'Бизга таъсир қилмайди' ёки буёғи сиёсий ўйинларми - ўзбекистонликлар Россия-Украина инқирози ҳақида нима дейишмоқда? Video Ukraina yangiliklar

Сурат манбаси, BBC O'zbek
АҚШнинг огоҳлантиришичи, Россиянинг Украинага ҳужум қилиши "муқаррар".
Украина билан чегарада 100 мингдан ортиқ ҳарбийсини тўплаган расмий Москва эса бундай иддаоларни рад этиб келмоқда.
Ўртада зиддият кучайгандан кучаймоқда.
Хўш, бу тарангликни ўзбекистонликлар қандай кузатмоқда? Умуман, кузатишмоқдами?
Би-би-си ушбу мавзуга оид саволлар билан ўзбекистонликларга юзланди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Украина 48 соат ичида Россия билан гаплашиб олмоқчи
- Россия мигрантларга квотани оширди, Карелия нега ўзбекистонлик сотувчиларни истамайди ва Ўзбекистон учувчисиз самолётлар олмоқдами?
- Украина инқирози: Россияни гижгижламанг...
- Россия-Украина: Байден америкаликларни зудлик билан Украинани тарк этишга чақирди
Расмий мурожаат
Йигирмага яқин давлат аллақачон ўз фуқароларини Украинани зудлик билан тарк этишга чақирган.
Бир қанча мамлакатлар дипломатик корпус вакилларини мамлакатдан олиб чиқиб кетган.
Ғарб нашрлари бу ҳолатлар вазият ўта жиддий эканидан дараклиги ҳақида ёзмоқда.
Сўнгги вазият манзарасида Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси 14 февраль куни расман мурожаат билан чиқди.
Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги ўз мухбирига таяниб хабар берган. Маълум бўлишича, Киевдаги элчилик Украина ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан, "тасдиқланмаган, фейк маълумотларни тарқатмаслик ва ваҳимага берилмаслик"ни сўраган.
Бунга айнан нима сабаб бўлгани маълум эмас, хабарда бунинг тафсилотларига ойдинлик киритилмаган.
Аммо, элчиликка кўра, Украина давлат органлари, дипломатик корпус ва у ердаги Ўзбекистон фуқаролари билан доимий алоқадалар.
Элчилик ўзларига мурожаат қилишлари учун электрон почта манзили ва телефон рақамларини ҳам илова қилган.
"Uzbekistan airways" авиакомпанияси Киевга мунтазам рейсларни амалга ошираётганини билдирган.
Қизиққан фуқаролар Киев-Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга қайтишлари мумкинлигини айтган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожланиши манзарасида аниқ қанча сондаги ўзбекистонликнинг Украинадан ортга қайтгани маълум эмас.
Аксарият украиналиклар бугун, душанба куни кўплаб рейсларнинг бекор қилинганидан шикоят қилишганди.
Манбаларга кўра, бунга суғурта ширкатларининг Украина узра парвозларга кафолат бера олмасликлари сабаб бўлган.
"Улар бир миллат ўзи"
Ўзбекистон расмий нашрлари Украина билан боғлиқ янгиликларни мунтазам бериб бораётгани кўзга ташланмайди.
Асосий фаоллик хусусий интернет нашрлари қўлида.
Шунингдек, мамлакат ичидан Ўзбекистон учун ҳам таъсири анчайин кенг кўламли кўрилган Украина инқирозига оид сиёсий шарҳлар у қадар янграмаётир.
Бундай бир вазиятда хорижий нашрлар, айниқса, Россия давлат телеканаллари ўзбекистонликлар учун асосий ахборот манбаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Би-би-си микрофон тутган ўзбекистонликларнинг аксарияти Украина инқирозига доир янгиликларни кўп ҳам кузатмаётганини билдиради.
"Нега кузатишим керак? Ахир бу жазаванинг бари Вашингтондан келяптику! Уларга уруш керак", таъкидлайди русийзабон бир аёл.
Унинг фикрича, Россия Украинага ҳеч қачон ҳужум қилмайди — сабаби руслар ва украинлар "генетик жиҳатдан бир миллат".
Ёши 60 га бориб қолган бир эркак мавзуга оид янгиликлар бир томонлама экани, томонлар ўз позициясидан келиб чиққан ҳолда, бир ёқлама ахборот тарқатаётгани ҳақида гапиради.
"Бунинг орқасида ҳар бир давлатнинг "интереси" турибди-да. У томонини биз кўра олмаймиз. Ғарб каналларини ёқсангиз бошқа гапиряпти. Россиянинг сиёсий кўрсатувларини кўрсангиз у ўзининг фикрида".
Би-би-сига мавжуд зиддият борасида ўз тасаввурини ўртоқлашган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги таранглик Украина ва Россия эмас, балки НАТО ва Москва ўртасида кечмоқда, деб ўйлашини билдиради.
"Украина НАТО ва Россия ўртасидаги тортишувга сабаб, деб ўйлайман холос. НАТОнинг мақсади шундоқ Россияга ёнига жойлашиб олиш. Сиёсий ўйинларни ўзингиз тушунасиз-ку", дейди бир йигит.
Талаба эканини айтган яна бир йигит ўхшаш фикрни изҳор этади.
"Украина НАТОга қўшилса, яхши эмас. Россияга қийин бўлиб қолади. Шунинг учун ҳозир Россия чегараларини ҳимоя қилиш учун Украинага агрессия қиляпти-да", қўшимча қилади у.
"Бизга таъсир қилмайди"
Айрим ўзбекистонликларнинг Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий уруш Ўзбекистонга салбий таъсир қилмаслигидан ишончи комил.
"Давлатимиз яхлитлиги сақланар экан, салбий таъсирдан қўрқмасак ҳам бўлади", ишонч билдиради Тошкент кўчаларидан бирида Би-би-си саволларига жавоб қайтарган йигит.
Шунга қарамай, кўплаб ўзбекистонликлар уруш эҳтимоли кун тартибидан соқит бўлишидан умид билдирадилар.
"Сиёсатга унча тушунмайман-ку, лекин уруш бўлмаса яхши эди", дейди яна бир сўровнома иштирокчиси.
Баъзи суҳбатдошлар Ўзбекистон ҳам, Украина ҳам бир макон - пост-совет ҳудудида жойлашганини тилга оладилар.
Уларнинг фикрича, эҳтимолий уруш ҳар томонлама Ўзбекистонга жиддий таъсир кўрсатади.
"Россия уруш бошласа, бизга ёрдам беришни тўхтатади. Бор диққатини урушга беради. Бизнинг ҳам иқтисодиётимиз синиши мумкин", дейди бир талаба йигит.
"Нафақат Россия, Украина ёки Ўзбекистон, балки барча давлатлар осуда яшашини истаган бўлар эдим. Инқирозга тезроқ тинч ва дипломатик йўл билан ечим топилиши тарафдориман", таъкидлайди бошқа бир суҳбатдош.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














