Ўзбекистон: Муомалага чиққан янги пуллар, мисдан келадиган даромад маълум бўлди ва қариндошлар никоҳлари бошида ким турибди? – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Banknotes

Сурат манбаси, Social media

  • Янги кўринишдаги банкноталар муомалага чиқарилди;
  • Қалбаки маҳсулотлар каталоги эълон қилинди;
  • Мисдан келадиган даромад илк бор маълум қилинди;
  • Мактабларнинг деярли барчаси интернет билан таъминланган - вазирлик расмийси;
  • Қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ташаббускорлари кимлар?

Янги купюралар

27 декабрдан янги намунадаги 50 минг ва 100 минг сўмлик купюралар муомалада пайдо бўлган.

16 декабрь куни Марказий банк янги кўринишдаги банкноталар дизайнини эълон қилган, купюралар 22 декабрдан муомалага чиқарилишини билдирган эди.

Бироқ маҳаллий матбуот 50 минг сўмлик банкнота дизайнида хато мавжудлиги ҳақида ёзган.

Марказий банк банкнотадаги мақбара номида ҳақиқатан техник хатолик борлигини тан олган, аммо ҳолат банкноталарнинг муомалага чиқарилиши санасига қанчалик таъсир кўрсатишини изоҳламаган.

Душанбадан эса янги купюралар сурати ижтимоий тармоқда тарқай бошлаган.

Ўзбекистонда мавжуд пул белгиларини ягона тематика атрофида бирлаштириш, замонавий ҳимоя элементларини қўллаш ва ҳар хил форматларда рақамлаш каби мақсадларда шу йил ёзидан бери муомалада бўлган бир неча қийматдаги банкноталар янги кўринишдагиларига алмаштирилган.

Алоқадор мавзулар:

Контрафакт маҳсулотлар

contrafact

Сурат манбаси, Screenshot/Intellektual mulk agentligi

Интеллектуал мулк агентлиги 200 дан ортиқ маҳсулотни ўзида жамлаган контрафакт - қалбаки маҳсулотлар каталогини ишлаб чиққан.

Тўпламдан машҳур бренд маҳсулотлар номи ва дизайнига жуда яқин ишланган контрафакт дорилар, озиқ-овқат ва шахсий гигиена, парфюмерия маҳсулотлари ўрин олган.

Масалан, каталогда биргина машҳур "Snickers" шоколади "Strikers", "Snipers", "Snicker" "Snekirs", "Snukers" каби номлар остида контрафакт ҳолда сотилаётганини кўриш мумкин.

Товар белгиси номидан рухсатсиз фойдаланиб, қалбаки маҳсулот ишлаб чиқариб сотишга нисбатан қонуний жавобгарлик мавжудлигини эслатган агентлик ўзбекистонликларни контрафакт товарлардан эҳтиёт бўлишга чақирган.

Мис даромади

plant

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Mis boyitish fabrikasi qurilishi.

Ўзбекистоннинг мис саноатидан оладиган даромади $2,5 миллиардни ташкил этади ва ишлаб чиқарилаётган миснинг 60-70 фоизи хомашё ўлароқ хорижга экспорт қилинади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати матбуот котиби Умида Қаршибоева мамлакатдаги мис саноати истиқболи борасидаги маълумотларни тилга олган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда комбинат йилига 148,5 минг тонна мис ишлаб чиқармоқда.

2029 йилга келиб комбинат 400 минг тонна катодли мис, 50 тонна олтин, 270 тонна кумуш ишлаб чиқара бошлайди.

Натижада бу соҳадан келадиган даромад $7-8 миллиардга етади.

22 декабрь куни Олмалиқда бўлган президент Шавкат Мирзиёев ҳудудда 5 минг тонна олтин ва миснинг катта миқдордаги захираси аниқланганини маълум қилган эди.

Интернетли мактаблар

school

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг 97,9 фоизига юқори тезликдаги интернет инфратузилмаси етказилган. Мактабларнинг 53 фоизида эса Wи-Фи қурилмалари мавжуд.

Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ЎзА билан суҳбатда маълум қилган.

Каримжонов интернетсиз қолаётган, олис ҳудудларда жойлашган 2 фоиз мактабларда махсус реле-антенна технологиясини ўрнатиш ишларини охирига етказиш зарурлигини билдирган.

Ноқис никоҳ айбдорлари

marriage

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Қариндошлари ўртасида тузилаётган никоҳларнинг катта қисми бобо-бувиларнинг ташаббуси остида кечмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова бу борада олиб борилган ижтимоий сўровнома натижаларини жамоатчиликка маълум қилган.

Нурматова шу йилнинг май-июнь ойларида қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва унинг сабабларини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказилганини билдирган.

Сўровномада 200 та тумандан 6,974 нафар фуқаролар йиғини раислари иштирок этган.

Респондентлар жавобларидан қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳнинг 58,1 фоизи бобо-бувилар, 56,4 фоизи ота-оналар, 14,3 фоизи тоға-хола ва амаки-аммалар, 13,2 фоизи опа-сингиллар ҳамда бошқалар ташаббуси билан тузилаётгани маълум бўлган.

Шунингдек, сўровнома ортидан бундай оилаларнинг 25,2 фоизида зиддият-низолар учраётгани, 24,9 фоизида ногирон фарзандлар борлиги, 8,9 фоизида доимий қуда-андачилик келишмовчиликлари бўлаётгани аниқланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek