Ўзбекистон: Гулноранинг $70 миллион пули қайтарилади ва Термиздан Афғонистонга қандай ёрдам жўнатилди? – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Instagram/iman.k17
- Швейцария суди Гулноранинг $70 миллион маблағини қайтаришга қарор қилди;
- Ўзбекистон юборган ёрдам Афғонистонга етиб борди;
- ССВ ҳамширалар маошидан ушлаб қолингани ҳолатини ўрганади;
- Қорақалпоғистонда камёб табиат ҳодисаси кузатилди;
Гулнорага қайтган пул
Швейцария федерал жиноят суди бенефициар соҳибаси Гулнора Каримова бўлган Takilant компаниясининг $293 миллиондан зиёд маблағини мусодара этган.
Швейцаридаги Swissinfo ахборот агентлигининг суд маълумотларига таяниб ёзишича, компаниядан мусодара қилинган активларнинг умумий қиймати $350 миллиондан зиёдроқни ташкил этган.
Суд Каримова ва унинг ёрдамчиси дохил бир неча шахслар кенг кўламли пул ювишда айбдор, деб топилганидан ушбу маблағларнинг катта қисми мусодара қилиниши лозим, деган қарорга келган.
Бироқ бир неча компанияларга алоқадор бўлган $70 миллион атрофидаги маблағ жиноят натижасида қўлга киритилган, дея топилмагани учун Takilant компаниясига қайтариладиган бўлган.
Швейцарияда Гулнора Каримовага алоқадор суриштирув иши 2012 йилда бошланган эди.
Ўшанда, мамлакат Федерал прокуратураси ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пул ювиш айбловларига боғлиқ равишда Каримованинг шахсий ёрдамчиси ҳамда Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги филиали менежерига нисбатан суриштирув бошлаганди.
Кейинроқ, 2013 йилда дипломатик дахлсизлигидан маҳрум этилган Гулнора Каримованинг ўзи ва унинг қариндоши масаласи ҳам суриштирув доирасида ўрганила бошланган.
2019 йилдаги баёнотида Швейцария Федерал прокуратураси жиноий схемалар орқали қўлга киритилган Гулнора Каримовага тегишли пуллар хорижий давлатлар, асосан, Швейцарияда "ювилгани"ни билдирган эди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Швейцария Гулнора Каримованинг 133 миллион долларини Ўзбекистонга қайтармоқчи
- Толибон қўл остидаги ҳаёт: маҳраминг қани?
- Ўзбекистон: 5 миллион бераман, 10 миллион бераман, Дубайга юбораман – ҳокимлар “очиққўл” бўлишга ваколатлими? (видео)
- Одамлар нега Ўзбекистондан кетишаяпти? – Ўзбекистон ва дунё
Афғонистонга етиб борган кўмак

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyati hokimligi
Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдами ортилган поезд Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига етиб борган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, қўшни мамлакат халқига юборилган ёрдам, асосан, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат бўлган.
"…ушбу инсонпарварлик ёрдами 1000 тонна ун, 60 тонна шакар, 200 тонна гуруч, 10 минг дона ёғ, 26 минг 500 дона мураббо, 26 минг 200 дона сабзавот консерваси, 30 тонна пишириқ, 14 минг 200 дона бир марталик тайёр овқат (доширак), 20 минг дона аёллар ва эркаклар кийими, 15 минг дона эркаклар, аёллар ва болалар пайпоғи, шунингдек, кўмир ёқилғисидан ташкил топган…", дейилади ҳокимлик хабарида.
Ёрдамни Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов қўшни мамлакат ҳукумати вакилларига топширган.
23 декабрь куни инсонпарварлик ёрдами ортилган 63 вагондан иборат поезд Термиздан Афғонистон томон жўнаб кетган эди.
Ҳамширалар ва Қизил ярим ой

Сурат манбаси, Telegram/tentakminds
ССВ шифокорларнинг ойлик маоши мажбурий тарзда ушланиб қолаётгани борасидаги хабарлар ортидан ўрганиш ишларини бошлаган.
23 декабрь ижтимоий тармоқда пойтахтнинг Чилонзор туманидаги оилавий поликлиникалардан бири ҳамширасининг ўз иш ҳақининг бир қисми Қизил ярим ой жамиятига ўтказилишига розилиги акс этган хат сурати тарқалган.
"Менинг декабрь ойи иш ҳақимдан 1 фоизини Қизил ярим ой жамияти фондига ўтказишингизга розиман", дейилади ҳамширанинг поликлиника бош шифокори номига ёзилган аризасида.
Ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилган ССВ тизимдаги "ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши"ни таъкидлаган.
Вазирлик муносабатида, шунингдек, камчиликка йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли жазо чоралари кўрилиши ҳам билдирилган.
Камёб қор

Сурат манбаси, Chimboy tumani hokimligi
Қатор маҳаллий нашрлар мамлакатда тобора камёблашиб бораётган табиат ҳодисаси - қор ёғишига эътибор қаратганлар.
24 декабрь куни Қорақалпоғистон бўйлаб ёғган қор суратлари тармоқда тарқала бошлаган.
Gazeta.uz нашри қорақалпоғистонлик расмийлар маълумотларига асосланиб, қор ёғиши ортидан мингдан ортиқ Дамас машиналари, туманлараро йўловчи ташувчи автобуслар қатнови вақтинча тўхтатилгани ҳақида ёзган.
Шунингдек, ҳудудий расмийлар нашрга ҳудуддаги совуқ ҳаво 3-4 кун давомида сақланиб қолишини билдирганлар.
Жума куни Ўзгидромет республиканинг шимолий ҳудудларига совуқ антициклон кириб кела бошлагани, якшанба куни эса барча ҳудудларда ёмғир қорга айланиши кутилаётганини хабар қилган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















