Коронавирус, Алишер Усмонов: Пандемия бой-камбағал танламайди - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Алишер Усмонов Ўзбекистонга бот-бот келадиган бўлган

Ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов коронавирус сабаб ўзини Тошкентдаги уйида изоляция қилган.

Бу ҳақда Усмоновнинг ўзи Forbs нашрига билдирган.

Русча Forbsнинг USM Holdings асосчисидан иқтибос келтиришича, 66 ёшли Усмонов "риск гуруҳи"га киргани боис ўзини изоляция қилишни кечиктирмаган.

"Мен ҳам риск гуруҳига кирганим учун, ўзимнинг тарихий ватанимда, Тошкент шаҳрида ўзимни изоляция қилдим", деб айтган Россия ва Британиянинг энг бой одамларидан бўлган Алишер Усмонов.

Усмонов нима учун айнан Тошкентда ўзини изоляция қилганини очиқламаган.

Шунингдек, у пандемия вақтидаги бизнес ёки хайрия режалари борасида ҳам маълумот бермаган.

Ижтимоий тармоқларда айрим ўзбекистонликлар Усмоновнинг қаердалиги билан қизиқишган ва у коронавирусга қарши курашда ўзбекларга ёрдам берадими, деган саволларни ҳам сўрашган.

Бизнесга таъсири

Усмонов коронавирус ўз бизнесига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида гапирмаган, аммо унинг сўзларига кўра, вируснинг дунё иқтисодига таъсири катта бўлади.

"Шубҳасиз, коронавирус пандемияси бизнесга ва афсуски, бутун дунё иқтисодига таъсир қилади. Тадбиркорларда нафақат активлар, балки мажбурият ҳам бор. Улар учун вируснинг ўзи ҳам, унинг атрофидаги, бозорни чайқатадиган ахборот тўлқини ҳам хавфли", деган Алишер Усмонов.

У пандемия бой-камбағал танламаслигини айтган.

"Пандемия учун ҳамма бир хил. Худо сақласин!", деган миллиардер.

Унинг айтишича, ҳозирда энг муҳими глоба офатга қарши бирлашиш.

"Ҳозир энг муҳими, дунё раҳбарлари сиёсий иродани намойиш этишлари, геосиёсий келишмовчиликларга қарамасдан, одамларнинг саломатлиги ва бахтиёрлиги учун глобал таҳдид қаршисида бирлашишлари зарур", деб айтган Усмонов.

Алишер Усмонов Forbs журналининг 2019 йилги рейтингида 12млрд 600 млн доллар билан Россиянинг тўққизинчи энг бой одами сифатида қайд этилган.

Facebook ижтимоиц тармоғига биринчилардан бўлиб сармоя киритган Усмонов 2018 йилда Лондонннг "Арсенал" футбол клубидаги 30 фоиз ҳиссаларини 700 млн долларга сотган.

Унинг ўзи ҳозиргача санъат, маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш мақсадларига 2,6 млрд доллар хайрия қилганини айтган.

Ўтган йили Усмонов ўзи туғилган Наманган вилоятига 100 млн доллар беғараз маблағ ажратгани маълум қилинган.

Дунё бойларининг ҳиммати

Пандемия дунёнинг тўрт бурчагига ёйиларкан, дунёнинг айрим энг бой одамлари коронавирусга қарши ва дунё иқтисодини қутқариш учун курашга қўшилганлар.

"Микрософт" асосчиси Билл Гейтс вакцина ишлаб чиқиш ва вирус тадқиқотларига миллионлаб доллар маблағ ажратган.

Британиялик миллиардер Ричард Брэнсон ўз ходимларининг айрим молиявий мажбуриятларини зиммасига олган.

"Чэлси" футбол жамоаси соҳибир Роман Абрамович эса лондонлик шифокорларнинг Стемфорд Бридждаги беш юлдузли меҳмонхона қолишлари учун барча харажатларни тўлаб беришларини айтган.

Жоржио Армани биринчилардан бўлиб хайрия қилган, у Миландаги шифохона ва Италиядаги иккита вирусология лабораторияси учун 1.3 миллион доллар ажратган.

Италиянинг собиқ бош вазири Силвио Берлускони вирус ўчоғи бўлган Ломбардияда эса янги шифохона қурилиши учун 10.7 миллион доллар берган.

коронавирус