Ўзбекистон: “Янги йилни уйда кутинг” ва Андижонда норози одамлар яна кўчага чиққан — янгиликлар, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, Marifat.uz
Ўзбекистон: "Янги йилни уйда кутинг" ва Андижонда норози одамлар яна кўчага чиққан — расмий хабарда ҳудудий раҳбарлар одамлар билан суҳбатлашгани ва газ таъминотини қайта тиклаш ишлари олиб борилаётгани айтилади. Яқинда худди шунга ўхшаш ҳолат Бухоро вилоятида ҳам кузатилганди. bbcuzbek.com дайжести.
Ўзбекистонда Янги йил муносабати билан корпоратив байрам тадбирларини ўтказиш тақиқланди, байрамни оила даврасида ўтказиш тавсия этилди.
Бу ҳақида Республика махсус комиссиясининг 13 декабрь куни эълон қилинган баёнотида сўз боради.
Баёнотда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларига турли хил корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқлангани маълум қилинган.
"Вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларига корпоратив байрам тадбирларидан тежаб қолинган маблағларни таълим, соғлиқни сақлаш, меҳрибонлик уйлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириш тавсия этилди", дейилади Республика махсус комиссияси қарорида.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабаларига ҳам ёпиқ биноларда байрам тадбирлари ўтказиш тақиқланган.
Республика махсус комиссияси фуқароларга "янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш"ни тавсия этган.
Андижонда одамлар норозилик билдирган

Сурат манбаси, Socialmedia/screenshot
11 декабрь куни ижтимоий тармоқда одамлар газ ва электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдираётгани айтилган яна бир видео тарқалган.
Видео изоҳида ҳолат Андижон вилоятида юз бергани маълум қилинган.
Атиги 9 сониялик ушбу қисқа видеода, асосан, аёллардан иборат норозилар катта йўлни тўсиб қўйгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари эса улар билан суҳбатлашаётгани кўринади.
"Мана хотинлар норозилик қиляпти. Газ керак, свет керак, деб чиқишибди мана", дейди кадр ортидаги овоз.
Шу куннинг ўзида ҳолат юзасидан расмий баёнот берган "Ҳудудгаз Андижон" газ таъминоти филиали норозилик билдирган аҳоли 10 декабрь куни кеч соат 19.20 чамасида Андижон шаҳридаги "Ўзбекистон" ва "Бобур" шоҳкўчалар кесишмасидаги қатновни тўсиб қўйишга уринганини маълум қилган.
Расмий хабарда ҳудудий раҳбарлар одамлар билан суҳбатлашгани ва газ таъминотини қайта тиклаш ишлари олиб борилаётгани айтилади.
9 декабрь куни Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қоракўл туманларида ҳам табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлардан норози одамлар катта йўлларни тўсиб қўйишга уринган эди.
Ўхшаш ҳолатлар 2019 йилда ҳам Андижон, Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда кузатилган.
"Помидордан вирус топилмади"

Сурат манбаси, kun.uz
Фарғонада етиштирилган помидорда Россия важ қилган вирус топилмаган.
Россиянинг Фарғона вилоятида етиштирилган ўсимлик маҳсулотларига тақиқ қўйганига муносабат билдирган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров журналистларга бу ҳақида маълум қилган, дея ёзмоқда Kun.uz нашри.
26 ноябрь куни Россия юқумли жигар ранг бурушиқ вируси топилгани важи билан Фарғонадан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаб қўйган эди.
Хайрулло Бозоровнинг сўзларига кўра, Россия назорат органи вирусни аниқлаган маҳсулот Марғилон бозоридан 5 килограмм миқдорида олиб борилган бўлган.
Бироқ вилояти ҳокими маҳсулотни етиштирган деҳқоннинг бошқа помидорларида бундай вирус топилмаганини билдирган.
У, шунингдек, Фарғонадаги бирорта иссиқхонада ҳам бундай вирус аниқланмаганини қўшимча қилган.
Афғон аёллари Ўзбекистонда ўқийди

Сурат манбаси, official
Афғонистонлик 10 нафар аёл агрономия соҳаси бўйича таҳсил олиш учун Ўзбекистонга келди.
Бу ҳақида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси хабар бермоқда.
Маълум этилишича, Агрономия соҳасида техник ва касб-ҳунар таълими ва ўқитиш дастури бўйича биринчи гуруҳ ўлароқ келган бу аёллар Ўзбекистонда яқин 2,5 йил давомида таълим оладилар.
Расмий хабарда афғон аёлларини ўқитиш учун Европа Иттифоқи томонидан 2 миллион евро маблағ ажратилгани ва БМТ Тараққиёт Дастури томонидан 2020-2025 йиллар давомида 50 нафар афғонистонлик ёш аёллар Ўзбекистон ҳамда Қозоғистонда ўқиши маълум қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















