Қирғизистонда парламент сайлови бўлиб ўтди. Мухолифат норози, халқ нима кутмоқда? Qirg‘iziston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Shohruh Soipov
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Қирғизистондаги парламент сайлови натижаларидан норози бўлган партиялар "овозлар ўғирланган", "бу ҳукуматнинг аввалдан тайёрлаган амалиёти" демоқдалар.
Кеча, 28 ноябрь куни Қирғизистонда парламент депутатларининг сайлови бўлиб ўтганди.
Унда овоз бериш ҳуқуқига эга Қирғизистон фуқароларнинг 34,43 фоизи қатнашган.
Бу галги овоз бериш аралаш тизимда ўтказилди.
Сайловчилар бир мандатли сайлов округларидан номзодлар ва партияларни рўйхатдан танладилар. Бундан ташқари, партия ичидан ҳам бир номзод сайланди.
Жўғўрқу Кенгашнинг 7 чақириғи 90 депутатдан иборат бўлиб, улардан 54 нафари партия рўйхати, 36 нафари эса бир мандатли сайлов округларидан келади.
Натижалар...

Сурат манбаси, Shohruh Soipov
Сайловда 21 партиядан 1004 нафар номзод депутатлик учун курашган.
Шунингдек, бир мандатли сайлов округидан 282 номзод депутатликка даъвогарлик қилган.
Қирғизистон Марказий Сайлов комиссиясига кўра, олти партия 5 фоизлик бўсағадан ўтган.
Бир мандатли сайлов округидан эса пойтахт Бишкек ва вилоятлардан 36 номзод ғалабага эришган.

Сурат манбаси, Shohruh Soipov
Айни пайтда 2% дан ошиқрой сайловчи "ҳаммага қарши" овоз берган.
Бу натижалар якуний ҳисобланмайди.
Вилоят ва хориждаги сайлов участкаларидаги бюлеттенлар пойтахт Бишкекка олиб келиниб, қўл билан саналгандан кейингина натижа расман эълон қилинади.
Мухолифат норози
Сайлов натижаларига кўра, 5 фоизлик бўсағага етолмаган мухолиф партиялар норозилик билдиришмоқда.
"Ата Мекен", "Азаттиқ", "Улуттар Биримдиги", "Реформа" ва Социал-демократлар" дохил беш партия сайлов натижаларини тан олмаслигини маълум қилиб, янги сайловлар ўтказиш ва Вазирлар Маҳкамаси истеъфосини талаб қилмоқда.

Сурат манбаси, Shohruh Soipov
28 ноябрь куни бўлиб ўтган овоз беришдан сўнг Марказий Сайлов комиссияси сайтида автоматлаштирилган сайлов қутилари маълумотлари янгиланаётганда бироз танаффус бўлиб, сайт ишламай қолган ва шундан сўнг партияларнинг овозлари кескин пасайиб кетган.
Хусусан, "Ата Мекен" партиясининг 71 минг овози 41 мингга, "Бутун Қирғизистон" партиясининг 119 минг овози 79 мингга озайган.
Марказий Сайлов комиссияси буни техник носозлик деб атаган.
Сайлов натижаларидан норози бўлган партиялар "овозлар ўғирланган", "бу ҳукуматнинг аввалдан тайёрлаган амалиёти" демоқдалар.
Бош вазир ўринбосари Эдил Байсаловнинг сўзларига кўра, "Сайлов" автоматлаштирилган тизимида ҳеч қандай носозликлар кузатилмаган, фақат электрон жадвал дастурида хатолик юз берган.

Сурат манбаси, Shohruh Soipov
Президент Садир Жапаров норози партия раҳбарларини вазминликка чақириб, барча овозларни қўлда санаш кераклигини айтган.
Якуний натижалар барча сайлов участкаларида овозлар қўлда саналганидан кейингина эълон қилиниши кутилмоқда.
Бу ишга партия ва мустақил кузатувчилар жалб этилган.
Бироқ "Ата-Мекен" партия етакчиси Ўмурбек Текебаев барча сайлов участкаларидаги овозларни санаш жараёнларига қатнашиш имкони йўқлигини айтган, айрим сайлов участкаларида овозлар очиқ саналмаяпти, деган хавотирларни таъкидлаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















