Ўзбекистонда “омикрон чекловлари” жорий этилди, Афғонистондан “заррача таҳдид келмайди” ва Ҳаж масаласи тез орада ҳал бўладими? – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Ўзбекистонлик зиёратчилар

Сурат манбаси, O'zbekiston Musulmonlari idorasi

  • Ўзбекистонликлар тез орада Ҳаж ва Умра сафарларига боришидан умид билдирилди;
  • Ҳукумат "Омикрон" штамми билан боғлиқ чекловларни жорий этди;
  • Толибон Афғонистон ҳудудидан таҳдид келмаслигига ваъда берди;
  • Валюта олди-сотдиси учун жазо юмшатилди;
  • Ҳайдовчиларга айрим енгилликлар берилди.

Ҳажсиз ўтган икки йил

Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва Умра сафарлари масаласини ҳал этиш мақсадида Саудия Арабистонига жўнаб кетган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, 1 декабрь куни жўнаб кетган делегацияга идора раиси, Муфтий Нуриддин Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилик қилмоқда.

"Маълумки, ўтган икки йил давомида пандемия туфайли бутун дунё мўмин-мусулмонлари Ҳаж ва Умра амалларини адо этиш бахтидан бебаҳра бўлдилар", дейилади расмий хабарда.

Мусулмонлар идораси айни дамда Саудия Арабистони ва Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётганини билдириб, тез орада мамлакат мусулмонлари "яна эмин-эркин умра ибодатларини адо этиш саодатига эришишлари"ни маълум қилган.

Алоқадор мавзулар:

"Омикрон чекловлари" жорий этилди

Тошкент аэропортида коронавирусига қарши кураш

Сурат манбаси, SSV

Ўзбекистон янги "Омикрон" штамми билан боғлиқ чекловларни жорий эта бошлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемиологик вазият мураккаб бўлган бир қатор давлатлар билан авиақатновлар тўхтатилаётганини хабар қилган.

Хусусан, 3 декабрдан 2022 йил 10 январга қадар Жанубий Африка, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонгконг билан халқаро авиақатновлар тўхтатилган.

"Мазкур давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилмайди", маълум қилган ССВ.

Вазирлик, шунингдек, Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср ҳудудидан Ўзбекистонга кириб келган йўловчилар ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилишини қўшимча қилган.

Бир вақтнинг ўзида, республика махсус комиссияси фуқароларга Янги йилни имкон қадар оила даврасида ўтказишни тавсия этган.

"Афғонистондан заррача таҳдид келмайди"

Ўзбекистон ва Толибон ҳайъати учрашуви

Сурат манбаси, O'zbekiston Tashqi Ishlar vazirligi

Толибон Ўзбекистонга Афғонистон ҳудудидан ҳеч қачон "заррача таҳдид келмаслиги"га яна бир бор ишонтирган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев 30 ноябрь куни Кобулда мамлакат муваққат ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказган.

Ўзбекистон ТИВнинг хабар қилишича, айни вақтда Афғонистонни назорат қилиб турган Толибон вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевга "синовли дамларда афғон халқини фаол қўллаб-қувватлаётгани, мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига кўрсатаётган ёрдами, янги ҳукумат томонидан афғон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган қаратилган саъй-ҳаракатлари учун" самимий миннатдорлик билдирган.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон томонидан электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш каби масалалар эътироф этилган.

"Афғонистон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон - Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлади", маълум қилган Ўзбекистон ТИВ.

Шунингдек, Афғонистон вакиллари Ўзбекистон томонини Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига, умуман, бутун дунёга "заррача таҳдид ҳам ҳеч қачон ушбу давлат ҳудудидан келмаслиги"га ишонтирган.

Бундан ташқари ТИВ томонидан "Афғонистоннинг янги ҳукумати" дея тилга олинган Толибон вакиллари мамлакатдаги Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Абу Райҳон Беруний, Бобораҳим Машраб қабрларини ободонлаштиришга тайёрлигини билдирган.

"Мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади", билдирган Ўзбекистон ТИВ.

Енгиллаштирилган валюта жазоси

АҚШ доллари

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Ўзбекистонда хорижий валютани ноқонуний сотиб олиш ва сотиш учун белгиланган жазо юмшатилган.

30 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга тегишли ўзгартириш бўйича қонунни имзолаган.

Янги ўзгаришларга кўра, эндиликда, валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш валюта бойликлари мусодара қилинган ҳолда 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.

Маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Аввалги таҳрирда мазкур нуқталар, мос равишда, тўла "15 суткага" ва "базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида" кўринишида эди.

Ўзгаришлар 1 декабрдан бошлаб амал қилади.

Наушникка рухсат

Тошкент кўчасидаги автомобиллар

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилган ўзгаришлар билан автомашина рулида наушник (қулоқчин) орқали телефондан фойдаланишга ҳам рухсат берилган.

Шунингдек, ҳайдовчилар, эндиликда, қўлларини ишлатмасдан гаплашиш имконини берувчи ускуналар орқали телефондан фойдаланишлари мумкин.

Шу билан бирга, транспорт салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатганлик учун жавобгарлик бекор қилинган.

Бундан ташқари, ҳайдовчилар белгиланган тезликни ошириб юборганида қайд этилган тезликдан 5 километр чегириб ташлаб жазо қўлланилади.

Киритилаётган ўзгаришлар билан ҳайдовчидан ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатлар, ишончнома, суғуртани ёнида олиб юриши талаб этилмаслиги ҳам белгилаб қўйилган. Мазкур тартиб келаси йил 1 мартдан кучга киради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek