Ўзбекистон АҚШдан учувчисиз самолётлар сотиб олмоқдами? Россия мигрантларга квотани оширди ва Карелия ўзбекистонлик сотувчиларни нега истамаяпти? Rossiya Dunyo Yangiliklar

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Россия бу йил ўзбекистонлик муҳожирлар учун квотани оширди

Ўзбекистон АҚШдан 8,5 миллион долларга учувчисиз учоқлар олмоқдами? Ўзбекистонда 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаради - энди уй қуриш арзонга тушадими? Россия далалари ўзбекистонлик деҳқонларни кутмоқда. Мигрантлар ҳар уч ойда тиббий кўрикдан қандай ўтади - ССВ изоҳ берди.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистонга учувчисиз учоқлар нега керак?

Shephard нашрининг ёзишича, Ўзбекистон АҚШдан 8,5 миллион долларга учувчисиз самолётлар сотиб олади.

"AeroVironment ўзининг RQ-20B Puma 3 АE кичик разведкачи самолётини Foreign Military Sales дастури доирасида Ўзбекистонга тақдим этади" - дейилади хабарда.

Нашрнинг маълум қилишича, учувчисиз учоқлар АҚШ армияси пудрат қўмондонлиги томонидан Ўзбекистонга 8,54 миллион долларлик келишув бўйича жорий йилнинг ноябри сўнггига қадар етказиб берилади.

Маълумотларга кўра, ҳар бир самолёт 225 000 АҚШ долларига баҳоланган.

Олдинроқ Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси матбуот хизмати мамлакатда замонавий технологиялар асосида учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарилишини маълум қилганди.

дрон

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Мудофаа саноати қўмитаси учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқарила бошланганини эълон қилганди

Қурилиш материаллари арзонлашадими?

Ўзбекистоннинг 24 та тумани қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди.

АОКА "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси мутасаддилари иштирокида ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилишича, ушбу туманларнинг саноат инфратузилмасини ривожлантиришга 400 млрд сўм, геологик-қидирув ишлари учун 100 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, АОКА 2026 йилгача бўлган муддат ичида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар мисолида тармоқ бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 42,3 трлн сўмга етказиш, қурилиш материалларининг экспорти 1,084 млрд долларга оширилиши, тармоқни ривожлантириш учун 2 млрд долларлик инвенстициялар жалб қилиниши каби режаларни баён қилди.

АОКАнинг билдиришича, 2021-2025 йилларда янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши натижасида 19,5 минг янги иш ўрни ташкил этилади.

Ўзбекистонлик деҳқонлар ҳам керак

Россия ҳам ўзбекистонликларни ишга жойлаштириш учун квоталарни оширмоқда.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин ҳукумат қарорига ўзбекистонликларни нафақат қурилиш соҳасида, балки агросаноат мажмуаси компанияларида ишлашга жалб этишни назарда тутувчи ўзгартиришларни маъқуллади.

Мазкур ҳужжат ҳуқуқий ахборотнинг расмий интернет порталида эълон қилинди.

Ҳукумат асосий учирма лойиҳага ўзбекистонликларни жалб қилиш учун квотани ҳам оширди.

Бунга қадар квоталар фақат қурилиш саноатига тегишли эди. Эндиликда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ҳам қўшилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонга ўзбекистонликларни қишлоқ хўжалиги корхоналарига ишга жалб этиш бўйича сўров юборган эди.

Тақиқ асосан ўзбекистонликларга тегишли

сотувчи
Сурат тагсўзи, Карелиядаги ишлашга тақиқ қарори асосан ўзбекистонликларга тааллуқли

Карелияда жорий йилнинг апрелидан бошлаб патент асосида ишлайдиган хорижлик ишчиларга бир қатор тармоқларда, асосан савдо соҳасида ишлаш тақиқланади.

Тегишли қарорни республика раҳбари Артур Парфенчиков имзолади.

Хорижий ишчиларни жалб қилишни тақиқлаш ишчи кучига бўлган эҳтиёжни маҳаллий меҳнат ресурслари билан қондириш мумкин бўлган иқтисодий фаолият турларига тегишли, - дея тушунтирди Карелия ҳукумати матбуот хизмати.

Расмий хабарга кўра, Карелияда маҳаллий аҳоли орасида ишсизлар сони юқорилиги ортидан мазкур қарорга келинган.

"Иш билан таъминлашда устуворликлар орасида ишсиз деб тан олинган фуқаролар, ўз меҳнат фаолиятини қайта тиклашга интилаётган ишсиз нафақахўрлар ва Россия фуқароларининг бошқа тоифалари бор", деб таъкидлади Карелия Меҳнат ва бандлик департаменти.

Тақиқ Россияда вақтинча ва доимий яшовчи, вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки яшаш рухсатига эга бўлган, шунингдек, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар (Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон) фуқаролари бўлган чет элликларга тааллуқли эмас. Тақиқ ватандошларни ихтиёрий равишда жойлаштириш дастури бўйича Карелияга кўчиб ўтганларга ҳам тааллуқли эмас.

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқадики, мигрантлар иш фаолиятини чекловчи қарор ўзбекистонлик, тожикистонлик, озарбайжонлик, Украина ва Молдовадан келган меҳнат муҳожирларига тегишли.

Ҳар уч ойда тиббий кўрик бўйича ССВ изоҳи

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ойда мигрантлар тиббий кўрикдан ўтиши керак эмаслиги ҳақида тушунтириш берди.

тиббий курик

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонликлар меҳнат патентини расмийлаштириш учун мажбурий тиббий кўрикдан ўтадилар

Россияда тиббий кўрикдан ўтиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил ноябрдаги тегишли қарори билан ўтказилади. Мазкур қарор 1 мартда кучга киради.

"Кўрсатилган қарордаги янги муддат (уч ой) тиббий ҳужжатларни давлат органларига топшириш муҳлатини назарда тутади ва асло ҳар уч ойда кўрикдан ўтиш кераклигини англатмайди", - дейди миграция масалалари бўйича юрист Зарнигор Омониллаева.

Юристнинг шарҳлашича, Россияга келган меҳнат муҳожирлари 3 ой ичида патентга ҳужжатлар йиғиб топшириш вақтида тиббий кўрикдан ўтадилар ва мигрантлар учун ҳар уч ойда тиббий кўриклардан ўтиш талаби жорий этилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek