Толибон Ўзбекистонга: самолёт ва вертолётларимизни қайтаринг! Afg'oniston Tolibon O'zbekiston, янгиликлар

Термиз аэропорти

Сурат манбаси, .

Муваққат Афғон ҳукумати раҳбари ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд олдинги ҳукумат қулаган вақтида Афғон учувчилари мамлакатни тарк этган самолёт ва вертолётларни қайтаришни Ўзбекистондан сўраган.

Бу ҳақда Afghanistan.ru веб-сайти хабар қилди.

Хабарда айтилишича, жаноб Бародар бу масалани Кобулдаги 30 ноябрь кунидаги учрашувда кўтарган.

Шу куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Толибон раҳбарияти Президент Шавкат Мирзиёевга "синовли дамларда афғон халқини фаол қўллаб-қувватлаётгани, мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига кўрсатаётган ёрдами, янги ҳукумат томонидан афғон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган қаратилган саъй-ҳаракатлари учун" самимий миннатдорлик билдирганини хабар қилганди.

Кобулдаги мулоқотда Ўзбекистон томонидан электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш каби масалалар муҳокама этилгани хабар қилинди.

Хорижий оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, жаноб Бародарнинг Ўзбекистондан самолёт ва вертолётларини қайтариш ҳақидаги сўрови Ўзбекистон матбуотининг эътиборидан четда қолган.

Сентябрь ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғон учувчилари ва уларнинг оилалари аъзоларига Ўзбекистон вақтинча бошпана берганини ва барча Афғон ҳарбийлари мамлакатни тарк этганини тан олганди.

ТИВга кўра, Ўзбекистон давлат чегарасини Афғонистон ноқонуний кесиб ўтганлар қўлга олинганлар, сентябрь ойининг ўртасида улар Ўзбекистонни тарк этганлар.

Август ойида Ўзбекистон Бош Прокуратураси ўзининг Телеграм каналида 14- ва 15-август кунлари 22 Афғон ҳарбий самолёти ва 24 вертолёти Ўзбекистонга ўтгани ҳақидаги хабарни эълон қилган ва кейинроқ ўчириб ташлаган эди.

Рейтер ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг Афғонистонга чегарадош Термиз шаҳри яқинидаги чодир шаҳарчада ушлаб турилган Афғон ҳарбийлари, Ўзбекистон расмийлари, АҚШдаги сиёсатчилар ва Толибон билан суҳбатлашиб, ушбу мавзуда батафсил мақола эълон қилган.

Рейтер мақоласини инглиз, рус ва ўзбек тилларида қатор нашрлар қайта чоп этдилар.

Ўзбекистондаги Газета.уз чодир шаҳарчада 100 киши, Термиз яқинидаги Ковид марказига 650 афғонистонлик жойлаштирилгани ҳақида хабар қилган.

Рейтер агентлиги сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларни ҳам эълон қилган.

Бундан олдин Би-би-си ҳам Ўзбекистон ҳудудида кўринган Афғон ҳукумат кучларига тегишли ҳарбий техника фотосуратларини эълон қилган эди.

Толибоннинг юқори мартабали етакчиси Кобул қулаганидан кейин берган интервьюсида ўз кучлари дронлар ва вертолётларни қўлга киритгани, лекин Ўзбекистонга олиб ўтилган самолётлар қайтарилишини исташини айтган.

"Иншооллоҳ, қолган самолётларимизни оламиз, улар Афғонистонда эмас", деган у.

АҚШда нашр этиладиган The Wall Street Journal хабар қилишича, Афғон ҳарбий учувчилари ва уларнинг оила аъзоларидан иборат жами 585 кишининг Ўзбекистондан Америка ҳарбий базасига кўчирилишига Ўзбекистон рухсат берган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek