Фарғона, расман: Шуҳрат Ғаниев ҳокимликдан кетди, Бош вазир ўринбосари этиб тайинланди - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Shuhrat G'aniyev

Сурат манбаси, fergana.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Фарғона, расман: Шуҳрат Ғаниев ҳокимликдан кетди, Бош вазир ўринбосари этиб тайинланди - Фарғона вилояти ҳокими Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади. Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Би-би-си га ушбу хабарни тасдиқлади:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳукуматнинг расмий ахборот агентлиги бўлмиш ЎзА бугун - 25 сентябрь куни Фарғона вилоятига янги ҳоким тайинлаш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилган. Шуҳрат Ғаниевнинг бошқа ишга ўтиши айтилган. Аммо расмий хабарда бу ишнинг айнан нимадан иборат экани тафсилотлари очиқланмаганди.

«Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда Наманган вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Хайрулла Бозоровни Фарғона вилояти ҳокими этиб тайинлаш масаласи кўриб чиқилади. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса бошқа ишга ўтиши кутилмоқда», дейилганди расмий хабарда.

Шунингдек, ЎзА 25 сентябрь куни Наманган вилояти ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтиб, унда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганини ҳам қўшимча қилинганди.

25 сентябрь тонги маҳаллий матбуотда ҳам Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг бошқа лавозимга ўтаётгани тўғрисидаги хабарлар билан бошланган эди.

Мамлакатдаги икки етакчи нашр - Kun.uz ва Daryo.uz ўз манбаларига таянган ҳолда Ғаниев Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.

Шунингдек, ушбу нашрлар Наманган вилоятига ҳокимлик қилиб келаётган Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими этиб тайинлаши ҳақида ҳам хабар берган эди.

20 сентябрь куни Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Ўктам Барноев коронавирусга чалиниши ортидан вафот этгани хабар қилинган.

«Ҳоким ўз кабинетида»

Farg'ona viloyati hokimi

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, Шуҳрат Ғаниевнинг ҳокимликдан кетди

Би-би-си куннинг биринчи ярмида ушбу хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов билан боғланган эди.

Суҳбатда давомида Обидов бу хабарларни на тасдиқлай, на рад эта олишини билдирган эди.

«Шуҳрат Ғаниев кеча кечки пайт Бош вазир ўтказган селекторда вилоят ҳокими сифатида иштирок этди. Бугун эрта тонгда вилоят ҳокими сифатида ўз кабинетида ишлаб ўтирибди, лекин ҳаммаси бугун аниқ бўлади», деган эди Муҳаммаджон Обидов.

Шуҳрат Ғаниев президент Шавкат Мирзиёев томонидан давлат мукофоти билан тақдирланган саноқли вилоят ҳокимларидан бири бўлади.

Ўзбекистон раҳбари ўтган йил уни "Меҳнат шуҳрати" орденига муносиб кўрган.

Мазкур янгилик Фарғона вилоят ҳокимининг 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган Риштон туманига бориб кечирим сўрашидан кун ўтиб бўй кўрсатган.

Худди шу боис, бу хабар ўшанда аксарият ўзбекистонликларнинг таажжуб, тушунмовчилик, истеҳзо ва кинояларига сабаб бўлмай қолмаганди.

Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон мустақиллиги тарихидаги фаолияти энг кўп зиддиятларга сабаб бўлиб келаётган, таъбир жоиз, сўконғич ҳокимлардан бири экани ҳам кўрилади.

Ҳокимнинг ўз фаолияти ва айтган сўзлари ҳақида маҳаллий журналистларга кўп бор изоҳ ва тушунтириш беришига тўғри келган.

Журналист ва блогерлар билан учрашув ҳар сафар ҳокимнинг интернетга сизган можароли аудиолари ортидан юз берган.

Ўтган йил сентябр ойида ана шундай шов-шувли аудиоёзувларнинг бири ортидан, Сенат Регламент ва одоб комиссияси томонидан қатъий огоҳлантирилган, унга уч ойлик муҳлат ҳам берилган.

Худди ўша йилнинг декабрида Шуҳрат Ғаниев вилоят ҳокими истеъфосини талаб қилган блогернинг "жанозаси ўқилиши керак"лигини айтган.

Ҳокимнинг матбуот хизмати аввалига аудионинг унга тегишли эканини рад этган, аммо кейинроқ Бош прокуратура Ғаниевники деб ишонилган аудиони текшираётганини айтган.

Бунинг ортидан, Бош прокуратура блогернинг жанозасини ўқитиш тўғрисида буйруқ берган овоз Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканлигини тасдиқлаган.

Лекин прокуратура ҳокимнинг ушбу таҳдидларида жиноят аломатлари топилмаганини айтган.

Бироқ прокуратура Шуҳрат Ғаниев Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари талабларини бузганлиги учун интизомий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига хат юборган.

Ҳокимга интизомий чора кўриши керак бўлган Вазирлар маҳкамаси Ғаниев иши янги йилдан сўнг маълум қилинишини билдирганди.

Яқинда Қирғизистон билан чегарадош Сўх туманида юз берган тартибсизликлар чоғида Ғаниев жароҳатланган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳокимнинг қўпол муомаласи ва "Сўхни харитадан ўчириб юбориш" ҳақидаги таҳдидларидан ғазабга келгани айтилади.

Ижтимоий тармоқларда Ғаниевни истеъфога чиқариш чақириқлари янграган, аммо Мирзиёев бу чақириқларни рад этган.

Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон тарихида Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси томонидан расман огоҳлантирилган ва муҳлат берилган ягона сенатор ва ҳокимдир.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, ҳокимларни ўзининг жойлардаги вакили деб эълон қилган ва ДХХ ҳамда прокуратурани уларга тегмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Маҳаллий кузатувчилар марҳум Ислом Каримов даврида маҳаллий ҳокимларни ўша пайтдаги МХХ тийиб турганини айтишади.

Мирзиёев 2016 йилда келажакда ҳокимларни сайлайдиган тизим жорий этилишини айтган, аммо бу борада аниқ режа тақдим этмаган.

22 декабрда ўтган сўнгги парламент сайловларида аксар туман ва шаҳар ҳокимлари депутатликка номзод этиб кўрсатилган.

Шунингдек, ҳокимлар амалда маҳаллий парламент ёки жойлардаги қонун чиқарувчи орган — халқ депутатлари кенгашларини назорат қилишда давом этмоқда.

Орада "Озодлик" радиосига сиздирилган ҳукумат мажлисидаги нутқида президент ҳокимнинг тақдирини "бир ўзи ҳал қилиши"ни айтган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайланишларига оид ваъдасига қарамай, ҳокимлар бу лавозимга ҳалича унинг ўзи томонидан тайинланишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek