Шуҳрат Ғаниев: Ман “Сўх воқеалари” деган нарсага мутлақо қаршиман O'zbekiston Farg'ona Ўзбекистон

BBC

25 июнь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев ва матбуот вакиллари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Ғаниев Сўхда юз берган ҳолат юзасидан ўз қарашларини билдириб ўтди.

Матбуот анжуманида Би-би-си мухбири ҳам иштирок этди.

Мулоқот чоғида журналистлардан бирининг "Сўх воқеалари" ортидан туманда қандай янгиликлар амалга оширилгани тўғрисидаги саволига Ғаниев Фарғонага тегишли бу ҳудудда бундан бир ойча аввал бўлган ҳолатга нисбатан "Сўх воқеалари" иборасини қўллашга қарши эканини таъкидлаган.

"Ман "Сўх воқеалари" деган нарсага мутлақо қаршиман. Уни ҳеч қандай «воқеа» деб гапирмаслик керак. Чунки у ерда ўзим иштирок этдим, етиб бордим. Албатта анклав ҳудуд бўлгандан кейин ўзига яраша муаммолари бўлади. Анклав ҳудуд билан ишлаб кўрган раҳбар, ишлаб кўрган ходим, ишлаб кўрган бошқа соҳа вакиллари билади", дея сўзлаган у.

У Сўх тўғрисидаги саволга жавобан туман ёшларига олий ўқув юртларига киришда имтиёзлар берилгани, иш ўринлари яратилаётгани ва қўшимча ер ҳамда сув захираси очилаётганини билдирган.

Жавобсиз савол

BBC

Бироқ Шуҳрат Ғаниев Би-би-си мухбири Сўх мавзусига доир савол беришга шайланганида, унинг гапини бўлиб, бу масалада жавоб беришни лозим топмаслигини айтди.

"Ман узр сўрайман: Сўхда 85 минг аҳоли яшайди. Фарғона вилояти аҳолиси 4 миллион. Фарғона вилоятидаги энг кичкина туман. Қолган туманларимизда 250-300 мингдан аҳоли яшайди. Агар Сўх тумани ҳақида ҳар қанча саволларинг бўлса, ман саволларингга ёзма равишда ҳам жавоб беришга тайёрман. Келинглар, Сўх тумани тўғрисидаги мулоҳазани бошқа томонга олайлик", деди у.

Би-би-си мухбири унга «Сўх аҳолиси маҳаллий раҳбарлар, жумладан, вилоят ҳокимидан норози экани намоён бўлди. Сиз бундай вазиятни қандай изоҳлайсиз,» дея савол беришга шайланган эди.

Ишсизлик, маддоҳлик ва пора

Шунингдек, ҳоким саволларга жавоб бера туриб, вилоятдаги ишсизлик билан боғлиқ муаммоларга ҳам тўхталиб ўтган.

У ишсизлик даражасини пасайтиришдаги энг катта муаммо меҳнат ресурси сифатида "меҳнат майдонига кириб келаётган ёшлар" эканини тилга олган.

"Ишсизларга қарши энг катта кураш, муҳтарам президентимиз белгилаб бердилар, камбағалликни камайтириш. Лекин ишсизликнинг олдини олиш бўйича энг катта муаммо бу - меҳнат майдонига кириб келаётган меҳнат ресурслари - ёшларимиз. Ҳар йили 60-65 мингга яқин ёшларимизни иш билан таъминлаш - долзарб масала".

Бундан ташқари у Фарғона вилоятидаги ишсизлик билан боғлиқ вазият оммавий ахборот воситаларида нотўғри талқин этилаётганини ҳам қўшимча қилган.

"ОАВ яқинда энг кўп аёллар ишсизлиги Фарғона вилоятида экан, 84,300 экан, деб ёзди. Ман савол бердим: 84 минг аёлнинг рўйхати борми? Бор бўлса, қайси шаҳар туманда, нима сабабдан ишсиз? Таги йўқ. Асосланмаган маълумот эмас", билдирган у.

Ҳокимга журналистлар саволларига жавоб бериш давомида «Маддоҳлик ҳақида фикрингиз қандай?» деб сўралганида у:

"Маддоҳлик бажармаган ишни гапиришдир. Мани ўз принципим бор. Кам гапириб, ишда ўзини кўрсатиш керак. Қайсидир ишни бажариб ташлайман деган ваъдаларга ишонмайман. Барча ишлар сўзда эмас амалда бўлиши керак,» дея жавроб қайтарди.

Шунингдек, мулоқотда вилоят раҳбарига пора таклиф қилиш борасида савол ҳам ўртага ташланди.

"Агар ман пора олганимда, шунча муддат вилоят раҳбари бўлиб ишламас эдим. Хулоса ўзингиздан", дея жавоб қайтарди ҳоким.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek