Ўзбеклар ва дунё: Ойлаб йиққан-тиққан пулимизга яшадик - Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

    • Author, Шоҳруҳ Соипов,
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Ўзбеклар ва дунё: Ойлаб йиққан-тиққан пулимизга яшадик - Сардорбек Холматов хусусий тадбиркор. Каттагина кафеси бор. Пандемия даврида ойлаб зиён кўрган, аммо бугун янги бизнес режалари бор.

Ўтган йили дунё бўйлаб тарқалган коронавирус деярли барча давлатлар, жумладан, Қирғизистон аҳолиси ярмидан кўпроғининг ҳам даромади камайишига сабаб бўлган.

Бунга мамлакат Миллий Статистика қўмитаси куни-кеча эълон қилган янги маълумотлар далолат қилган.

Ҳозирги кунда Қирғизистон аҳолисининг сони 6 ярим миллиондан сал ортади. Уларнинг бир миллиондан ошиқроғини ўзбеклар ташкил этади.

Миллий Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг кузида ўтказилган сўровномада аҳолининг пандемия шароитидаги иқтисодий аҳволи ўрганилган.

"Сўровнома натижаларига кўра, уй хўжаликларининг қарийб 22 фоизида оиланинг камида бир аъзоси мамлакатда ишини йўқотгани ёки иш йўқлиги сабаб муҳожирликдан қайтишга мажбур бўлгани аниқланган. Шунингдек, 20 фоиз оила мамлакатда ишсиз қолгани маълум бўлган", дейилади расмий маълумотда.

Ушбу ишсизлик ортидан пандемия шароитида аҳоли даромадлари ҳам озайган.

"Оилаларнинг меҳнат фаолиятидан оладиган даромади 37 фоиз, хусусий томорқа маҳсулотларини сотишдан тушадиган даромади 16 фоиз, чет элдан пул ўтказмалари ҳам 16 фоизга камайган", дея қайд этилади Миллий Статистика қўмитасининг расмий веб саҳифасида.

Ўртача ойлик иш ҳаққи $200 долларни ташкил қилган Қирғизистон аҳолиси учун 2020 йил иқтисодий жиҳатдан оғир йил бўлгани кузатилади.

Март ойида авж олган пандемия ортидан эълон қилинган карантин аксар одамларни ойлаб уйда ишсиз ва пулсиз ўтиришга мажбур қилган.

Пандемиядаги зиён

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Республиканинг иккинчи пойтахти ҳисобланган Ўш шаҳри Ўзбекистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош.

Уч юз мингдан ортиқ шаҳар аҳолисининг ярмини ўзбеклар ташкил этади.

2010 йилнинг июнида юз берган миллий низо пайтида вайрон бўлган уйлар қайта тикланиб, баъзилари магазин ва кафеларга айлантирилган.

Бугунги кунда Ўшнинг қайси мавзейига борманг, кафе ёки маиший дам олиш марказларини учратасиз.

Кундузи тушликка келган одамлар билан, кечқурун эса ишдан сўнг хордиқ чиқариш учун дўстлар билан гурунглашиб ўтирган мижозлар билан тўла кафелар ярим тунгача фаолият олиб бориб келган.

Ўшдаги "Ансор" кафеси ҳам ана шундай масканлардан бири. Бу ерда ўнгга яқин одам мижозларга хизмат кўрсатади.

Олти йилдан бери фаолият олиб бораётган бу кафенинг бош ошпази ва иш юритувчиси Сардорбек Холматов пандемия пайтида бошқа емакхоналар қатори ўзлари ҳам ишни тўхтатишга мажбур бўлишгани ва даромадлари ҳам, сўзсиз, озайганини айтади:

Ўтган йилнинг 20 мартидан июлигача ишламадик. Кафемиз ёпиқ турди. Бу орада бинони тозаладик, таъмирладик. Карантин юмшатилганидан кейин, июль ойида ишни қайта бошладик. Уч ой ичида даромад бўлмади. Топган пулимиз билан зиёнимиз теппа-тенг бўлди.

21 март - Наврўз байрамига мўлжаллаб кўпроқ хом-ашё қилгандик. 17 мартда барча кафелар ёпилди. Хом-ашё, гўштларимизни эса, ўзимиз ейишга мажбур бўлдик. Рамазон ойида уйда ишлатдик.

Ишчиларимиз карантингача ишлаган маошларини олишди, бироқ карантинда уларга ҳақ тўлай олмадик. Озми-кўпми оилавий жамғармаларидан кун кечиришган бўлса керак. Ўзимизда ҳам шу аҳвол бўлди. Йиққан-тиққан пулимизга карантинда рўзғор тебратдик. Бизнесдаги даромадимиз зиён бўлди.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Савол: Карантиндан сўнг-чи, кафени қайта очдингизми? Ҳозир бизнесингиз қандай?

Кафени июнь ойи охирида қайта очдик. Икки, уч ҳафтача одам озроқ бўлди. Сабаби - ишлаш вақтимиз барибир кечки соат 20:00 гача чекланганди. Кейин кўпчилик одамда пул йўқ эди. Чунки халқда пул бўлса, бизнинг ишимиз ҳам яхши бўлади. Икки ҳафтача овқатларни озроқдан тайёрладик. Кейин мижозларимиз яна кўпайиб, яхши ишладик. Лекин иш давомида карантин қоидаларига қаттиқ амал қилдик.

Кафеимизда ҳар куни ўртача 200дан ортиқ мижоз овқатланади. Яқинда биздан узоқ бўлмаган жойда янги кафе очилгани учун бир ҳафтача мижозларимиз сони озайиб, савдо пасайди, кейин яна мижозларимиз ўзимизга кела бошлашди.

Савол: Пандемия пайтида сизларга давлат тарафидан қандайдир ёрдам берилдими?

Йўқ, давлат тарафидан моддий ёрдам бўлмади. Аксинча, карантин пайтида тадбиркорлар қийналган одамларга озиқ-овқат етказиб беришди. Лекин бизнесга ёрдам бўлмади.

Пандемия пайтида Қирғизистонга бошқа давлатлардан ёрдам берилди, деб эшитдим. Лекин у ёрдамдан халққа етиб келмаган. Кимларгадир берилгандир балки, лекин шахсан мен буни кўрмадим. Асосан хусусий тарбиркор, бой одамлар ночор оилаларга ёрдам беришди.

Менинг фикримча, кафе, хусусий тадбиркорларга давлат молиявий ёрдам бера олмаса керак. Ҳар ким ўзи ишлаб, пул топади. Агар ишламасангиз бекордан ҳақ тўламайди. Лекин кам таъминланган, ногирони бор оилаларга давлат ёрдам бериши керак.

Пандемия пайтида кўпчилик иши тўхтаб, даромадсиз қолди. Бироқ давлат ҳаммага ҳам ёрдам пули бера олмайди, чунки, барибир, қурби етмайди. Аслида ёрдам берса яхши бўларди.

Хусусий тадбиркорлар эса, давлатнинг ёрдамисиз ҳам, ўз ҳисобидан ишини давом эттириб кета олади. Уларнинг озми-кўпми барибир пули бор.

Савол: Бу яқин йиллардаги режаларингизлар қандай?

Ҳозир кафемиздаги жиҳозларни янгилаяпмиз. Қўшимча ўтириш жойларини очдик. Аёллар учун алоҳида базм хоналари бўлади. Намозхонамиз бор.

Овқатларимиз қаторига ҳам янгиларини қўшаяпмиз. Мижозларимиз таъбига қараб кафемизни ривожлантириб борамиз.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek