АҚШ ва Тожикистон: Байден Тожикистонни тилга олди, Душанбе расман норозилик билдирди Афғонистон Afg‘oniston Tojikiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ президенти 11 сентябрь кунги чиқишида Тожикистонни тилга олди. Тожикистонда ҳам одамлар худди Кобулдагиси каби ўз самолётлари шассисига осилиб олган бўлишларини айтди. Байден нега айнан Тожикистонни мисол қилгани сабаби номаълум. Расмий Душанбе ва тожикистонликлар норози. АҚШ элчиси чақирилди. Вашингтонга нота йўлланди.
Расмий хабарларга кўра, Тожикистон Ташқи ишлар вазири АҚШ элчисини ўз ҳузурларига чорлаган.
Элчига ўз норозилик ноталарини оғзаки тарзда билдирган.
"Бундай баёнотлар шериклик ва дўстона муносабатлар руҳига мос келмаслиги"ни айтган.
АҚШ президенти Пенсильваниядаги ўт ўчириш шохобчасига ташрифи чоғида бу ҳақда гапирган.
Қилган чиқиши чоғида ўз қўшинларини Афғонистондан қай тариқа олиб чиқиб кетганликларини ҳимоя қилган.
Бунинг "кўпчиликка ёқмагани"ни қўшимча қиларкан, мисол тариқасида Тожикистонни тилга олган.
Худди шундай таклиф бўлганида, Тожикистонда ҳам одамлар Кобулдагиси каби С-130 самолёти шассисига осилиб олган бўлишларини айтган.
"Буни яна қандай қилиб амалга ошириш мумкинлигини бошқа кимгадир тушунтириш қийин. Мисол учун, агар биз Тожикистонда бўлсак-да, С-130 самолётини тайёр қилиб, бизга бирор бир шаклда хайрихоҳлик қилган барча чиқсин, десак, ўшанда ҳам унинг шассисига осилган одам бўларди", - деб айтган АҚШ президенти.
Тожикистон томони ўз баёнотида АҚШ билан ўзаро ҳурмат руҳида икки томонлама манфаатли муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлаган.
Расмий Душанбенинг норозилик нотасига расмий Вашингтон муносабати ҳозирча маълум эмас.
Эвакуация жараёни

Сурат манбаси, Unknown
АҚШ минглаб ҳарбийси ва сўнгги 20 йил ичида ўзларига турли соҳаларда ёрдам қилган катта сондаги афғонларни саноқли ҳафталарнинг ўзида Афғонистондан олиб чиқиб кетишга уринган.
Толибоннинг шиддат билан мамлакатни эгаллаб, 15 август куни пойтахт Кобулга кириб келиши улар учун ҳам кутилмаган бўлган.
Бирваракайига минглаб одам Афғонистонни тарк этишга уринаркан, Кобул халқаро аэропортида бошбошдоқлик юзага келган.
Тартиб ўрнатиш учун Афғонистонга АҚШ ва Британия томонидан ташланган юзлаб қўшимча ҳарбийлар ҳам иложсиз қолишаётгани кўрилган.
Оломонни тартибга солиш учун толибларнинг ҳавога ўт очишгача борганликларига оид хабарлар ҳам олинган.
Кетиш илинжидаги афғонларнинг АҚШ ҳарбий-юк самолёти шассисига қандай осилиб олишгани суратлари бутун дунё бўйлаб тарқалган.
Айрим нуфузли Ғарб нашрлари ҳатто Кобулдан Вашингтонга қайтган самолёт ғилдираклари орасидан одам жасади қолдиқлари топилгани ҳақида ҳам ёзишган.
Сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни 31 август куни тарк этганди.
АҚШ Давлат котиби эса, Афғонистондан қандай чиқиб кетганликларини яна бир бор ҳимоя қилиб чиққан.
Афғонистон ва Тожикистон

Сурат манбаси, official
АҚШ президентининг мисол ўлароқ нега айнан Тожикистонни тилга олгани сабаби маълум эмас.
Тожикистон Ўзбекистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Расмий Душанбе сўнггига қадар Афғонистонда расмий Кобулни ягона қонуний ҳукумат сифатида кўришларини баён қилиб келган.
Толибон билан ҳеч қачон учрашмаганликлари ва музокаралар ҳам олиб бормаганликларини айтган.
Амалдагиси толиблар томонидан қулатилиши ортидан эса, Тожикистон президентининг ўзи Афғонистондаги инклюзив бўлмаган бирор бир ҳукуматни тан олмасликларини расман баён қилган.
Этник тожикларнинг янги афғон ҳукумати таркибида муносиб ўрин эгаллаши зарурлигини урғулагани ҳам хабар берилган.
Унинг бу сўзлари шу йил август ойи охирида Покистон Ташқи ишлар вазири билан пойтахт Душанбедаги учрашуви чоғида янграган.
Ўшанда томонлар Афғонистондаги бугунги вазиятни минтақа хавфсизлигига асосий таҳдидлардан бири сифатида қайд этишгани ҳам маълум бўлганди.
Худди шу учрашувдан саноқли ҳафталар ўтиб эса, Толибон Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Барчаси ўзининг етакчиларидан иборат ва аксарияти паштун муваққат ҳукуматини жамоатчиликка таништирган.
7 сентябрь кунги устма-уст янгиликка расмий Душанбенинг мавқеи ноаён қолган, Тожикистон томонининг бу хусусда бирор бир расмий муносабат билан чиққани ҳалича кўзга ташланмаган.
Қўшнилар

Сурат манбаси, official
Тожикистон Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун ва яхши қўриқлаш имконсиз чегара чизиғига эга давлати бўлади.
Толибларнинг Афғонистонни қайта забт этишлари билан кечган сўнгги бир неча ой ичида чегараси афғон ҳарбийлари, маҳаллий қуроллилари ва фуқаролари томонидан энг кўп бузилгани экани кўрилади.
Аммо орада вазият тақозо этса, 100 мингтагача афғон қочқинини олишлари мумкинлигини расман маълум қилган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Жорий пайтда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош барча ҳудудлари, икки давлат ўртасидаги халқаро, минтақавий аҳамиятга молик портлар, савдо, транзит йўллари ва чегара назорат-ўтиш нуқталари толибларнинг назорати остида.
Толибон илова Афғонистондаги қатор жангари гуруҳлар сафида Тожикистон фуқаролари ҳам жанг қилиб келишгани маълум.
Афғонистонда амалдаги бўлган қонуний ҳукумат 15 август куни қулаган, мамлакатда қудратни яна Толибон эгаллаган.
Ҳокимият тинч йўл билан бирор бир томонга ўтмаган, толиблар Кобулга кирган куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган.
Орада ўзининг яна Афғонистонга қайтиш ниятида эканини маълум қилган, аммо бунинг аниқ санасини ҳалича очиқламаган.
Душанбенинг АҚШ томонига норозилик нотасига оид расмий хабар Тожикистон Россия ва Хитой шамсияси остидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг саммитларига мезбонлик қилиши кутилаётган бир пайтда бўй кўрсатган.
Бу йиғинлар чоғида ҳам бугунги Афғонистон масаласининг кун тартибидаги энг муҳим мавзулардан бири бўлиши айтилган.
АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўз мамлакатлари ҳақида айтган сўзлари тожикистонлик аксарият интернет фойдаланувчилари томонидан ҳам танқидий руҳда кутиб олинган.
Сўнгги кунларда кибер фазони қизитган мавзулардан бирига айланган.
Улар ўз постларида Тожикистонни Афғонистонга ўхшатиш ноўрин ва номақбул эканлигини айтишган.
Ўзбекистон ва АҚШ

Сурат манбаси, EPA
Ўзбекистон эса, Америка Қўшма Штатларининг собиқ республикачи президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган саноқли давлатлардан бири бўлади.
Дональд Трамп Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтган.
Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.
Худди шу ўринда, "Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?", - деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетган.
Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни "террорчилар", деб ҳам атаган.
Алал-оқибат 2016 йилги президент сайловида ғолиб чиққан республикачи номзоднинг 4 август куни Портланд шаҳрида янграган бу сўзлари турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлган.
Аммо 2017 йилнинг 20 январь куни расман АҚШ президенти сифатида қасамёд келтиришидан саноқли ойлар ўтиб, Трамп Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини ҳайит билан табриклаган.
Худди ўша йил якунида Дональд Трамп Ўзбекистоннинг ўзига ўхшаб янги президенти бўлган Шавкат Мирзиёевни Америкага таклиф қилган.
Худди шу учрашув ва музокаралар чоғида томонлар ўз мамлакатлари тарихида стратегик шерикликнинг янги даврини эълон қилишганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














