Ўзбекистон: 5 миллион бераман, 10 миллион бераман, Дубайга юбораман – ҳокимлар “очиққўл” бўлишга ваколатлими? (видео) O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
20 декабрь куни аҳолига мурожаат қилган уч вилояти ҳокими ажабтовур таклифларни ўртага ташлаган. Улар семизликдан қутилган, югурган, маҳалласидаги оилалар ажрашишига йўл қўймаган одамларга миллионлаб сўм мукофот бериш ғоясини илгари урган.
Бир вақтнинг ўзида жамоатчиликда ҳокимларда бюджет пулларини бу тарзда тақсимлашга қанчалик ваколат бор деган, савол пайдо бўлган.
Шунингдек, рағбатлантириш орқали ҳокимлар тилга олган муаммоларни қанчалик юмшатиш мумкинлиги ҳам савол остига олинган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Мирзиёев ҳокимларни жавобгарликка тортмоқчи, Қирғизистон Отабек Умаровни тақдирлади ва пул таклиф қилаётган ҳокимлар – янгиликлар
- Ўзбекистон: Коррупцияда айбланган 14 минг мансабдор ва қандай ҳолда митинглар тақиқланиши мумкин? – Дайжест
- Одамлар нега Ўзбекистондан кетишаяпти? – Ўзбекистон ва дунё
- Ўзбекистон: Қарийб 1,5 триллион сўмлик мега-лойиҳани сенатор ўғли тендерсиз қўлга киритдими?
Аҳолига мурожаатномалар

Сурат манбаси, Farg'ona viloyati hokimligi
20 декабрь куни мамлакат бўйлаб бир қатор вилоят ҳокимлари аҳолига мурожаатнома йўллаган.
Улар ўз ҳудудларида амалга оширилган ва қилинажак ишлар, соҳаларнинг бугунги аҳволи борасида ҳисобот берганлар.
Мурожаатномалар вақти ҳокимлар ўз вилоятларидаги муаммоларни моддий рағбатлантириш йўли билан ечишни таклиф қилганлар.
Масалан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ортиқча вазндан халос бўлган амалдор ва фуқароларга йўқотилган ҳар бир кило вазн учун 500 минг сўмдан беришни ваъда қилган.
У соғлом турмуш тарзига амал қилмасликни бугуннинг энг катта хатоси ўлароқ ҳисоблаши ҳақида гапирган.
Одамлар саломатлиги, асосан, ҳаракатсизлик, нотўғри овқатланиш туфайли ёмонлашиб кетаётганини айтган ҳоким Бозоров бу мукофот пуллари берилиши тартибини шундай тушунтирган:
"Ҳар бир шаҳар-туманда алоҳида комиссия бўлади. Масалан, бир раҳбар ё фуқаро ўзи яшайдиган ҳудуддаги поликлиникага боради ва бугунги сана билан рўйхатдан ўтади. Вазнини ўлчатиб, ёздириб қўяди.
Агар ўша одам олти ойдан кейин 5 килога озса, биз унга энг камида 2,5 миллион сўм пул берамиз. Тасаввур қилинг, 1 кило вазн ташлаганга беш юз мингдан тўлаймиз".
Бозоров ўртага ташлаётган таклифи кулгили эканини тан олган ҳолда одамлар соғлигини ҳимоя қилишда "бошқа йўл йўқ" эканини таъкидлаган.
"Маҳалласи билан саёҳатга жўнатвораман"

Сурат манбаси, Andijon viloyati hokimligi
Фарғона ҳокими билан бир вақтда - 20 декабрь куни аҳолига мурожаат қилган Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам одамлар саломатлиги уни ташвишга солаётганини билдирган.
Аммо у ҳамкасбидан фарқли ўлароқ семизликдан қутилганлар эмас, балки аҳолини пиёда юришга ундай олган мансабдорларни Дубайга саёҳатга жўнатиб юборишни ваъда қилган.
"Битта маҳаллада беш юзта хонадондан ҳеч бўлмаса биттадан одам чиқиб, бир ой эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юрса, ўша маҳалладагиларни барчасини Самарқанд ва Бухорога саёҳатга юбораман.
Агарда маҳалла раиси, участковийи, атрофидагилари уч ой давомида одамларни юришга жалб этса, уларни Дубайга жўнатвораман. Қанча пул кетса ҳам", деган Абдураҳмонов.
У, бундан ташқари, ходимларини мунтазам юришга ундай олган ташкилот раҳбарларини ҳам Дубайга саёҳатга юборишини тилга олган.
Абдураҳмонов президентга "андижонликлар ҳаммамиз юрамиз", деб ваъда бериб қўйганини айтиб, одамларни ўз саломатлиги учун бўлмаса, "ҳоким берадиган рағбат" учун юришга чақирган.
"Унда ҳам бўлмаса, уйингга бориб, мажбурлаб, етаклаб олиб чиқишга мажбур бўламан", таъкидлаган у.
Ажримга йўл қўймаган раислар

Сурат манбаси, Qashqadaryo viloyati hokimligi
Қашқадарёга янги ҳоким бўлиб келган Муроджон Азимов ҳамкасблари қаторида ўзгача таклифни ўртага ташлаган.
Саломатлик эмас, балки ижтимоий масалага эътибор қаратган Азимов 20 декабрь куни келаси йилдан маҳалласида ажрашишларга йўл қўймаган раисларга 10 миллион сўмгача мукофот бериш ҳақида гапирган.
"Янги йил якунида ажримлар содир этилмаган ҳар бир раисга маҳаллий бюджетдан 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача пул мукофоти жорий қилсак, менимча, вилоят молия бошқармаси ва депутатлар бу таклифимизни қўллаб-қувватлайди", деган у мурожаатномаси давомида.
Азимов, бундан ташқари, оилавий ажримлар олдини олиб қолган раислар энг яхши сиҳатгоҳларда бепул даволанишга юборилишини ҳам маълум қилган.
Вилоят ҳокими Қашқадарё оилавий ажримлар сони бўйича республикада юқори ўринда эканидан куйинишини айтган.
"Ҳар бир оила ажрими нафақат икки кишининг, балки уларнинг барча яқинлари қалбида унутилмас изтироб ва армон бўлиб қолади. Ажрашган оилалар жамиятимизнинг цинган бўлакларидир", сўзлаган ҳоким.
Андижонда югуриб, Фарғонада…

Сурат манбаси, Screenshot/Facebook
Табиийки, тармоқ фойдаланувчилари ҳокимларнинг бу таклифларига зудлик билан эътибор қаратганлар.
Айримлар ҳокимларнинг жиддий муаммоларни бундай рағбатлантириш йўллари билан ечишга ҳаракат қилаётганини олқишлаган.
"Амалга оширилаётган бу ташаббус оммалаштирилса, врачларга ҳам, аптекаларга ҳам боришга ҳожат қолмайди. Ёрқин мисол - акам қон босими касаллигидан тонг саҳардан юриш билан тўлиқ халос бўлдилар", изоҳ қолдирган бир Facebook фойдаланувчиси мунозаралар остида.

Сурат манбаси, Screenshot/Facebook
"Ҳозирги ҳокимлар одамлар қадрини ўйлаяпти. Олдин ҳокимнинг одамлар муаммоси билан иши бўлганмиди ҳеч", ёзган бошқа фойдаланувчи.
Бироқ кўплаб ўзбекистонликлар рағбатлантириш йўли билан ҳокимлар тилга олаётган муаммолар юмшаши эҳтимолини савол остига олганлар.
Улар агар ҳокимлар таклифи кучга кирса, ёлғон ҳисоботлар тўлқини бошланиб кетишидан хавотир билдирганлар.
"Ажрашиш нима дегани ўзи? Расмий ажрашиш ва асл оилавий шароит - умуман бошқа-бошқа тушунча. Масалан, эр йиллардан бери Россияда яшаб, Марусядан 2-3 бола кўриб қўйган, лекин амалда расман ажрашмаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда статистика тоза чиқаверади, раис 10 миллионни олаверади, лекин оила аллақачон бузилиб кетган бўлади", ёзган Facebook фойдаланувчиси.
Фарғона ҳокими Бозоров таклифига муносабат билдирган ҳуқуқшунос-блогер Зафарбек Солижонов ҳам "қўшиб ёзиш" кайфиятини тилга олган.
"Мени ўйлантирадиган томони, "қўшиб ёзиш"ни дўндирадиган жамият аъзолари кўплигидан келиб чиқадиган бўлсак, эндиликда "айириб ёзиш" авж олмаса бўлди. Унгача бу таклиф мен учун бир популистик чиқиш холос".
Айримлар эса Андижон вилояти ҳокимининг пиёда кўпроқ юриш таклифига жавобан аксар ҳудудларда пиёдалар учун шароит мутлақо қониқарли эмаслигини таъкидлаган.
"Маҳалламизда эрталаб майли, аммо кечаси свет йўқлиги, лой-балчиқлигидан аранг юрамиз. Олдин йўлларни яхшилаб, кейин шунақа таклиф беришсада", ёзғирган Facebook фойдаланувчиси.
Ҳокимлар таклифларига ҳазил-мутойиба билан қараганлар ҳам кўплаб учраган.
"Анжанда роса югуриб, кейин Фарғонада тарозига чиқишли бўляпти", ҳазил пост қолдирган Facebook'да карикатуралари билан танилган Ҳабикатура саҳифаси муаллифи.
"Қизиқ, биз имкони йўқлигидан тўйиб овқатланолмай озиб кетганлар ўрнига семириб ётганларга пул берадиган халқмиз. Оловринглар, давлатимиз камайиб қолмайди", киноя қилган бошқа фойдаланувчи.
Давлатнинг пули йўқ?

Сурат манбаси, Shaxsiy arxiv/Gazeta.uz
Бироқ аксар муҳокамаларнинг асосий эътибори бюджет пулларини бу тарзда тарқатишга ҳокимлар қанчалик ваколатли эканига қаратилган.
Шунингдек, аҳолини бундай рағбатлантиришга уриниш иқтисодий жиҳатдан қанчалик ўзини оқлаши ҳам савол остига олинган.
"Фарғона 3 миллион одам яшашини ҳисобга олсак, эртага айтайлик 100 мингта одам 5 килодан озса, Бозоров жаноблари қаердан пул топиб берар эканлар?" савол қўйган Facebook фойдаланувчиси.
Шунингдек, рағбатлантиришга таклиф қилинаётган маблағларни иш ўринлари яратиш, муҳтож инсонлар шароитини яхшилашга йўналтириш зарурлигини таъкидлаганлар ҳам кўплаб топилган.
20 декабрь куни Хайрулло Бозоровнинг ўзи ҳам Фарғона вилоятида айни вақтда 163 минг нафар ишсиз борлиги, ҳар йили меҳнат бозорига ўртача 50—60 минг нафар ёш кириб келаётгани ҳақида гапирган эди.
Таниқли иқтисодчи Ботир Қобилов эса давлатнинг пули тушунчаси аслида йўқ экани, барча пуллар солиқ тўловчиларга тегишли экани ҳақида ёзган.
Қобилов бу пулларни тақсимлаш ваколати эса фақат парламентда бўлиши шартлигини таъкидлаган.
Иқтисодчи ҳокимлар дохил ижро ҳокимияти вакилларини "бошқалар пулини бошқаларга сарфлайдиганлар" тоифасига киритган.
"…бировни пулини бировга сарфлашда сизда пулни тежашга ҳам, қийматни оширишга ҳам рағбат йўқ", фикр билдирган Қобилов.
Унинг ёзишича, ҳокимлар ва бошқа ижро ҳокимияти вакиллари айнан парламент кучи, ҳисобдорлик ҳисси, назорат ва шаффофлик йўқлигидан солиқ тўловчилар пулларини тежаш, самарали сарфлаш борасида қайғурмайдилар.
"Улар йиғилган солиқ тўловчиларнинг пулларини сарфлайдилар, кимга-қаерга-неча пул деган қарор қабул қиладилар (бундай қарорларни қабул қилиш фақат парламентда бўлиши керак аслида, ижро ҳокимияти ёки ҳокимларда эмас).
Хуллас, уларнинг устидан назорат, ҳисобдорлик, шаффофлик бўлмаса пулга бўлган қайтимни максималлаштиришга уларда рағбат ўзидан-ўзи пайдо бўлмайди. Бу бюджет, яъни солиқ тўловчиларнинг пуллари самарали ишлатилмаслигига олиб келади", таъкидлаган иқтисодчи.
22 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳридаги учрашувда Тошкент вилоятининг собиқ ҳокимларини мисол келтириб, маҳаллий ҳокимликлардаги кадрлар муаммосини тилга олган эди.
"Мисол учун, Андижон вилоятида 30 йилда ҳокимлар сони кўп бўлмаган. Лекин Тошкент вилоятига, мажозий маънода айтганда, 30 та ҳоким келиб-кетди.
Нега? Чунки ишни эплайдиган яхши кадрлар топиш қийин. Бири коррупцияга йўл очади, бошқаси дарров ғўддайиб, оёғи ердан узилади. Мен амални бераман, лекин арқонни узун ташлаб қўяман", деган президент.















