Туркманистон: Президент ўлди деган хабар ғирт ёлғон

Сурат манбаси, Turkmen TV
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўлими тўғрисидаги хабарларнинг ёлғонлиги айтилди. Олдинроқ Россия нашрлари Президентнинг 20 июль куни хасталикдан оламдан ўтгани тўғрисида хабарлар чоп қилган эди.
"Бу ғирт ёлғон. Биз бу хабарларни рад қиламиз", деган Туркманистоннинг Москвадаги элчихонаси ТАСС агентлигига.
Туркманистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам бу каби хабарларни рад қилган.
Президент ўлимига оид миш-мишлар ортидан 21 июл куни "Туркменистан сегодня" давлат ахборот агентлиги Президент соғлиқни сақлаш тизими ходимларига қаратилган табригини чоп қилди.
Агентликдаги Би-Би-Си боғланган манба Президент Гурбангули Бердумуҳаммедовнинг табриги нашриётга бир кун олдин келганини, бугун чоп қилинганини билдирди.
У Президент ўлими борасидаги миш-мишларни рад қилди.
"Бунақа расман тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик керак. Турли оммавий ахборот воситалари бор. Президент таътилга чиқишидан олдин уни кўрсатган эдик", дейди агентлик масъулларидан бири.
Би-би-си масъулдан Бердимуҳаммедовнинг соғлиғи борасида унда сўнгги маълумот бор ё йўқлиги билан қизиқди. Масъул кўпчилик амалдорлар таътилда бўлганлиги боис, бунинг имкони йўқлигини айтди.
Россия интернет нашрларида Бердимуҳаммедовнинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарлар чиққан эди.
Ижтимоий тармоқдаги туркманистонликлар ҳар куни телевизор эфир вақтининг катта қисмини банд қилувчи Президент Бердимуҳаммедов бир неча кундан бери экранларда кўринмай қолганини ёзишди.
Сўнгги марта Президентнинг таътилга чиққани ва фойдали ўсимликлар ҳақида ўзининг навбатдаги китобини ёзиб тугатгани ҳақида хабар берилган эди.
Тасвирларда Президент ўзи иштирокида олинган клипларни кўриб ҳордиқ чиқараётгани ва невараларини олиб мушуклар билан ўйнаётгани кўрсатилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












