилади.
"Муҳандисликка ўқиганман. Бир имкон беришса, шу ерда касбимни ишга солиб, шаҳарлар чирой очишига ҳиссамни қўшсам".
Виза муаммоси

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Назир Аҳмад ва Абдул Сабур Ўзбекистонга келиб, ҳаловат топганларини таъкидласалар-да, ўзларини келажакда нималар кутаётганини билмай қийналишларини айтадилар.
Ҳозирча, бу инсонлар сурхондарёликлар ёрдами билан яшаб келмоқда.
"Бу икки кунли дунёда яхшилик ҳам қилиш керак-ку", сўзлайди Назир Аҳмадга ўз уйидан жой берган деновлик Абдусамад Ҳусанов.
Бироқ ишсизлик, молиявий муаммолардан холи, аммо бошқа қийин вазиятда қолган афғонистонлик қочқинлар ҳам бор.
Кобулда туғилиб ўсган Муҳаррам Али Дилижам бундан уч йил аввал Ўзбекистонга 800 минг доллар сармоя киритиб, 30 гектар ерда боғ барпо этгани ҳақида гапиради.
Лекин унинг аёли, фарзандлари, бизнесдаги шериклари ҳамда ёрдамчилари толиблар ҳокимиятни босиб олишидан бирозгина аввал Афғонистонга бориб, кутилмаганда юз берган воқеалар туфайли у ерда қолиб кетгани ҳақида сўзлайди.
"Шундан сўнг Ўзбекистон Афғонистон фуқароларига виза бермай қўйганидан уларни ёнимга олиб келолмаяпман. Агар оилангиз ёнингизда бўлмаса, хотирингиз жам бўлмайди, ишингиздан барокат қочади.
Бизни иқтисодий қийинчиликларга юз тутиш эҳтимоли эмас, оиламиз, яқинларимиз тақдири нима бўлиши мавҳум қолаётгани қийнаяпти", дейди Муҳаррам Али.
Толибонни миллатчиликда айблаган тадбиркор Афғонистонга қайтиб бориш ўзи учун хатарли экани, ягона нияти оиласини ўз ёнига олиб келиш эканини билдиради.
"Ўзбекистон тинч бўлгани учун ҳам бу ерга сармоя олиб келган эдик. Биз бизнес одамимиз. Ўзбекистонга пул киритдик. Бу ерда бир даромад кўрсак, бундан Ўзбекистон, аҳоли икки ҳисса фойда кўради
Боғдорчилик мавсуми ҳам яқинлашяпти. Лекин мен бу ерда ёрдамчиларсиз бир ўзим қолиб кетдим. Агар оиламиз, ишимизни яхши билган ёрдамчиларимиз, шерикларимиз кела олмаса, бизнесни сотиб, бошқа ерга кетишдан ўзга чорамиз қолмайди", давом этади у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














