Туркманистон: ‘Пайғамбар ёшига етган’ Бердимуҳамедов кетмоқчими? Turkmaniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Туркманистон президенти "ёшларга йўл бериши"ни айтди. Мамлакатда муддатидан илгари президент сайлови чақирилмоқда. Гурбангули Бердимуҳамедов Эмомали Раҳмон билан бирга Марказий Осиёнинг энг узоқ қудратда қолаётган иккита президентидан биттаси бўлади.
Алоқадор мавзулар:
Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистоннинг 30 йиллик мустақиллиги тарихидаги иккинчи президенти бўлади.
У 2007 йилда, Сапармурот Ниёзовнинг вафоти ортидан қудратга келган, 15 йилдирки, мамлакатни бошқариб келади.
Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган ҳафта якунида кутилмагандан ўзининг президентликдан кетиш истагига ишора қилди.
Таҳлилчилар муддатидан илгари чақирилаётган президент сайловида катта эҳтимол билан унинг ягона ўғли - Сердар Бердимуҳамедовнинг ғалаба қозонишини тахмин этишаётир.
Туркманистон Марказий Сайлов комиссиясининг расмий веб сайтида ёзилишича, сайлов шу йилнинг 12 март кунига режаланган.
Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда мутлақ қудратга эга ва мамлакат конституциясига мувофиқ, номзодини президентликка ўзи истаганча илгари суриши мумкин.
Аммо парламент юқори палатасининг ўзи раислигида бўлиб ўтган жума кунги мажлиси ортидан у кутилмаган баёнот билан чиққан.
Туркманистон президенти "ўзи учун осон бўлмаган бир қарор қабул қилгани"ни айтган.
Президент Бердимуҳамедовнинг мурожаати Туркманистоннинг марказий ахборот агентлиги томонидан олиб узатилган.
"Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида бошқарув сари йўлни маънавий муҳитда ва замоннинг юксак талаблари асосида тарбияланган ёш раҳбарларга бериш керак, деган ғояни қўллайман. Халқ маслаҳати (Туркманистон парламенти юқори палатаси - таҳр.)нинг раиси сифатида мен ўзимнинг улкан ҳаётий ва сиёсий тажрибамни бундан буён ҳам ушбу соҳага йўналтириш ниятидаман", - дея баён қилган Туркманбоши.
Худди шу сўзлари эса, ҳозир 64 ёшда бўлган Туркманистон президентининг Халқ маслаҳати кенгашининг раиси бўлиб қолажагини англатади.
Унинг бошқа фахрий лавозимлари ёки умрбод ваколатлари нима бўлиши саволи ҳозирча очиқ қолган.
Президент Бердимуҳамедов мурожаатида ўзининг "пайғамбар ёшига етгани"ни алоҳида таъкидлаган. Ислом ақидасига кўра, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) 64 ёшларида ҳаётдан кўз юмганлар. Шу боис ҳам, мусулмонлар 63 ёшга тўлгач, ўз ҳаётларини қайта мулоҳаза қилиб кўришга интилишади.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистонда расман "Аркадаг" ёки "Ҳимоячи" мақомига эга Бердимуҳамедовнинг сўнгги йилларда ўғлини устма-уст турли лавозимларга тайинлаш ҳаракатида экани кўрилади.
Президент Бердимуҳамедов ўтган йил февраль ойида янги Бош вазир муовини лавозимини таъсис этган.
У саноатнинг барча соҳаларига рақамли инновацион технологияларни жорий этишга масъул бу мақомни ўғли Сердарга берган.
Туркманистон қонунчилигига мувофиқ, президент 40 ёшдан кичик бўлиши мумкин эмас.
Сердар Бердимуҳамедов ўтган йил сентябрь ойида қирққа кирган.
У бунгача Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Саноат вазири, пойтахтга яқин Ахал вилояти ҳокими бўлишга ҳам улгурган.
Сердар, бундан ташқари, Туркманистон Хавфсизлик Кенгашининг аъзоси ҳам бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images
У ўзининг номзодини президентликка илгари сургани ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас.
Президент Бердимуҳаммедов катта сиёсат сари йўлини тиш докторлигидан бошлаган.
1997 йилда Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазири тайинланган.
Орадан тўрт йил ўтиб, Бош вазир ўринбосари лавозимига кўтарилган.
Сапармурот Ниёзов дафн комиссиясини бошқарган, кейин эса муваққат президент вазифасини эгаллаган.
Туркманистон конституциясига кўра, бу лавозимни эгаллаши керак бўлган парламент спикери Овезгелди Атаевга нисбатан тўсатдан жиноий иш қўзғатилган.
Бердимуҳамедов Туркманистон президенти экан, ўзининг ғалати ва кулгили қилиқлари билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига қаратиб келади.
Туркманистон президенти бир қараса, Рембога ўхшаш ҳарбий кўринишида ўқ узади, DJлик қилади ва қимматбаҳо спорт машиналарида пойга ўйнайди, қирувчи самолётда осмонга ҳам кўтарилади.
Отлар ҳақида реп айтган ва чой, доривор гиёҳлар ҳамда бошқа нарсаларга бағишлаб китоблар ёзган, шеър ҳам қоралаб туради.
Туркманистон унинг бошқаруви даврида ҳам дунёнинг энг иҳоталанган давлатларидан бирилигича қолган.
Четда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилувчи давлатлардан бири сифатида ҳам кўрилади, аммо туркман расмийларининг ўзлари буни рад этишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














