АҚШ Жапаровни табриклади, тан олди, Қирғизистонни огоҳлантирди - Қирғизистон ва президент сайлови, video, Qirg‘iziston, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Sadir Japarov

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Шоҳруҳ Соипов,
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
  • Ўқилиш вақти: 11 дақ

АҚШ Жапаровни табриклади, тан олди, Қирғизистонни огоҳлантирди - Ашраф Ғани, Тоқаев, Путин ва Мирзиёев ортидан, Бишкекдаги АҚШ элчихонаси ҳам баёнот билан чиқди. Қирғизистон ўз вақтида Ўзбекистон билан бирга АҚШ ҳарбий базасига жой берган иккита минтақа давлатидан биттаси бўлган.

"Америка Қўшма Штатлари Садир Жапаровни Қирғизистоннинг янги сайланган президенти деб тан олиши"ни расман билдирди.

11 январь кунги баёнот тафсилотларидан маълум бўлишича, АҚШ Садир Жапаров билан "демократик институтларни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиёт, биргаликда Ковид-19 пандемияси, коррупция ва халқаро уюшган жиноятчиликка қарши курашиш орқали Қирғизистон билан ўзаро ҳамкорлик ва шерикликни янада чуқурлаштириш ниятида".

Садир Жапаров ҳали Қирғизистоннинг Бош вазири-муваққат президенти экан, Жо Байденни АҚШ президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаган илк Марказий Осиё лидери бўлганди.

Жо Байденнинг қудратга келиши Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қирғизистонда ҳам инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг яхшиланиши, демократиянинг ривожланишида муҳим роль ўйнаши айтилмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Қирғизистон мустақиллигини тан олган илк давлат бўлиб, унинг ривожланиши учун турли жабҳаларда кўмак кўрсатиб келади.

"Террорга қарши" иттифоқчи

Manas

2001 йилда Нью-Йоркда содир этилган терактдан сўнг, Америка Афғонистонда терроризмга қарши уруш бошлар экан, Бишкек яқинида "Манас" ҳарбий базаси очилган.

Қирғизистон ҳам ўшанда АҚШ нинг "террорга қарши уруши"да минтақадаги энг яқин иттифоқчиларидан бирига айланган.

Ўзбекистон билан бирга ўз ҳудудида АҚШ ҳарбий базасини жойлаштиришга изн берган иккита Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлган.

"Манас" Афғонистондаги Америка ва НАТО кучлари учун ўта муҳим таъминот маркази саналган.

АҚШ Садир Жапаровни қудратга олиб келган Қирғизистондаги сўнгги "Халқ инқилоби"ни ҳам назардан қочирмаган, юзага келган вазиятдан жиддий хавотир билдирган етакчи Ғарб давлатларидан бири сифатида ўртага чиққан.

Аммо бу икки давлат ўртасидаги алоқалар ҳам яқин-яқингача силлиқ кечмаган.

2014 йилнинг июнида президент Алмазбек Атамбаевнинг ташаббуси билан "Манас"даги Америка ҳарбий базаси ўз фаолиятини тўхтатган.

Орадан бир йил ўтиб, 2015 йилнинг июлида АҚШ Давлат департаменти Қирғизистонда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаровни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун мукофотлаган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Асқаровнинг мукофотланишини кескин қоралаб, мукофот нотўғри вақтда ва нотўғри шахсга топширилганини урғулаган ва икки ойдан сўнг 1993 йилнинг 19 майида имзоланган Бишкек ва Вашингтон ўртасидаги шартномани бир томонлама бекор қилган. Шундан сўнг АҚШ Қирғизистонга ёрдамини тўхтатган.

Ўтган беш йил давомида икки давлат орасидаги ёрдам шартномаларини қайта тиклаш ташаббуслари олға сурилган, бироқ амалга ошмаган.

Қирғизистон парламенти спикери, президент вазифасини бажарувчи Талант Мамитовнинг ўтган йил декабрь ойида Москвага ташрифи манзарасида эса, расмий Бишкек томонидан АҚШ Қирғизистоннинг "ички ишларига аралашган"ига оид даъволар ҳам янграган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги "АҚШ элчисининг Раим Матраимов ҳақидаги сўзлари терговга босим ўтказиш қатори баҳоланади", дея билдирган. Вазирлик бу давлатнинг ички иш эканини маълум қилганди.

Баёнот, эътироф ва эътироз

Bishkek

Сурат манбаси, Getty Images

Элчиликнинг сўнгги баёнотида эса, АҚШ "Ковид -19 пандемияси билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, сайловларни яхши ташкил этганлиги учун Сайлов ва референдумлар бўйича Қирғизистон Марказий комиссиясининг ишини юқори баҳолаган".

Аммо Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, Қирғизистондаги маҳаллий "Общее дело" ташкилоти томонидан сайлов жараёнида аниқланган айрим жиддий қоидабузарликларга оид хабарларга ҳам хосан тўхталиб ўтган.

Баёнотда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюронинг "битта номзод молиявий ва маъмурий ресурслардан номутаносиб равишда кўп фойдалангани, бу нотенг ўйин шароитларига сабаб бўлгани"га оид қайди ҳам келтириб ўтилган.

Сайлов арафаси ва кунида сайловчиларнинг қўрқитилганига оид Қирғизистондаги овоз беришларни кузатган "Общее дело" ташкилотининг эътиборга молик маълумотларни қайд этгани ҳақида ҳам ёзилган.

АҚШ ўз элчихонаси баёнотида, "Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларини мамлакат Конституцияси ва қонунлари доирасида бу каби эҳтимолий қоидабузарликларни текширишга даъват этган".

"Яқинда АҚШ да юз берган воқеалар демократия - доимо ҳушёрлик ва кучли, мустақил демократик институтларга содиқликни талаб қилувчи тинимсиз меҳнат эканини эслатгани" билан огоҳлантирган.

Мирзиёев, Путин Cадир Жапаровни табриклади

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Мирзиёев, Путин Cадир Жапаровни табриклади - Қозоғистон ва Афғонистон президентлари ҳам сўнгги янгиликни беэътибор қолдиришмади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса, бугун, душанба куни қисқа меҳнат таътилидан қайтди. Садир Жапаров билан қўнғироқлашди.

Қирғизистондаги сиёсий вазиятни яқиндан кузатиб келаётган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв жорий йилнинг 4 январида қисқа муддатли таътилга чиққанди.

Президент матбуот хизматининг расман хабар беришича, Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси ҳамда Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилгани билан чин дилдан табриклаган.

"Ушбу ғоятда муҳим сиёсий тадбирларнинг якунлари мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирилган".

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Расман маълум қилинишича, "cуҳбат очиқ ва дўстона руҳда ўтган".

Қирғизистон: 30 йил ичида олтинчи президент сайланди - BBC News O'zbekiston Dunyo Yangiliklar Ўзбек

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Табриклар

Қирғизистон президент сайловида қарийб саксон фоиз овоз билан ғалаба қозонган Садир Жапаровни Россия президенти Владимир Путин табриклаган.

Кремлнинг сайтида эълон қилинган қутловда Россия Федерацияси раҳбари мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик хусусиятига эга эканлигини, турли соҳалардаги самарали ҳамкорлик, ЕОИИ, КХШТ, МДҲ ва ШҲТ доирасидаги конструктив ўзаро алоқаларда катта тажриба тўпланганлигини урғулаган.

«Сизнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингиз Россия-Қирғизистон алоқаларининг барча соҳаларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшади дея умид қиламан. Бу, шубҳасиз, дўст халқларимизнинг туб манфаатларига жавоб беради, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга мос келади», дейилади хабарда.

Мустақил Қирғизистоннинг олтинчи президенти этиб сайланган Садир Жапаровни Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам сайловдаги ғалабаси билан табриклаган

Қасим-Жомарт Тоқаев овоз бериш натижалари у Қирғизистон давлатчилигини янада мустаҳкамлаш ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича таклиф қилган дастурни умуммиллий қўллаб-қувватлашидан далолат беришини таъкидлаган.

Шунингдек, Қозоғистон президенти икки мамлакат халқларининг туб манфаатларига тўғри келадиган дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида биродар Қирғизистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш аҳдида қатъий эканини қўшимча қилган. Ва Садир Жапаровни Қозоғистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилган.

Бўлғуси президент Садир Жапаров, ўз навбатида, Қозоғистон раҳбари ва бутун қозоқ халқига Қирғизистоннинг барқарор ва ижодий ривожланиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини доимий равишда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.

Бундан ташқари, у Қасим-Жомарт Тоқаевни парламент сайловларини муваффақиятли ўтказилиши билан табриклаган.

Қўшни давлат президентлари икки томонлама кун тартибининг барча спектри бўйича биргаликда ишлашга тайёр эканликлари ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканликларини урғалаган.

Кеча, якшанба куни Қирғизистонда муддатидан аввал президентлик сайлови ва бошқарув шаклини белгилаш бўйича референдум ўтказилган.

Bishken

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳали якуний сайлов натижалари расман эълон қилинмай туриб, дастлабки натижалар бўйича саксон фоизга яқин овоз олган Садир Жапаровни Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзай биринчилардан бўлиб қутлаган.

У Тwиттер саҳифасида, "Қирғизистоннинг янги Президенти Садир Жапаровни самимий табриклайман", деб ёзган.

10 январь куни муддатидан аввал бўлиб ўтган президентлик сайлови ва давлатни бошқарув шакли бўйича референдумда, расмий маълумотларга кўра, уч ярим миллиондан сал кўпроқ сайловчиларнинг 39,58 фоизи қатнашган.

Бу мустақил Қирғизистон тарихида сайловлардаги энг паст кўрсаткич экани айтилмоқда.

Бу галги сайловга аҳолининг ярмидан кўпи қатнашмагани одамларнинг янги давлат раҳбарларига умидларининг сўнгани билан изоҳланмоқда.

Сайлов участкаларида биз билан суҳбатлашган расмийлар ҳам, қайси номзод ғалаба қозонишидан қатъиназар, энг асосийси давлатда тинчлик бўлиши кераклигини айтди.

"Қирғизистон парчаланиб кетиш xавфи остида. Ҳар ким ўз манфаати йўлида турли сиёсий ўйинларни қилмоқда. Яхши раҳбар келиб, давлатни ривожлантирса эди", дея фикр билдирди айрим суҳбатдошлар.

Сайловда қатнашган 17 президентликка номзодлар орасида собиқ депутатлар, вазирлар, ишбилармонлар, ўқитувчилар, ҳажвчилар, ишсизлар ва ҳаттоки ўзини «пайғамбар», деб атаганларнинг ҳам борликлари кўрилган.

Садир Жапаров ғолиб

Sadir Japarov

Сурат манбаси, Getty Images

Cадир Жапаров: Рақибларим таъқиб қилинмайди - Қирғизистон янги сайланган президентининг баён қилишича, ҳукумат эшиклари ҳар доим халқ учун очиқ бўлади. Сиёсий таъқиблар бўлмайди. Бирон бир қариндоши ёки яқин шериги давлат бошқарувига аралашмайди. Қирғизистон президент бошқарувига қайтади.

Олти миллиондан сал ошувчи мамлакат аҳолисининг бир миллиондан кўпроғини ўзбеклар ташкил этишади.

Қирғизистон Марказий Осиёда парламент бошқарувига ўтган ягона давлат эди. Парламент тизими бу мамлакатда 10 йилдан буён амал қилиб келаётганди.

Якшанба кунги референдум ортидан, энди Қирғизистонда ҳам президент ваколатлари кучаяди.

Президент сайлови

Bishkek

Сурат манбаси, AFP

Октябрь ойидаги халқ инқилоби пайтида қамоқдан озод этилиб, аввалига Бош вазир, кейинчалик эса президент вазифасини бажарган Садир Жапаров муддатидан аввал ўтказилган президентлик сайловида ғолиб чиқди.

Сайловчиларнинг қарийб 80 фоиз овозини олган Садир Жапаров ўз сайловчиларига қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдириб, халқ қўллови ва сиёсий барқарорлик билан икки-уч йил ичида инқирозни енгишини маълум қилган.

"Ҳар бир қирғизистонлик, порахўрликка қарши курашишда менга ёрдам беринг. Биз аввалги ҳокимиятнинг хатоларини такрорламаймиз. Ҳаммаси очиқ бўлади. Ҳукумат эшиклари ҳар доим халқ учун очиқ бўлади. Биз сиёсий таъқибларга йўл қўймаймиз", деган Садир Жапаров Бишкекдаги матбуот анжуманида.

Бўлажак президентнинг сўзларига кўра, барча сиёсий жараёнлар жорий йилнинг 1 июнигача якунланади.

"Халқ президент бошқарувини танлади. Конституциявий кенгаш янги Бош қомус лойиҳасини парламентга тақдим этиши керак. Депутатлар референдум ўтказиш кунини белгиласа, кейин ислоҳотлар бошланади. Янги ҳокимият тузилади, янги парламент бўлади, у бир мандатли сайлов округлари орқали ва ярми партиявий равишда, партия тизимида сайланади. Барча сиёсий жараёнлар 1 июнга қадар якунланади", дея қўшимча қилган Садир Жапаров.

У, шунингдек, бирон-бир қариндоши ёки яқин шеригини давлат бошқарувига аралашмаслигини айтган.

"Олдинги президентлардан бири 15 йил ишлаган. У биринчи беш ярим йил давомида яхши ишлади. Кейин унга атрофидагилар таъсир кўрсатди. Ҳамма уни танийди, таҳлил қилади. Иккинчи президент ҳам 2-3 йил давомида яхши ишлади, кейин атрофидагиларга бошқарувни олдириб қўйди. Ундан кейинги президентимиз ҳам ёрдамчилари, ҳайдовчиларига бошқарувни бериб қўйган. Аммо менда бундай хатолар бўлмайди. Сабаби, биз тарихдан сабоқ олган инсонлармиз.Худо хоҳласа, мен давлатни неча йил бошқарсам, фақат ўзим бошқараман. Дўстларим, ҳайдовчиларим, ёрдамчилар ва қариндошларим бошқарувига йўл бермайман", деган Садир Жапаров матбуот анжуманида.

Овоз натижалари

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Марказий Сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, 10 январь кунги дастлабки натижаларга кўра, Садир Жапаров сайловчиларнинг 79,18 фоиз овозини олган.

Иккинчи ўринда собиқ парламент спикери, сиёсатчи Адахан Мадумаров келмоқда. У қўлга киритган овозлар сони 6,69 фоизни ташкил этган.

"Мўл Булоқ" микромолиялаш ташкилоти раҳбари Бобиржон Тўлбаев 2,39 фоиз, диний маърузалари билан танилган журналист Миқтибек Арстанбек эса 1,68 фоиз, Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг собиқ раиси Абдил Сегизбаев 1,48 фоиз ва яна бир номзод Имамидин Ташов эса 1,19 фоиз овоз олишга муваффақ бўлган.

Қолган номзодлар эса сайловчиларнинг бир фоизга етмаган овозини олган.

Собиқ президентлар...

Prezident Jeenbekov

Сурат манбаси, official

Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков муддатидан аввал ўтказилган президентлик сайлови ва мамлакатдаги бошқарув шаклини аниқлаш бўйича референдумда иштирок этган.

Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, у бугун Қирғизистоннинг президентлик бошқарув шакли учун овоз берганини айтган. Бироқ номзодларнинг қай бирига овоз берганини очиқламаган.

Собиқ давлат раҳбари журналистларнинг бошқа саволларига жавоб беришдан бош тортиб, шошилганча пойтахтдаги 5-мактабда жойлашган сайлов участкасидан чиқиб кетган.

Сооронбай Жээнбеков ўтган йилнинг 4 октябрида ўтказилган "адолатсиз" парламент сайлови натижасида юз берган халқ инқилоби ортидан истеъфога чиққан эди.

Қирғизистоннинг яна бир собиқ президенти, ҳозирда қатор айбловлар билан қамоқда қолаётган Алмазбек Атамбаев ҳам сайловда иштирок этиб, парламент бошқаруви учун овоз берган.

Унинг адвокати Замир Жоошевнинг сўзларига кўра, Атамбаев ҳеч қайси бир номзодга овоз бермаган.

"Алмазбек Атамбоев бу сайловда президентликка номзодларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламади. Яъни бўш бюллетень сайлов қутисига ташланди. Ва бошқарув шакли нуқтаи назаридан у парламентаризм учун овоз берди", дейилади адвкатининг Facebook да қолдирган баёнотида.

Almazbek Atambayev

Сурат манбаси, SOCHI. MIKHAIL METZEL/TASS

Норозилар

Президентлик сайлови натижаларига кўра, қарийб етти фоиз билан иккинчи ўринни эгаллаган Адахан Мадумаров сайлов ва референдум жараёнларини кескин танқид остига олган.

Сайловнинг дастлабки натижаларини шарҳлар экан, у: «Бу сайлов ҳақиқатдан йироқ. Биз қонунийлик учун курашамиз. Бошқа номзодлар билан маслаҳатлашиб, бир фикрга келамиз. 700 мингга яқин одам битта номзодга овоз бергани ҳақиқатдан йироқ. Мен ўз ҳуқуқларимни митинглар орқали ҳимоя қилмайман, ҳақиқатга фақат қонуний йўл билан эришаман", деган сиёсатчи.

Шунингдек, Мадумаров давлат бошқарувини аниқлаган референдумни "эртак" деб атаб, бу ҳокимиятнинг охири ёмон якунланиши ва халқ лаънатига қолишини қўшимча қилган.

Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг собиқ раиси, президентликка номзод Абдил Сегизбаев ҳам сайловда барча номзодларга тенг имкониятлар берилмаганини айтади.

«Барча маъмурий ресурслар бир томонлама фойдаланилди. Давлат хизматчиларини қийнаб, уларнинг овозларини олишга ҳаракат қилди. Биз истиқболли Қирғизистонни барпо этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Биз ҳар бир саволимизни беришда давом этамиз. Бошқа саволларимиз ҳам бор. Уларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Ким ҳокимиятга келса, биз камчиликларни айтиб, танқид қилишда давом этамиз" дейди Абдил Сегизбаев.

Яна бир президентликка номзод, сайловчиларнинг 0,19 фоиз овозини олган Равшан Жээнбеков эса натижаларни ҳақиқий эканига ишонади.

«Барча натижалар энди қоғозга чиқмоқда. Эҳтимол, бироз фарқ бўлиши мумкин. Мен аввалгидек ўз сиёсатимни давом эттиравераман", дейди сиёсатчи.

Номзодларнинг айни мазмундаги даъволарига ҳозирча Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси ва ғолиб чиққани айтилаётган янги президент Садир Жапаров муносабати маълум эмас.

Сайловга қатнашган оз сайловчилар

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Кеча, 10 январь куни Қирғизистонда муддатидан аввал президент сайлови ва давлатни бошқарув шакли бўйича референдум бўлиб ўтган.

Марказий сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, уч ярим миллиондан сал кўпроқ сайловчиларнинг 38,70 фоизи қатнашган.

Бу мустақил Қирғизистон тарихида сайловлардаги энг паст кўрсаткич экани айтилмоқда.

Қонунларда эса, президент сайловини "ҳақиқий" деб эълон қилиш учун фоиз даражаси чекланмаган. Натижалар сайловчиларнинг иштирок этган фоизларига асосланади ва сайловчиларнинг ярмидан кўпини қўллаб-қувватлаган номзод ғолиб чиқади.

Шунингдек, дастлабки маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 81,03 фоизи президентлик шаклини, 10,95 фоизи эса парламент шаклини афзал кўришган. Икки таклиф қилинган вариантга қарши овоз берганлар эса 4,45 фоизни ташкил этади.

Сайлов жараёнида пойтахт Бишкек ва вилоятларидаги айрим сайлов участкаларида электр энергияси тақчиллиги кузатилган. Электр энергиясини қайта тиклаш ёки қўшимча электр манбаи генератор ишга туширилгунича сайловчилар маълум вақт кутишга мажбур бўлган.

Шунингдек, сайлов бюллетенларини қабул қилувчи электрон қутиларда (урна) ҳам носозликлар юз берган. Аксарияти сoвуқда ишламай қолган, баъзилари эса бюллетенларни қабул қилмай қўйган. Натижада қутилар ёнига иситгичлар қўйилган ёки бошқа қутиларга алмаштирилган.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, давлат раҳбарининг инаугурация маросими сайловнинг расмий натижалари эълон қилинганидан кейин бир ой ичида ўтказилиши керак.

Марказий сайлов комиссияси натижаларни 24 январдан кечиктирмай эълон қилиши кутилмоқда.

Президент инаугурацияси эса, жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтади.

Қирғизистонда муддатидан аввал ўтказилаётган президент сайлови худди парламент сайлови каби глобал коронавирус пандемияси авж олаётган бир пайтга тўғри келган.

Минтақа давлатлари орасида коронавирус тарқалиши бўйича Қирғизистон Қозоғистондан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Республикада кун сайин икки юзга яқин одам коронавирусга чалиниб, бешга яқини вафот этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайлов участкалари коронавирусга хавфсиз экани, сайловчилар соғлигига зиён етмаслигини урғулаганди.

Қонунбузарликлар...

Bishkek

Сурат манбаси, AFP

Бу галги президентлик сайлови аввал ўтказилган сайловларга нисбатан тинч ўтгани кузатилади. Сайловчилар овозини оммавий равишда сотиб олиш холлари деярли кузатилмаган.

Бироқ сайлов участкалари олдида Садир Жапаров ташвиқотчилари қўлларида сайловчилар рўйхати билан туришганини кўриш мумкин. Улар ўз ҳудудидан сайловга келган одамларни белгилаб, бўлғуси президент учун маълум миқдордаги овозни таъминлаган.

"Биз штабга сайловчилар рўйхатини тўплаб беришимиз керак, паспорт номерлари билан. Лекин бунинг учун одамларга пул берилмас экан. Фақат бизга ойлик тўланаяпти, холос", дейди Садир Жапаровнинг ташвиқот ишларини олиб борган аёл биз билан суҳбатда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, сайлов умуман тинч ўтган. Сайлов жараёнида 78та қонунбузарлик қайд этилиб, 71 таси жойида ҳал қилинган. Еттита жиноий иш қўзғатилган.

Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссия 316та халқаро кузатувчини рўйхатдан ўтказган. Шунингдек, мингга яқин махаллий кузатувчилар сайловларнинг ўтишини назорат қилиб бориши айтилганди.

Садир Жапаров ким?

Bishkek

Сурат манбаси, EPA

Ўтган йилнинг 5 октябридаги халқ инқилоби пайтида қамоқдан озод этилиб, аввалига Бош вазир, кейин эса президент вазифасини бажарувчи бўлган Садир Жапаров энди мустақил Қирғизистонни расман олтинчи давлат раҳбари сифатида бошқариш арафасида.

52 ёшли Садир Жапаров сиёсий фаолиятини 2005 йилда бошлаган. У ўша йили Қирғизистонда юз берган "Лола инқилоби"дан сўнг ўтказилган парламент сайловида Иссиқ-Кўл вилоятининг Туп туманидан иштирок этиб, депутат бўлган. Ушбу парламент икки йилдан сўнг тарқатиб юборилган.

2008 йилдан 2010 йилгача "Порахўрликни олдини олиш миллий агентлигининг" раҳбари бўлиб ишлаган.

2010 йилги парламент сайловларида "Ата-Журт" партияси рўйхатида қатнашган ва партия биринчи ўринни эгаллаши ортидан, Садир Жапаров яна Жўғорқу Кенгашга депутат бўлиб келган.

2013 йили бўлиб ўтган Иссиқ-Кўлдаги "Қумтор" олтин конини миллийлаштиришга чақирган норозилик намойишлари ва Бишкекдаги митингдан сўнг депутат Садир Жапаров "ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш" айблови билан ҳибсга олинган.

У билан бирга ўша пайтдаги парламент депутатлари Камчибек Ташиев ва Талант Мамитовларга ҳам айблов эълон қилинган. Уччовлон Оқ уй дарвозасини бузиб киришда айбланган. Бироқ, 2013 йилда суд депутатларни оқлаган.

Садир Жапаров 2013 йилнинг 7 октябрида Иссиқ-Кўл вилояти маркази Қоракўлда яна митинг уюштирганликда ва ўша пайтдаги ҳукуматнинг вилоят бўйича махсус вакили Эмилбек Қаптагаевни ўғирлашда қатнашганликда гумонланиб, қидирувга берилган. Шундан сўнг, сиёсатчи Қирғизистондан чиқиб кетган.

Тўрт йиллик муҳожиратдан сўнг Садир Жапаров 2017 йилнинг 25 март куни мамлакатга қайтиб келишга қарор қилган ва Қозоғистондан келиб, чегарани кесиб ўтаётганда ҳибсга олинган.

Уни кутиб олиш учун чегарага борган намойишчилар эса, милиция тарафидан тарқатиб юборилади ва бир неча киши "жамоат тартибини бузганлиги" учун ҳибсга олинган.

12 кишига "безорилик" ва "бировнинг мулкига зиён этказиш" айбловлари қўйилади.

2017 йилнинг 2 августида Бишкекдаги Первомайский туман суди Садир Жапаровни Жиноят Кодексининг 227-моддаси ("ҳукумат вакилини гаровга олиш") бўйича 11 йил олти ойга озодликдан маҳрум қилган.

17 сентябрь куни Бишкек шаҳар суди ҳам биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган. 2018 йилнинг апрель ойида эса, Олий суд Жапаровнинг жазосини 1,5 йилга қисқартиради.

Ҳукуматнинг Иссиқ-Кўл вилоятидаги собиқ махсус вакили Эмилбек Қаптагаев мунтазам равишда Жапаров ишини кўриб чиқаётган судларда қатнашиб, унинг фойдасига гувоҳлик берган.

"Айбланувчи Садир Жапаровнинг ушбу ишда айбдорлигини исботловчи далиллар йўқ. Мен буни биринчи суд мажлисидан бери айтиб келаяпман. Бир гуруҳ одамларни битта модда бўйича ҳукм қилиш мумкин эмас. Менимча, бу сиёсий буюртма", - деган Эмилбек Қаптагаев.

Садир Жапаров ҳибсга олинган пайтда ўз жонига қасд қилган. Унинг тарафдорлари буни сиёсий таъқиб деб аташиб, адолатли суд қарорини талаб қилишган.

2020 йилнинг 5 октябрида озод бўлган Садир Жапаров орадан қисқа вақт ўтмай, Олий суд томонидан оқланган, унга қўйилган айбловлар олиб ташланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek