Тожикистон Толибон билан ёнма-ён қандай яшамоқда? Афғонистон ва Толибон Afg‘oniston Tojikiston O'zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, PETER KOVALEV/TASS
- Author, Ольга Ившина
- Role, Би-би-си
Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара деярли бир ярим минг километрга узанган.
Толибон ҳокимият тепасига келгач, минглаб қочқинлар Тожикистонга ошиқди ва минглаб тожик аскарлари толибларнинг ҳаракатларини кузатиш учун фронтга сафарбар этилди.
Би-би-си журналистлари Тожикистоннинг чегара ҳудудларига боришга, у ерда янги ҳаёт бошлашга уринаётганлар билан учрашишга муваффақ бўлди.
Таҳлил:

- Тожикистон президенти Афғонистонда инклюзив бўлмаган ҳукуматни тан олмасликларини айтди, ўзбекларни ҳам тилга олди, расмий Тошкент-чи?
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Россия Марказий Осиёда нимани кўзламоқда? Афғонистон, хавфсизлик ва геосиёсат
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Афғонистон: Исломий Толибонни нега мусулмонлар ортга қайтара олмаяпти? Президент саройига ҳужум
Толиб эр
Кулранг уйлар. Кулранг ўйдим-чуқур йўл. Кулранг осмон. Беш қаватли бир хил бетон уйларнинг деворлари ёнида ахлат уюмлари ётибди. Оёқ ости чанг, ҳавода тутун. Душанбе кўчаларининг чақнаб турган чироқларидан кейин Тожикистон пойтахтидан унча олис бўлмаган бу шаҳарча ўзгача оламдек туюлади.

Сурат манбаси, VLADIMIR KOMISSAROV/ BBC
Ҳовлига пушти рўмол ўраган қиз чиқди. У йўл бўйлаб оқаётган канализация ариғидан ўтиб бормоқда. Қиз ўзини Сора деб таништиради. У ўзининг ҳақиқий исмини ва аниқ яшаш манзилини айтмасликни сўрайди - унинг ҳаётига хавф бор. Сора бу ерга толиб эридан қочиб келган.
"Тожикистон билан чегарани кесиб ўтганимда титраб кетдим, бошдан-оёқ титрадим, собиқ эрим орқамдан таъқиб қилаётгандек туюларди", дейди у.
Сора университетда ўқиётганда улар турмуш қуришди. Аниқроғи, турмуш қурдиришган.
"Афғонистонда қизлар ўз турмуш ўртоғини танлай олмайди. Ҳамма нарсани оиланинг катталари ҳал қилади. Мени сўраб келишди ва оилам рози бўлди".
Ўшанда Сора Кобулдаги Тиббиёт университетининг тўрт курсини тамомлаган ва хусусий клиникада ўриндошлик асосида ишлаётганди. У ўқишни давом эттирмоқчи эди, шифокор бўлишни орзу қиларди. Аммо эрининг бошқа режалари бор экан.

Сурат манбаси, VLADIMIR KOMISSAROV/ BBC
"У менга ўқишни тақиқлади, уйда ўтиришимни, ғиқ этамай унинг буйруғини бажаришимни талаб қилди. Рухсат берсагина гапириш мумкин эди. Бу нафақат менга тааллуқли эди. Эримнинг оиласида ҳамма аёллар шундай яшарди. Ҳатто унинг опалари ҳам ўз фикрини билдиришга ҳаққи йўқ эди. Мен бунга эътироз билдира бошладим. Кейин эрим мени калтаклади", Сора бир неча марта тўхтаб, чуқур нафас олди.
Ўшанда Кобул ва Афғонистон шимоли ҳамон АҚШ бошчилигидаги Ғарб коалицияси ва Ашраф Ғани ҳукумати назоратида эди. Аммо Соранинг эри ва унинг оиласи Толибонга хайрихоҳликларини яширишмасди.
"У ҳар доим Толибонни олқишлаган. Улар қаттиқ қонунларни тўғри жорий қилишини, аёллар ҳуқуқларини чеклашини, ғарбона кийим ва ёрқин рўмол ўрашни тақиқлашини айтди. Бу афғон урф-одатларини сақлайди дейишди. Унинг баъзи қариндошлари Толибоннинг ҳарбий қисмларига қўшилган. У тез-тез улар билан ёзишар, уларни қўллаб-қувватларди."
Сора бир неча марта ота-онаси олдига қочиб борди, улардан ҳимоя сўради. Аммо иккала оила ҳам аёл эри билан яшаши керак деган қарорга келди. Кейин Сора эри уни калтаклаётганини айтиб, ажрашиш учун ариза беришга қарор қилди. Ариза қаноатлантирилди, қиз барча керакли ҳужжатларни олди. Аммо эр ажрашишни тан олмади.

Сурат манбаси, Getty Images
"У мени абадий хотиним деди. Афсуски, у паштун эди, улар ҳеч қачон ажрашмайди. У менга мессенжер орқали доимий ёзарди, қўнғироқ қиларди, таҳдид қиларди. Толибон ҳокимият тепасига кела бошлаганида эса, у янада ғазабнок бўла борди. Таъқиб қилишни бошлади. Қаерга, қачон борганимни билиб олди ва қандайдир тарзда мени суратга олиб, кадрларни менга юборди. У мен нима кийганимни ҳам айтиб берди, масалан, кеча овқат сотиб олаётганимда устимда нима бўлганигача. Ҳаётимдан хавотирда эдим."
Толибон Кобулга тобора яқинлашиб борарди. Сора эса қочишга қарор қилди.
"Бошимдан кечирганим даҳшатлар яна бошланишини хоҳламасдим. Мени сотмасларидан бурун керакли нарсаларимни йиғиштирдим. Қизим билан уйдан чиқиб кетганимизда, онам ва дадамни ҳам қучоқлай олмадим. Биз ростдан ҳам хайрлашмадик. Собиқ эрим менга етиб оладигандек эди. Фақат чегарани кесиб ўтганимиздагина ниҳоят бемалол нафас олдим", дейди Сора.
Шу пайт йўлакдаги қўшни эшикни кимдир тақиллатади, қиз қалтирайди. Сора тезда ўрнидан туриб, ҳамма қулфлар ёпиқлигини текширади. У тешикдан диққат билан тикилди. Ҳеч ким йўқ. Сора қайтиб келиб полга ўтирди.
Боши берк кўча

Сора ва қизчаси Афғонистондан келган қочқинлар яшайдиган уч хонали квартирадан хона ижарага олди. Йиртилган гулқоғоз, пардасиз дераза, эски совет шкафи, унинг иккита чамадони ва қизининг пушти рюкзаки - ҳозир унинг уйи шундай кўринади. Тўшак йўқ - она бола полда юпқа, тор матрас ёйиб ухламоқда.
"Одатий ҳаётимни бир лаҳзада ортда қолдириш мен учун жуда қийин бўлди. Мен ҳеч қачон ёлғиз, оиламдан узоқда яшамаганман. Баъзида шунчаки тушкунликка тушаман. Лекин буни ҳам енгиб ўтишимга ишонаман. Қизим билан нормал ҳаёт кечиришимга ишонаман."
Ҳозир унинг иши йўқ - Афғонистонда тўплаган пулига ойига 100 долларга хона ижарага олади. Баъзида идиш-товоқ ювиб қўшимча пул топиш мумкин, аммо бу ҳатто егулик учун ҳам етарли эмас.
Тожикистонда қонуний ишлаш учун афғонлар қочқин мақомини олиши керак. Бунинг учун сиз ўзингиз уйни ижарага олишингиз, маҳаллий маъмуриятда ижара шартномасини рўйхатдан ўтказишингиз, ариза ёзишингиз ва унга яна бир нечта ҳужжатни илова қилиб, Ички ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтишингиз керак. Шундан сўнг, аризачи махсус хизматлар томонидан текширилади.
Июль ойида Тожикистонга қочганлар барча керакли инстанциялардан ўтишга муваффақ бўлишди. Аммо август ойида расмийлар афғонларнинг аризалари билан шуғулланишдан бош торта бошладилар - улар мамлакат Мустақиллик кунига тайёргарлик кўриш билан жуда банд эканликларини баҳона қилишди. Бу йил байрамлар Тожикистон ташкил бўлганининг 30 йиллиги муносабати билан алоҳида тантана билан ўтказилди: концертлар, давлат хизматчилари, мактаб ўқувчилари ва ҳарбийлар парадлари. Маҳаллий аҳолининг айтишича, байрам бир ой давом этган.
Ниҳоят расмийлар қоғоз ишларига қайтганида, афғонларнинг Тожикистонга кирувчи туристик визалари муддати аллақачон тугаган эди. Ҳозир эса Ички ишлар вазирлиги уларнинг ҳужжатларини кўриб чиқишдан бош тортмоқда. Афғонистондан келган 40 қа яқин оила ҳозир шундай аянчли аҳволда. Уларнинг барчаси толиблар назорати остидаги ҳудудга депортация қилиниши кутилмоқда.
Тожикистонда муҳожирларга ёрдам кўрсатадиган давлат марказлари йўқ. Толибондан қочган афғонларга маслаҳат берадиган ягона фуқаролик ташкилоти зиёратчилар оқимига дош беришга қийналмоқда. Аммо у ҳам қочқинлар яшай олмайдиган Душанбеда жойлашган - Тожикистон ҳукумати қочқинларга мамлакат пойтахти ва бошқа стратегик муҳим шаҳарларда жойлашишни тақиқлаган. Айтишларича, бу хавфсизроқ эмиш.

Меҳнат ва миграция вазирлиги барча керакли ҳужжатлар тўлдирилгандан кейин қочқинлар ёрдам олиши мумкин деб ишонтирмоқда.
"Расмий қочқин мақомини олганлар бизнинг қўллаб-қувватлаш дастурларимизда иштирок этишлари мумкин. Масалан, бизда "Аҳолига кўмаклашиш дастури" бор. Унга кўра, сиз уларни [қочоқларни] республика ичидаги фуқароларимиз билан тенг равишда вақтинчалик, мавсумий меҳнатга жалб қилишингиз мумкин. Баъзилари қисқа муддатли малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларидан ҳам ўтиши мумкин", дейди Тожикистон Меҳнат ва миграция вазирлигининг Миграция бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсадтулузода Парвиз.
Аризалари кўриб чиқилишини кутаётганларга эса, мулозим халқаро ташкилотларга ёки "жойларда" мурожаат қилишни маслаҳат берди: "Шаҳар туманлар даражасида буларнинг барчаси кўзда тутилган. Маҳаллий миқёсда ҳаммаси дастур асосида ҳал қилинмоқда. Албатта, у ерда ёрдам бўлади".
Аммо Би-би-си мухбирлари гаплашишга муваффақ бўлган қочқинлар вазиятни бошқача кўради.
"Оддий одамлар бизга жуда ҳамдард ва ҳатто ўзлари камбағал яшашига қарамай ёрдам беришади. Лекин давлат ёрдам хизматлари ишламаяпти. Афғонистонлик қочқинлар учун махсус марказлар йўқ. Ғани ҳукумати вакили бўлмиш Афғонистон элчихонаси эса Толибон ҳокимиятга келгандан буён елка қисиб қўяди, холос", дейди қочқинлардан бири. Расмийлар билан муаммолари ҳақида гапиришга журъат этган у ва бошқалар ҳокимият билан қўшимча муаммолардан қўрқиб, исмини айтмасликни сўрашди.

Худди шундай ҳикояларни Тожикистоннинг турли шаҳарларида ҳам эшитиш мумкин.
"Биз Тожикистонга келдик, чунки президент Эмомали Раҳмон Афғонистондан қочқинларни қабул қилишга ваъда берганини телевизорда эшитган эдик. Август ойида барча процедуралардан ўтдик, ҳужжатларни топширдик, лекин ҳалигача жавоб йўқ. Бизга ҳеч ким ёрдам бермади. Бор пулимизни ижарага бериб бўлдик. Қиш яқинлашмоқда, ишимиз ҳам, овқатимиз ҳам йўқ. Бу жуда қўрқинчли", дейди Ваҳдат шаҳрида яшовчи қочқин.
Рудакий қишлоғида яшовчи Афғонистондан келган қочқин "Биз ҳамма жойда ишлашга тайёрмиз. Фақат нонга пул топсак бўлди. Турли идораларга бош уриб бордик. Лекин бизни ҳеч ким эшитмайди", дейди.
Тун чўкиб, мамлакатнинг Рудакий, Ваҳдат ва бошқа кўплаб шаҳар ва қишлоқлари зулматга ғарқ бўлади.
Тожикистонда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар СССР парчаланганидаёқ дарҳол бошланди. Ҳозир кўплаб уйларнинг йўлакларида лампа йўқ. Катта ҳовлиларда энг яхши ҳолатда ҳам битта кичик чироқ ёнади. Бунга ўрганмаган меҳмонларни бу ердаги барча асосий йўллар бўйлаб оқадиган очиқ канализацияга тушиб кетмаслиги учун катта йўлгача кузатиб қўйилади.
Сора қоронғида йўлга чиқади. Юзини рўмол билан ўраб, қўрқув билан атрофга аланглайди - эри топиб олишидан қўрқади.
Чегарадаги таранглик

- Дарёнинг нариги бетида толиблар турганда бу ерда яшаш қўрқинчли эмасми?
- Ўрганиб қолганмиз, бутун умримиз чегарада ўтган. Толибон эса - улар келишди, ҳа, лекин улар бизга келишмаган.
Чегарадаги Қалайхум қишлоғи аҳли бу ерда қандай яшаётганлари ҳақидаги саволлардан ҳайратда. Улардан Афғонистонгача - атиги йигирма метр. Чегара Панж дарёси бўйлаб ўтади. Нариги томонда одамлар юрганини ёки ювилган чойшаблар қуёш нурида осиб қўйилганини кўриш мумкин.
"Сиз нотўғри томонга қараяпсиз. У ерда, тепаликда Толибоннинг оқ байроғи турибди. Бу уларнинг назорат пункти дейишади", дейди бир ўткинчи одам.
Чегаранинг икки томонида бир хил халқ яшайди - тоғли бадахшонликлар. Асрлар давомида улар Панж дарёсининг икки қирғоғида ўрнашиб қолган. 1920-йилларда бу ерда чизилган совет-афғон чегараси кўплаб оилаларни иккига бўлиб юборди. СССР парчаланганидан кейин икки томон ўртасидаги алоқа яхшилана бошлади. Панж устидан ўтган кўприклар сони бештадан еттитага кўпайди. Чегара бозорлари ишлай бошлади. Аммо ҳозир савдо расталари бўм-бўш.
"Биз Панждан ўтувчи кўприкка жуда яқин яшаймиз. Илгари ҳар шанба бозор бўларди. Кўп афғонлар келиб биз билан савдо қиларди. Ўзим ҳам сомса, пирог пишириб, сотардим", дейди Заҳро. У ўзига янги иш топа олмади.

Сурат манбаси, VLADIMIR KOMISSAROV/ BBC
Ёзда минглаб қочқинлар Панж устидаги кўприклар орқали Тожикистонга ўтган. Толибон ҳужуми арафасида 5000 га яқин афғон чегарани кесиб ўтган. Афғон учувчилари Тожикистонга учиб, ҳукумат армияси аскарлари эса пиёда қочиб келди. Душанбе одамларни чодир, дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминлади, бироқ кейин ҳарбийлар "тинч йўл билан ўз ватанларига қайтарилди", дея маълум қилди Тожикистон ИИВ. Афғонистон ҳарбий учувчилари АҚШ кўмагида 9 ноябрь куни Дубайга олиб кетилди. У ерда улар Америка визасини кутади.
Август ойида - Ғарб иттифоқчиларини Кобулдан оммавий эвакуация қилаётганда Америка ҳукумати Тожикистондан одамларни вақтинча жойлаштиришни сўради. Аммо Душанбе фақат эвакуация қилинганларни кечиктирмай олиб кетишга тайёр бўлган давлатлар учоқларини қўндиришга рухсат берди. Ҳозир Тожикистонда қочқинлар учун чодирлар йўқ, Панж орқали ўтадиган кўприклар ва барча чегара пунктлари ёпилган. Толибон ҳукуматини амалда тан олган ва улар билан музокара олиб бораётган қўшнилар - Туркманистон ва Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Душанбе афғон қаршилик ҳаракати етакчиларини очиқ қўллаб-қувватламоқда.
"1990-йилларда биз бу ерда фуқаролар уруши ва очарчиликни бошдан кечирдик. Шундан кейин бизни қўрқитиш осон эмас", дейди анъанавий тожик дўппи кийган оқ сочли эркак.
"Албатта, эҳтиёткорроқ, ҳушёрроқ бўлишимиз керак, - дейди унинг ёнида турган мева сотувчи. - Аммо чегара патрулларимиз кучайтирилган. Ўғилларимиз кечаю кундуз юради.
Маҳаллий аҳоли айтаётган кучайтирилган чегара патруллари Панж бўйлаб кетган йўлда юрадиган, эски Калашников автоматларини кўтарволган муддатли ҳарбий хизматчилардир. Улар одатда икки ёки тўрттадан гуруҳ бўлиб юришади, оғир нафас олиб, бир-биридан анча ортда қолиб юради.

Тожикистон армияси Марказий Осиёдаги энг заиф армия саналади. Ҳарбий қудрат бўйича халқаро рейтингда у 140 давлат орасида 99-ўринда. Жорий йил ёзида Тожикистон қўшимча равишда яна 20 минг кишини сафарбар қилди. Аммо тоғли ҳудудларда чегарани кучайтириш учун нафақат кўп одам, балки замонавий технологиялар ва энг сўнгги кузатув тизимлари керак, бунақалар тожик армиясида оз.
Маҳаллий аҳоли чегарада беқарорлик юзага келса, Москва ёрдамга келади, деб умид қилади.
Тинч тўқнашувлар

Сурат манбаси, PETR KOVALEV/ TASS
Тожикистоннинг чегара ҳудудлари қорли тоғлар ёки қумли бўлиб, одам ботиб қолади. Жазирама қуёш, сарғиш қумтепалар. Аввалига ўнлаб километрларга чўзилган чўлда ҳамма нарса кўринадиганга ўхшайди. Аммо бу йўл бўйлаб юрган биринчи машина шундай чанг кўтарадики, қуёш қайси йўналишда эканлиги аниқ айтиб бўлмай қолади.
Афғонистон чегарасидан 20 км узоқликдаги шундай қалин қум ва чанг пардаси ортида олти постсовет давлатининг ҳарбий иттифоқи бўлмиш КХШТнинг машғулотлари бўлиб ўтди. Машғулотларда ҳарбийлар Афғонистондан келган жангари гуруҳларга гўё тўқнаш келган бўлади.
"Ишонамизки, бундай тузилмалар аллақачон мавжуд. Ва улар бизга яхши маълум. Улар ИШИД. Улар Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида, Тожикистоннинг жанубий чегарасига яқин ерларда ҳаракатланади", - дейди машғулотларни бошқарган рус генерали Евгений Поплавский.
Ҳужум ва транспорт вертолётлари, бомбардимончилар ва ҳужум учоқлари полегон узра учади. Ерда танклар, бронетранспортёрлар, "Град" қурилмалари, КХШТ давлатларининг разведкачилари ва махсус кучлари бўлган зирҳли транспорт воситалари ҳаракатланади.
Ҳақиқий жанговар шароитларда турли мамлакатлар ҳарбийлари ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириш мумкинми? КХШТ ҳар қандай иттифоқчи давлатга "хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи ҳужум" содир бўлганда ёрдам кўрсатиши мумкин. Аммо бу механизмни ишга тушириш кўп босқичли процедурадир. Ялпи тўқнашув юзага келган тақдирда у аниқ ишлаши мумкин. Аммо чегарадаги қисқа муддатли тўқнашувлар ёки даврий саботаж ҳолатларида нима қилиш керак? КХШТни "фаоллаштириш" тўғрисидаги қарор бир овоздан қабул қилиниши керак, бироқ ташкилотда ҳалигача террорчи ташкилотларнинг ягона рўйхати мавжуд эмас.

Сурат манбаси, ODKB PRESS OFFICE
"Олти кун - бу давлатларимиз раҳбарлари қарорлар қабул қилиши, қўшинларни юбориши ва уларни давлатларимиз ҳудудларида исталган ерга жойлаштириши мумкин бўлган даврдир, - дейди ОДКБ Бош котиби Станислав Зас. - Биз Афғонистон билан урушаётганимиз йўқ. КХШТ давлатлари уруш ва гиёҳванд моддалардан холи тинч, фаровон Афғонистон тарафдори".
Машғулотларнинг оддий иштирокчилари катта сиёсат ҳақида бош қотиришни истамайди, аммо биргаликдаги маневрлари ҳақидаги таассуротларини бажонидил сўзлаб беришади.
"Ҳа, ҳаммаси жойида. Фақат қум кўп, жуда кўп. Ҳамма жойда бу қум, лекин кўникиб кетасан, - дейди Тожикистонда жойлашган 201-Россия ҳарбий базаси сержанти. - Биз ҳаммасига тайёрмиз. Мана янги техника келди. Ҳаммаси яхши бўлади."
Афғонистондаги вазият кескинлашгани сабабли Россия Тожикистондаги базасига янги қурол-яроғ ва техника етказиб беришни тезлаштирди. Ҳарбийлар аста-секин ўт сочувчи қурилмалар, снайпер милтиқлари, зирҳли транспорт воситалари, оғир техника ва янада ишончли алоқа тизимларига эга бўлмоқда.

Сурат манбаси, GERRY SHIH/THE WASHINGTON POST
Хитой ҳам фаоллашди. 2016 йилда Пекин Тожикистон билан чегарадош минтақада аллақачон битта ҳарбий база қурган. Душанбе хитойликлар базани яқинда қурганини ва у ерда тожик ҳарбийлари жойлаштирилаётганини таъкидламоқда. Бироқ "Washington Post" мухбирлари базага 2019 йилда борган ва ҳатто Хитой ҳарбийлари билан гаплашган. Ҳарбийларнинг айтишича, у ерда бир неча йилдан буён хизмат қилишади. КХШТ қоидаларига кўра, давлатлар блокка кирмайдиган давлатларнинг ҳарбий базаларини фақат иттифоқдошларнинг розилиги билан жойлаштириши мумкин.
Пекин ҳозир иккинчи чегара базасини қуришни бошламоқда. Расмий версияга кўра, бу база Тожикистон Ички ишлар вазирлиги эҳтиёжлари учун қурилаётган эмиш.
Сўнгги умид
"Эсимни таниганимдан бери, болалигимдан доим уруш бўлган, 40 йил уруш...", дейди Фаҳроч Усефи. Унинг жигарранг кўзлари бўшлиққа тикилади. У оппоқ сочларининг рўмол остига тўғрилаб қўяди.
Фаҳроч умрининг 60 йили давомида ҳамма нарсадан воз кечиб, уч марта урушдан қочишга мажбур бўлди. Биринчи марта - совет аскарлари келганида, кейин 90-йилларда Толибондан, ҳозир эса яна Толибондан.
"Мана ҳозир шу ердаман ва ўй-хаёлим Афғонистонда қолган болаларда, бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмайман. У ерда аллақачон совуқ, дейишяпти, лекин ейишга ҳеч вақо йўқ, болаларим ва қариндошларимдан хавотирдаман. Улар бу қишда омон қолмаслиги мумкин", дейди у.

Фаҳрочнинг овозида ҳам, юзида ҳам ҳис-ҳаяжон сезилмайди - овози бир текис ва хотиржам, жилмайиб қўяди. Кўп йиллик тажриба давомида у ҳис-туйғуларини қандай жиловлашни ўрганди. Қалбидаги кечинмаларни фақат унинг маъюс кўзлари фош қилиб қўяди.
Фаҳрочнинг бир ўғли ўлди, яна уч нафари Афғонистонда қолди. У эса турмушга чиқмаган қизлари - Моҳнигор ва Собира билан Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлди. Она Толибон қизларни мажбурлаб турмушга чиқаришидан қўрқарди.
"Биз ҳазораларданмиз. Толибон Афғонистонни охирги марта қўлга киритганида, ҳаётимиз чидаб бўлмас даражага етди. Улар бизнинг қишлоғимиздан эркакларни тўплиб, қурол билан чуқурга ҳайдагани, кейин уларнинг устидан тупроқ тўкишганини эслайман. Эртаси куни эрталаб ер очилди - улар ҳали ҳам тирик эдилар, лекин чуқур олдида автоматчилар бор эди ва бизга яқинлашишимизга имкон беришмади", деб эслайди у.
Вақти-вақти билан Фаҳроч қўлини қорнига қўйиб, букчайиб қолади. У Афғонистондан қочиб келганидан бери ўткир ошқозон оғриғидан азият чекади. Кенжа қизининг ҳам муаммолари бор - унинг руҳиятида бузилиш бор, аҳволи ёмонлашмаслиги учун унга ёрдамчи дорилар керак бўлади. Аммо Фаҳроч ва унинг қизлари тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эмас. Улар Тожикистон Мустақиллик куни байрами муносабати билан бюрократик тузоққа тушиб қолган 40 оила қаторида эди.

"Онам ва синглимнинг азобини юмшатиш учун боримни берган бўлардим. Ҳар қандай ишга тайёрман, лекин ҳеч нарса топа олмаяпман. Тикувчилик қилиш энг оддий тикув машинасини сотиб олишни орзу қиламан. Лекин машинанинг нархи 50 доллар, ҳозир биз учун жуда катта пул", дейди катта қизи Моҳнигор.
Суҳбатимиздан бир неча кун ўтгач, Тожикистон ҳукумати Фаҳроч ва унинг қизларига бошпана бермасликка қарор қилди. 12 ноябрь куни улар ва яна саккиз кишини машинага ўтқазиб, Афғонистон билан чегарага олиб боришди ва мамлакатдан чиқариб юборишди. Фаҳроч ва унинг оиласи ҳозир чегарадаги БМТнинг чодир лагерида. Аммо таъминот етарли эмас, одамлар очликдан ва совуқдан ўлиб қолиши хавфи бор.
Қочқинларнинг ўзлари айтганидек, сентябрь ойи ўрталаридан бошлаб Тожикистонда Толибондан яширинишни истаганларнинг аҳволи янада оғирлашди. Икки давлат ўртасидаги барча чегара пунктлари ёпиқ, тўғридан-тўғри рейслар йўқ. Октябрь ойида ва ундан кейин Тожикистонга қочиб келганларга эса Ички ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун зарур гувоҳномалар берилмади. Нега шундай бўлмоқда - ҳеч ким тушунтира олмайди.
Бу йил Тожикистон халқаро ёрдам эвазига Афғонистондан 100 мингдан ортиқ қочқинни қабул қилишга ваъда берган. Аммо сентябрь ойида расмийлар "террорчилар кириб келиши таҳдиди" туфайли бунчалик кўп одамга бошпана бера олмаслигини эълон қилди. Улар, шунингдек, коронавирус пандемияси ва халқаро ёрдамнинг етишмаслигига ишора қилдилар.
Бу йил Тожикистонга қанча одам Толибондан қочиб келгани ҳақида расмий маълумотлар йўқ. Қочқинлар билан ишлайдиган жамоат ташкилотлари маълумотига кўра, уларнинг сони 5 мингга яқин. Тожиклар Афғонистон аҳолисининг қарийб 20 фоизини ташкил қилади. Сиёсатчилар тараддудланаётган бир пайтда Тожикистоннинг оддий аҳолиси қўшниларига қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.
"Уйимиз йўлагида Афғонистондан келган қочқинлар яшайди. Тахминан тўртта хонадон бор - ҳар бирида саккизтага яқин одам бор. Улар жуда яхши одамлар, ҳатто дўстлашиб олдик. Уларнинг тили бизникига ўхшаш, урф-одатлари бир хил. Шунинг учун муаммо йўқ", дейди дейди ваҳдатлик аёл. Бу ерга Афғонистондан келган юзлаб қочқин аллақачон қўним топган.
"Ўз вақтида, 1992 йилда мамлакатимизда ҳам уруш бўлган эди. Тожиклар эса Афғонистонга қочганди. Кейин улар бизга бошпана бериб, қорнимизни тўйдиришди. Демак, биз ҳам уларни қабул қилишимиз керак, менимча. Албатта, агар улар бу ерда одат бўлганидек, ўзларини инсоний, яхши тутсалар.
"Улар ҳозир ўзларини қандай тутишмоқда?"
"Мана, бир ойдирки, улар томонидан бирор муаммо бўлганини кўрмадим", дейди Душанбе яқинидаги қишлоқлардан биридаги бозорда бир киши.
Унинг ёнида турган сотувчи саволларга жавоб беришни истамади. Аммо индамайгина катта сумкага мева териб, устига бир нечта нон қўйди-да: "Ҳозир қочқинлар олдига борасизми? Мана буларни олиб бориб беринг, илтимос", деди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














