Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг кўмагига муҳтож Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Европа Иттифоқи минтақа давлатларига даъват билан чиқди. Улардан Беларусь ва қочқинлар масаласида ёрдам сўради. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Афғонистоннинг шимолий қўшнилари бўлишади. Толибон Афғонистонида ҳам ҳозир бу масала ўта актуал ҳисобланади.
Рейтер ахборот агентлигининг ёзишича, ёрдам сўрови шу ҳафта бошида Тожикистон пойтахтида янграган.
Душанбе 22 ноябрь куни Европа-Иттифоқи - Марказий Осиё форматидаги ташқи ишлар вазирларининг 17-йиғилишига мезбонлик қилган.
Ҳисоб-китоб: Афғон уруши қанчага тушди? Афғонистон ва Толибон
Алоқадор мавзулар:
Душанбедаги учрашув

Сурат манбаси, official
Йиғинда Европа Иттифоқини Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель ва халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайн намоён этган.
Иттифоқ вакиллари Беларусь мигрантлардан ўзининг сиёсий мақсадлари йўлида суиистифода қилаётганини таъкидлашган.
Минтақа давлатлари вакилларидан бунинг олдини олишда кўмак қилишларини сўрашган.
Европа Иттифоқининг юқори мартабали дипломатларининг сўровига уларнинг жавоби қандай бўлгани маълум эмас.
Душанбедаги учрашувдан имконли бўлган хабарларда бунинг тафсилотлари ноаён қолган.
Сўнгги янгиликка расмий Минскнинг муносабати ҳам ҳозирча маълум эмас.
Беларусь аксарият Марказий Осиё давлатларининг стратегик шериги ва иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлади.
Молиявий рағбат

Сурат манбаси, official
Иттифоқ вакиллари худди шу йиғин чоғида иштирокчиларга Афғонистон ва унга қўшни давлатларни дастаклашга қаратилган бир миллиард евролик ёрдам режаларини ҳам тақдим этишган.
Молиявий кўмак уларни зарур гуманитар ёрдамдан тортиб, миграцияни бошқаришгача бўлган соҳаларда дастаклашни кўзда тутиши маълум бўлган.
Брюссель бераётган бунча пули эвазига Марказий Осиё давлатларининг қочқинларга бошпана бериб туришларини ҳам кўзда тутаётганлиги-йўқлиги маълум эмас.
Иттифоқнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайн бу масалага ойдинлик киритмаган.
Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё мамлакатлари эса, Афғонистонга бевосита чегарадош.
Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам бу давлатдан унча узоқда жойлашмаган.
Аммо улардан кўпчилиги ҳозирча афғон қочқинларини қабул қилишга рўйхушлик билдиришмаган.
Брюссель Беларусни Яқин Шарқ ва Афғонистондан минглаб қочқинларнинг учиб келишини таъминлаш, уларни Польша, Литва ва Латвия орқали Европа Иттифоқига ўтишга ундашда айблайди.
Худди шу қочқинлар боис яқинда Польша ва Беларусь чегарасида юзага келган танглик қуролли низога айланиб кетиши, Европа газсиз қолишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилган.
Орада худди шу инқироз ортида турганликда айбланган Россия президенти Владимир Путиннинг ҳам вазиятга шахсан ўзи эътибор қаратгани, масалани бир неча бор Александр Лукашенко билан гаплашиб олгани ҳам маълум бўлганди.
Душанбедаги йиғин ва Европа Иттифоқининг унда янграган ёрдам сўрови мигрантлар инқирози бироз юмшаган бир пайтга тўғри келган.
Йирик миқдордаги молиявий кўмаклар кесиб қўйилган, четдаги миллиардлаб долларлик активлари музлатилган, иқтисоди таназзулга ва аксарият аҳолиси очарчиликка юз тутиш хавфи остида қолган Толибон Афғонистонида эса, бу мавзу ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Қўшма баёнот

Сурат манбаси, Screenshot/arxiv
Томонлар якуний қўшма баёнотларида одамларнинг тартибсиз ҳаракатланишининг олдини олиш ва муҳожирлар контрабандасига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришнинг зарурлигини эътироф этишган.
Чегараларини бошқаришда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга ҳаракат қилишларини айтишган.
Ўзбекистон эса, Польша ва Беларусь чегарасидаги мигрантлар инқирози ўзининг авж нуқтасига етган палладаёқ муайян чекловларга қўл урган.
17 ноябрдан бошлаб расмий Тошкент олти давлат - Ироқ, Сурия, Афғонистон, Яман, Ливан ва Ливия фуқароларининг Ўзбекистон орқали Беларусга учишини вақтинча тақиқлагани айтилган.
Аммо Ўзбекистондан имконли бўлган хабарларда бу тақиқнинг аниқ қачонгача амалда бўлиши тафсилотлари очиқланмаган.
Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши манзарасида Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатларига қочиб ўтган юзлаб қочқинлар аксариятининг ортга қайтарилгани ва қайтарилаётгани айтилади.
Ўзбекистон коронавирус билан боғлиқ кескинлашаётган вазият изоҳи билан Афғонистон билан чегарасини ҳали толиблар қудратга келмай туриб, шу йил июнь ойида бир томонлама ёпган.
Сўнгги янгилик, бошқа томондан, расмий Вашингтоннинг қатор Марказий Осиё давлатларига ҳарбий базалари ва қочқинларни жойлаштириб туриш сўрови ижобий жавоб топмаётганига оид хабарлар фонида бўй кўрсатган.
Афғонистон Ироқ ва Сурия билан бирга дунёнинг ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топишга муваффақ бўлган учта давлатидан биттасидир.
Минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналувчи Толибон эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонда илк бор байъат келтирган гуруҳ бўлади.
Бу ҳаракат сафларида Ўзбекистондан ташқари қолган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳам жанг қилишгани ишонилган.
Ҳозир нафақат Марказий Осиё давлатларининг ўзлари, балки-да Россия ҳам қочқинлар минтақадаги вазиятни беқарорлаштириб юбориши мумкинлигидан хавотирда экани кўрилади.
Россия ҳали-ҳануз Марказий Осиёни ўзининг "жанубий сарҳадлари", деб билади.
Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида расмий Москванинг айни мазмундаги оҳанги янада кучаяётгани ҳам сезилади.
Қочқинлар ва Ғарбнинг ҳарбий базалари масаласида ҳам ўзини якуний сўзни айтиш мавқеида тутишга ҳаракат қилаётгани кўрилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












