Пандемия миллионлаб одамни миллионер қилди: Янги бойлар кимлар? Ўзбекистон ва дунё O’zbekiston, Россия, dunyo, koronavirus, yangiliklar

Ўзбекистон

Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ҳам ўз иқтисодларини ўнглаш ва етарлича озиқ-овқат ғамлаш пайида бўлган бир пайтда бўй кўрсатган бу янгилик кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмади.

Сўнгги ҳисоб-китоблар пандемия даврида миллионлаб одамнинг миллионерга айланганини кўрсатди.

Маълум бўлишича, ўтган йили дунёдаги жами миллионерларнинг сони 56 миллиондан ошиб кетган.

Бир йилнинг ўзида уларнинг сафларини 5 миллион 200 мингта янги миллионер тўлдирган.

1 фоиздан ортиқ катта ёшдаги одам илк бор миллионер бўлган.

Маълум бўлишича, бир йилнинг ўзида миллионлаб инсоннинг бунчалик бойиб кетишига бир қанча сабаб туртки берган.

Фонд биржалари фаолияти қайта тикланиб, уй-жой нархларининг ошиб бораётгани уларга жуда қўл келган, бойлигига бойлик қўшган.

Тадқиқотчиларнинг айтишларича, бунча бой ва бойликнинг пайдо бўлишига пандемия яратган иқтисодий муаммолар ҳам тўсқинлик қила олмаган.

Фоиз кўрсаткичларининг пасайиши ва ҳукуматнинг кўмак дастурлари катта миқдордаги бойликнинг давлат секторидан уй хўжалиги секторига ўтишига олиб келган.

Бу эса, уй хўжалиги жамғармаларининг кескин ошиши, улар молиявий активларининг ўсиши ва қарзларининг камайишига сабаб бўлган.

Фонд биржалари фаолияти қайта тикланиб, уй-жой нархларининг ошиб бораётгани одамларга жуда қўл келган, бойлигига бойлик қўшган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фонд биржалари фаолияти қайта тикланиб, уй-жой нархларининг ошиб бораётгани одамларга жуда қўл келган, бойлигига бойлик қўшган

Ўтган йили, одатда, 30 миллион доллардан ортиқ инвестиция активларига эга эканликлари билан баҳоланувчи ўта юқори даромадга эга инсонлар сони дунё бўйлаб қарийб чорак фоизга ортган.

Тадқиқотчиларга кўра, бунақаси жаҳонда 2003 йилдан буён кўрилмаган.

Credit Suisse нинг айтишича, ўз ҳисоб-китобларида одамларнинг уйлари каби инвестицион ва инвестицион бўлмаган активларни ҳам инобатга олишгани учун уларнинг миллионерларнинг сонига оид рақамлари бошқаларникидан кўп бўлиб чиққан.

Global Wealth Report ҳисоботи муаллифи иқтисодчи Энтони Шоррокс эса, пандемиянинг "жаҳон бозорларига таъсири узоққа чўзилмагани, 2020 йилнинг июлига қолмай, вазият ўнглана бошлаган"ини таъкидлайди.

Унга кўра, "бунга ўхшаш беқарор бир вазият глобал бойликка таъсир қила олмаган, аксинча, йилнинг иккинчи ярмига бориб, у шиддат билан орта бошлаган".

Унинг маълум қилишича, глобал бойлик шу орада 7,4%га кўпайган.

Аммо янги миллионерлар дунёнинг айнан қай бир давлатлри ҳисобига келиши тафсилотлари очиқланмаган.

Шу йил бошида Oxfam эълон қилган бошқа бир ҳисобот дунё 10 та энг бой одамининг бойлиги пандемия даврида $540 миллиард долларга ортганига далолат қилган.

Ноҳукумат ташкилот ўшанда бунча миқдордаги бойлик дунёдаги ҳар бир одамнинг коронавирус сабабли қашшоқлашиши олдини олиш ва улар барчасини ковидга қарши эмлашга етишини айтган.

Оxfam ҳукуматларни ўта бойларга солиқ солиш масаласини кўриб чиқишга ҳам чақирганди.

Камбағалларни қашшоқ қилган

Kambag'allar

Сурат манбаси, Getty Images

Худди шу манзарада глобал коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб камбағалларни қашшоққа айлантираётгани ҳам жиддий хавотирга молик масалалардан бирига айланган.

Дунёнинг аксарият давлатларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш кун тартибига чиққан асосий масала даражасига етган.

Бунга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шу ой бошида эълон қилган ҳисоботи ҳам яна бир бор далолат қилган.

Ташкилот ўз ҳисоботида дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархи шиддат билан ошиб бораётганидан ташвиш билдирган.

Ҳисоботда бунақаси бу яқин ўн йилда кузатилмагани таъкидланган.

Ташкилот инфляция янада кучайиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Бунинг жаҳон иқтисодининг тикланишига салбий таъсир қилиши мумкинлигидан жиддий хавотир билдирган.

Ўшанда нарх-наволарнинг бунчалик ошишига глобал коронавирус пандемиясининг озмунча таъсирга эга бўлмагани алоҳида таъкидланганди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва камбағалликни аритиш глобал коронавирус пандемияси фонида Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатлари ҳукумат даражасида эътибор қаратаётган мавзу, муаммолардан бири бўлади.

Минтақада аҳолиси энг йириги бўлган Ўзбекистонда мамлакат президентининг ҳали ўтган йил бошидаёқ пандемиянинг иқтисодий асоратларини юмшатишга қаратилган қатор ташаббуслар билан чиққани кўрилган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Шавкат Мирзиёев ўз эътиборини томорқалардан унумли фойдаланишга қаратган, уларда бозорбоп экинларни экишни таъминлашга кўрсатма берган.

Ўзбекистон президенти ўшанда мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Президент Мирзиёевнинг бу ташаббуси энг аввало мамлакат бозорларидаги нарх-наволарни арзонлаштиришга қаратилганига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам гўшт ва ўсимлик ёғи каби айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши ҳатто маҳаллий нашрларнинг ўзларида ҳам сарлавҳаларга чиққан, изчил ёритилган мавзулардан бирига айланган.

Мавжуд вазият аҳоли орасида ҳукумат нарх-наво назоратини ўз қўлига олиши, тартибга солиши лозимлигига оид талаб, таклифларга ҳам сабаб бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам прокурор ва департамент бозор директорларини нарх борасида назорат қилмаётганини айтиб, танқид қилган.

Ўзбекистон президенти нарх-наволарни маъмурий йўллар билан назоратга қилиш топшириғини ҳам берган.

Президент чиқишидан сўнг айрим жойларда ҳокимлар нархларни назорат қилишга киришиб кетишган.

Аммо Ўзбекистон Марказий Банк раиси бозор нархларининг давлат томонидан тартибга солиниш чорасига қарши эканлигини билдирган.

Бош банкир Мамаризо Нурмуратов ўшанда маъмурий йўллар билан аралашув давлат сиёсати эмаслигини айтиб, айбни маҳаллий ҳокимият вакилларига юклаган.

Аммо айрим иқтисодчилар президентнинг топшириғини ёқлаб чиқишган, баъзи ҳолатларда маъмурий йўллар билан нархларни тартибга солиш самара беришини ҳам айтишганди.

Худди шу манзарада масъулларнинг бошқа давлатлардан гўшт келтириш, биржада пахта ёғини сотиб олишни чеклаш каби қатор чораларга қўл урганликлари ҳам кўрилган.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса, ўзининг бу йилги Рамазон Ҳайити табригида ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Худди шу муаммони назарда тутиб, ўз халқини жорий йил "энг қийинларидан бири бўлиши мумкинлиги" билан ҳам огоҳлантирганди.

Сўнгги икки йил ичида бойлар ва уларнинг бойликлари ҳақида эълон қилинган ҳисоботларда уларнинг пандемия асоратларини юмшатишга қўшаётган улушлари ҳам тилга олинмай қолмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek