Дунё ва Туркманистон: Ҳарбий маҳоратларини кўз-кўз қилган президент Бердимуҳаммедов кулгига қолди (видео)

Turkmen President Berdimuhamedov at shooting range, June 2019

Сурат манбаси, Turkmen TV

Сурат тагсўзи, "Туркменатор" лақаби билан фахрланадими ё?..
    • Author, Дунё янгиликлари ё ажойиботлари
    • Role, BBC Monitoring
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳарбий машғулотлар чоғида велосипеддан туриб тўппончадан ўқ узиш орқали ўзининг расмий имижига яна бир сифатни қўшиб қўйди.

Бироқ Туркманистон ҳукуматига тегишли Altyn Asyr телеканали раҳбарнинг «мерганлик маҳорати»ни завқ билан олқишлаган бир пайтда, жаноб Бердимуҳаммедов ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва мухолиф матбуот мазахига учраган.

Туркманистон президенти ҳаводан мудофаа ва қуруқликдаги қуролли кучлар салоҳиятини текшириш учун номи тилга олинмаган ҳудудга ноодатий тилларанг тусли машинада етиб келиб, эртакнамо тарзда очилган эшикдан қаҳрамонларга хос тушиб келган.

Давлат телевидениеси намойиш этган кадрларда ҳарбий хизматчилар ўқув-машғулотларини томоша қилгандан сўнг жаноб Бердимуҳаммедовнинг ўзи қўлига қурол олиб, ишга киришгани кўринади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

У атрофи очиқ машинадан туриб, нишонларни ўққа тутган ва «йиллар давомида ўзлаштирган мерганлик маҳоратини яна бир бор намоён этган.»

Айниқса, «қатор турган нишонларга қарата ҳаракатланаётган велосипеддан туриб ўқ узгани ва аниқ мўлжалга ургани» Туркманистон телевидениеси томонидан алоҳида тилга олинган.

Давлат телевидениесига кўра, президент Бердимуҳаммедов «ўзининг жисмоний тайёргарлиги ва сифатларини яна бир бор исботлаб, ҳарбий хизматчиларга ёрқин намуна бўлган.»

Гўё ҳарбийларни ҳайратда қолдиришга бу етарли бўлмагандек, Гурбангули Бердимуҳаммедов вертолётга ўтириб, уни ўзи бошқарганча, осмонга кўтарилган.

Мухолифатдаги Хроники Туркменистана сайти президентнинг ҳарбийлар билан учрашуви тасвирланган видеони ҳажвий мусиқа ва овозлар билан бойитиб, ўзининг YouTube каналида эълон қилган.

Атиги бир неча кун ичида ушбу видеони ярим миллиондан зиёдроқ одам томоша қилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари суперқаҳрамон фильмлардаги образларга хос жиддий юз билан кўринишга уринган авторитар давлат раҳбарини тез-тез тилга олинувчи "Туркменатор" лақаби билан атаб, мазах қилган.

"НАТО даҳшатга тушди, Россия ва Трамп ўзларининг ҳаво ва фазо қуролли кучларини зудликда велосипед бўлинмалари билан алмаштиришга кўрсатма берди, Толибон эса насронийликни қабул қилишга тайёр турибди, Хитой ўз армияси учун зирҳланган велосипедлар ишлаб чиқара бошлади," дея ёзади шундай фойдаланувчилардан бири.

Шунингдек, айримлар расмий тасвирларда кўрсатилган тўппончадан, аслида, ўқ узилмаётгани, президент шунчаки тўппончани тепага силкитаётганини ҳам таъкидлаганлар.

Turkmen President Berdimuhamedow at shooting range, June 2019

Сурат манбаси, Turkmen TV

'Очликка юз тутган одамларʼ

«Туркманистон бу бемаъни томошаларга яна анча бардош бериши керакми?» ёзади YouTube фойдаланувчиларидан бири.

Одамларнинг фикрига кўра, омма жаноб Бердимуҳаммедовнинг мақтанчоқ томошаларидан тўйиб бўлди.

«Сен велосипеддан туриб ўқ узиш билан қашшоқ халқни қўрқита олмайсан - очликка юз тутган одамлар сени тез орада ямламай ютиб юборади,» ёзади бошқа бир фойдаланувчи.

Аммо баъзи одамлар фикр билдиришича, бу ҳолат Туркманистон ҳукуматини чўчита олмайди: «Бу фильм авом халқни ҳайратга солиш учун олдиндан пухта ишлаб чиқилган.»

Turkmen President Berdimuhamedow pilots helicopter, June 2019

Сурат манбаси, Turkmen TV

Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистонни 2007 йилдан бери бошқариб келади. У ва марҳум президент Сапармурод Ниёзов ўзининг ғалати шахсга сиғиниш таомилларини яратгани, шунингдек, мамлакатнинг улкан табиий газ захиралари мавжудлигига қарамай, ижтимоий-сиёсий ҳаётни ислоҳ қилмасдан, катта қисми қашшоқликка мубтало бўлган халқни қаттиққўл усулларда назорат этиши билан дунёга танилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва сургундаги Туркманистон мухолифати жаноб Бердимуҳаммедов ҳукмронлиги остида инсон ҳуқуқларининг кенг кўламда поймол этилаётгани ва сўз эркинлиги бўғилаётгани юзасидан мунтазам бонг уриб келади.

Азим Раҳимовва Мартин Морган

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek