Расмий Тошкент Толибоннинг босими остидами? Afg'oniston Tolibon O'zbekiston Ўзбекистон, янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
Рейтер ахборот агентлигига кўра, Толибон Термиздаги ҳарбий самолёт ва вертолётларни ва уларни Ўзбекистонга олиб қочган Афғон учувчиларини қайтариш борасида Ўзбекистонга босим ўтказмоқда.
Рейтер Ўзбекистоннинг Афғонистонга чегарадош Термиз шаҳри яқинидаги чодир шаҳарчада ушлаб турилган Афғон ҳарбийлари, Ўзбекистон расмийлари, АҚШдаги сиёсатчилар ва Толибон билан суҳбатлашиб, ушбу мавзуда батафсил мақола эълон қилган.
Рейтер мақоласини инглиз, рус ва ўзбек тилларида қатор нашрлар қайта чоп этдилар.
Ахборот агентлигига гапирган чодир шаҳарчадаги учувчи у ерда ушлаб турилганларнинг сони ҳақида 465 рақамини келтирган.
Ўзбекистондаги Газета.уз чодир шаҳарчада 100 киши, Термиз яқинидаги Ковид марказига 650 афғонистонлик жойлаштирилгани ҳақида хабар қилган.
Ўзбекистонга Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларига тегишли 22 ҳарбий самолёт ва 24 вертолёт учиб ўтгани, айрим учувчилар ўзлари билан бирга оила аъзоларини ҳам олиб қочганлари хабарлари тарқалганди.
Рейтер агентлиги сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларни ҳам эълон қилган.
Бундан олдин Би-би-си ҳам Ўзбекистон ҳудудида кўринган Афғон ҳукумат кучларига тегишли ҳарбий техника фотосуратларини эълон қилган эди.

Сурат манбаси, .
АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хёрбст ҳозирги пайтда расмий Тошкент Афғон учувчилари ва улар олиб қочган учоқ ва тикучарларни қайтариб бериш талаби билан Толибон босими остида эканига ишонишини айтган.
"Улар Толибон билан яхши муносабатдалар, Толибонни ҳам, бизни ҳам жаҳлимизни чиқаришни истамайдилар", деган собиқ элчи Хёрбст.
Термиз яқинида ушлаб турилган Афғон ҳарбийлари ўзларининг аҳволини тутқунларга қиёслаганлар, Ўзбекистон ҳукумати уларни Толибон қўлига топшириб юборишидан хавотирда эканларини айтганлар.
"Толибон қўлига тушсак, бизни 100 фоиз ўлдиради", деган Афғон учувчиси.
Рейтер Толибондан Термиздаги чодир жамлоқдаги афғонлар ҳақида шарҳ ололмаган, лекин Толибоннинг юқори мартабали етакчиси Кобул қулаганидан кейин ушбу агентликка берган интервьюсида ўз кучлари дронлар ва вертолётларни қўлга киритгани, лекин Ўзбекистонга олиб ўтилган самолётлар қайтарилишини исташини айтган.
"Иншооллоҳ, қолган самолётларимизни оламиз, улар Афғонистонда эмас", деган у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














