Президент Бердимуҳамедов устма-уст уятга қолдими? Turkmaniston Kovid va dunyo yangiliklar

Туркманистон президенти

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Туркманистон президенти ўзини "спорт устаси" сифатида кўрсатиб келади

Бу йил Туркманистонда ўтказилиши режаланган жаҳон чемпионати бекор бўлди. Турнирга бошқа давлат мезбонлик қилиши айтилди. Маълум бўлишича, бунга ковид чекловлари сабаб бўлган. Аммо Туркманистонда "шу пайтгача бирорта ҳам коронавирус ҳолати қайд этилмаган"ди?..

Туркманистоннинг трекда велоспорт бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши кутилган.

Нуфузли халқаро турнирнинг шу йил октябрь ойида бўлиши режаланган.

Ташкилотчиларнинг қарори эса, чемпионатга саноқли ойлар қолган бир пайтда янграган.

Пойтахт Ашхободдаги спорт мажмуаси

Сурат манбаси, Getty Images

Халқаро Велосипедчилар Иттифоқининг айтишича, "ташкилотчиларнинг сўрови" билан бу каби қарорга келишган.

"Соғлик ва ковид билан боғлиқ чекловлар жаҳон чемпионатини Туркманистонда ўтказишга имкон бермаган".

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов эса, шу кунгача мамлакатида "бирор бир коронавирус ҳолати қайд этилмагани"ни таъкидлаб келаётганди.

Маълум бўлишича, Халқаро Велосипедчилар Иттифоқи ҳозир янги мезбон давлат топиш ҳаракатида ва жаҳон чемпионатини барибир режага мувофиқ ўтказмоқчи.

Туркманистон: "Ковидсиз" диктатура

Туркманистон

Сурат манбаси, Getty Images

Алистер Коулман - BBC Monitoring

"Трекда велоспорт бўйича жаҳон чемпионатига мезбонликни қўлдан чиқариш - худди шунга ўхшаш нуфузли лойиҳалар туфайли ўз шахсига маҳлиё туркман раҳбарини хижолатда қолдириши мумкин.

Чунки халқаро иттифоқнинг қарорига оид янгилик президент Гурбангули Бердимуҳамедов Бутунжаҳон Велосипед кунини шахсан нишонлаган бир кунга тўғри келган.

Туркман раҳбари бир хил кийимдаги ўнлаб фуқаролари ҳамроҳлигида велосипедда пойтахт Ашхободни айланиб чиққан ва мазкур тадбир давлат оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилганди.

Аммо, бошқа томондан, Туркманистон Шимолий Корея ва Эритрея билан бирга дунёнинг матбуоти энг эркин бўлмаган давлатларидан бири сифатида кўрилади.

Шу боис, Туркманистондаги кўпчиликнинг сўнгги янгилик тафсилотларидан бехабар қолишлари ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Бу Бердимуҳамедов учун икки карра уятли бўлиши мумкин, чунки унинг ҳукумати мамлакатнинг коронавирусдан буткул холи эканини ҳам айтиб келган.

Халқаро Велосипедчилар Иттифоқи эса, Туркманистоннинг мезбонлик ҳуқуқини йўқотишига айнан "Ковид-19 билан боғлиқ чекловлар"ни расман сабаб қилиб келтирди.

Пойтахт Ашхободдаги дўкон

Аммо, бошқа томондан, Туркманистонда ковид йўқлиги айтилса-да, фуқароларидан юз ниқобларида юришлари сўралган.

Уларнинг саёҳат қилишлари тақиқланган, масжидлар ва ресторанларнинг қайта иш бошлашларига фақат яқинда рухсат берилган.

Бунга четдан кириб келаётган "зарарли микроорганизмлар" ва "заҳарли чанг" сабаб қилиб келтирилган.

Ўтган йили самолётларнинг туманлар ва шаҳарлар атрофидаги бўм-бўш қишлоқ жойларини ҳаводан дезинфекциялаётганига оид ғалати тасвирлар ҳам бўй кўрсатганди.

Ўз халқига "Аркадаг"(Ҳимоячи) сифатида танилган президент Бердимуҳамедовни кўпинча хушомадона, велосипед, от миниб юрган ёки раллида қатнашиб турган қиёфада акслантиришади.

Аммо четда у инсон ҳуқуқларига беписандликда ва иқтисодни рисоладагидек бошқара олмасликда танқид қилинади".

A statue of President Berdymukhamedov on a horse

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Бердимуҳамедвнинг Аҳалтекин отини миниб турган ҳайкали 2015 йили пойтахт Ашхободда ўрнатилган

Би-би-си: 3 июнь - Бутунжаҳон Велосипед куни сифатида 2018 йилда БМТ томонидан айнан Туркманистоннинг ташаббуси билан таъсис этилган.

Ўтган йили Туркманистон пойтахтида "Велосипед" ёдгорлиги ҳам очилган.

Бунга ўхшаш ёдгорлик қолган бирор бир минтақа давлатида йўқ экани билан ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган.

2019 йилда эса, Ашхободда 2019 велосипедчи иштирокида спорт тадбири ўтказилгани ва бу Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани ҳам хабар берилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek