Коронавирус: Тожикистон: Хавотир кучаймоқда, эҳтиёт чоралари кучайтирилмоқда

Тожикистон расмийлари шу пайтгача мамлакатда биронта ҳам коронавирусга чалиниш ҳоллари қайд қилинмаганини билдиришади. Лекин кейинги ҳафта ичида оддий одамлар орасида коронавирусга чалинишдан хавотирлар кучайган. Айни бир пайтда ҳукумат томонидан коронавируснинг олдини олиш мақсадида эҳтиёт чоралари кун сайин кучайтириб бориляпти.
Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, хавотирлик кучайишига ҳам, эҳтиёт чоралари кучайтирилаётганига ҳам Тожикистонга қӯшни мамлакатлар - Ӯзбекистон ва Қирғизистонда ҳамда миллион нафардан ортиқ тожикистонликлар меҳнат муҳожирлигида бӯлган Россия ва Қозоғистонда коронавирусга чалиниш ва бу касаллик туфайли ӯлим ҳолларининг кӯпайиши асосий сабаб бӯлаётир.
Карантиндаги ӯлим ёки «Асоссиз хабарларга ишонманг!»

Ӯтган ҳафта мамлакат шимолидаги Қирғизистон билан туташ Жаббор Расулов туманидаги Қӯрғонча қишлоғида яшаган бир кишининг ӯлими ва шу боис у яшаган тумандаги икки беморхонанинг карантинга олиниши аҳоли орасида хавотириликни кучайтирган миш-мишларга сабаб бӯлди. 61 ёшли Ҳабибулло Шодиевнинг қӯшни Қирғизистонга меҳмонликка бориб, вирус юқтиргани ва ӯн кун беморхонада даволаниб, вафот этгани хабари яшин тезлигида тарқалди. Лекин Суғд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан журналистлар учун ӯтказилган шошилинч брифингда Шодиевнинг коронавирусдан эмас, ӯпканинг ӯткир яллиғланиши туфайли дунёдан ӯтганлиги расмий равишда айтилди.
Айни бир пайтда шу брифингда бошқарма бошлиғи ӯринбосари Маъруф Ҳожибоев эҳтиёт чоралари туфайли бемор даволанган Жаббор Расулов тумани марказий беморхонасида ишлайдиган ва у билан мулоқотда бӯлган 11 нафар тиббиёт ходими, шунингдек, марҳумнинг икки қариндоши вилоят марказидаги шифохонага олиб келиниб, карантинга ётқизилганини айтди. У бу ӯн уч кишининг биронтасида ҳам коронавирус аниқланмаганини, айрим шифокорлардаги тана ҳароратининг кӯтарилиши бошқа касалликлар билан боғлиқ эканлигини айтди.
Аммо марҳум Шодиев даволанган беморхонадан ташқари яна бир қишлоқ беморхонаси ҳам карантинга олинди. Қишлоқ касалхонасининг карантинга олиниши у ерда марҳумнинг хотини юрак хасталиги билан даволанаётгани ва Шодиев уни кӯриш учун борганлиги билан изоҳланди.
«Спутник Таджикистана» ахборот агентлигининг хабар беришича эса, бугун Жаббор Расулов туманидаги қишлоқ беморхоналаридан бирида Ҳабибулло Шодиевнинг укаси билан мулоқотда бӯлган ҳамкасби вафот этган. Туман маориф бӯлимида ишлаган Ҳожимуҳаммад Тошев коронавирус хатари билан карантинга ётқизилган.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири муовини, мазкур вазирликнинг коронавирус олдини олиш штаби бошлиғи Мирҳамуддин Камолзода бу хабарни тасдиқлар экан, марҳумнинг юрак оғриғи туфайли вафот этганини айтган. Шунингдек, Тошевнинг қон босими ҳам бӯлганлигини айтган.
Марҳум Тошев ишлаган маориф бӯлими мудири бӯлган Абдужалил Шодиев акасининг ӯлимидан сӯнг карантинга олинган эди.
Мирҳамуддин Камолзода Тожикистон фуқароларни асосссиз хабарларга ишонмасликка, фақат расмий хабарларга, жумладан Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси вазирлиги хабарларига ишонишга чақирган.
Чегаралар бутунлай ёпилди

Қирғизистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари аниқланганда, бу мамлакат бошқа қӯшнилар билан бир қаторда Тожикистон билан ҳам чегараларини ёпди. Лекин Суғд вилоятининг Қирғизистон билан туташ қишлоқларида чегарани бутунлай ёпиш имкониятлари йӯқ эди. Айниқса, Бобожон Ғафуров туманига туташ қирғиз қишлоқлари аҳолиси бозор-ӯчар учун Тожикистонга ӯтиб келаверди. Аввалига Тожикистондаги беморхоналарга Қирғизистондан келадиган беморларни қабул қилмаслик топшириғи берилди. Сӯнгра икки мамлакат қишлоқларини бӯлиб турган катта асфалт йӯллари қӯриқлана бошланди. Ҳужжат текширилиб, Қирғизистон машиналари ҳам, фуқаролари ҳам Тожикистонга ӯтиши йӯли олинди.
Қирғизистон ва Тожикистон президентлари телефон орқали коронавирусга қарши биргаликда кураш борасида фикр алмашиб, келишиб олишди. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон бу борада Ӯзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан икки марта телефон орқали гаплашди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудига янги коронавирус кириб келиши олдини олиш мақсадида чет эллик фуқаролар ва фуқаросиз фуқаролар учун ӯз чегараларини вақтинча бутунлай ёпишини эълон қилди. Вазирликдан билдиришларича, бу тақиқ фақат Тожикистонда аккредитасияси бор чет эл дипломатлари, халқаро ташкилотлар ва молиявий муассасалар ходимларига нисбатан қӯлланилмайди. Лекин улар чегарадан ӯтишгач, шифокорлар назорати остида 14 кунлик карантинда бӯладилар. Шунингдек, халқаро юкларни ташийдиган ҳайдовчилар ва темирйӯлчиларга бу тақиқ қӯлланилмайди.
Тожикистон ӯз чегараларини ёпгач, мамлакат ҳудудида қолиб кетган чет эллик фуқароларонинг визасини узайтиришни ваъда қилган. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан билдиришларича, визаларнинг янги муддати эпидемилологик вазият барқарорлашган пайтгача амал қилади.
Тожикистонда коронавирус боис бошқа қӯшни мамлакатлардаги каби умумий карантин ё фавқулодда ҳолат эълон қилинган эмас. Лекин март ойидагига қараганда апрелда ҳукумат эҳтиёт чораларини кучайтиргани сезилади. Оммавий ахборот воситаларида коронавирус борасида кӯрсатув, эшиттиришлар кӯпайди, мутахассислар билан суҳбатлар уюштирилмоқда. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси вазирлиги томонидан коронавирусдан сақланиш бӯйича махсус варақалар тайёрланиб, аҳолига тарқатилмоқда. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, коронавирус нималиги ва унинг олдини олиш борасида суҳбатлар ӯтказишмоқда.
Мамлакатдаги йигирмага яқин енгил саноат корхонаси тиббий ниқоблар ва бошқа ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашмоқда. Бӯстон шаҳридаги ана шундай саноат корхоналаридан бирида тайёрланаётган пахталик тиббий ниқобларга ҳатто Европа мамлакатларида талаб пайдо бӯлган.
Бохтар шаҳридаги "Ресандаи Қӯрғонтеппа" ширкати Хатлон вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасалари, ӯқув юртлари, муассасаларга 100 мингта бепул тиббий ниқоб етказиб берган.
Тожикистон Молия вазирлиги ва Миллий банк коронавирус пандемияси олдини олиш учун маблағ тӯплаш учун махсус хайрия хазинаси очган.
Ёрдам сӯралган мурожаатлар

Айни бир пайтда Тожикистон коронавирус олдини олиш учун Россия ва бошқа мамлакатларга ёрдам сӯраб мурожаат қилган. Мазкур мурожаатда тиббий ниқоблар, махсус ҳимоя кийимлари, қӯлқоплардан ташқари коронавирусни аниқлаш учун тестлар юбориш сӯралган.
Жаҳон банки Тожикистонга коронавирусга қарши кураш учун 11,3 миллион АҚШ доллари ажратган. Бу маблағни соғлиқни сақлаш тизими ва мамлакатнинг камбағал аҳолиси учун йӯналтирилиши айтилган.
Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳхорзода бу маблағ жумладан дастлабки кундалик эҳтиёж молларини сотиб олиш учун қодир бӯлмаган аҳоли қатлами учун ажратилишини билдирган.
Осиё Тараққиёт банки эса, COVID-19 қарши курашиш учун Тожикистонга 100 минг АҚШ доллари ажратган. Олдинроқ Олмония давлати аҳолини коронавирус хавфидан ҳимоя қилиш учун 1 миллион Евро ажратганди.
Тожикистонга Ӯзбекистон ва Қозоғистон ҳам ёрдам жӯнатган. Тожикистонга Ӯзбекистондан ун, коронавирус олдини олиш учун қаратилган тиббий кийим, жиҳоз ва антисептиклар юкланган 18 та вагон етиб келган. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ӯзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдирар экан, ӯзбек ва тожик халқларининг асрлар давомида оғир пайтларда бир-бирларига елкадош бӯлиб, қӯллаб келишганини таъкидлаган. У «Ӯзбекистон томонидан юборилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий жиҳозларнинг ҳозирги мураккаб шароитда жуда муҳим эканлиги, халқларимизни боғлаб турган ӯзаро қӯллаб-қувватлашдек қадимий анъананинг яна бир белгиси» эканлигини айтган.
Қозоғистон эса, Тожикистонга 5 минг тонна ун жӯнатган.
Чӯнтак кӯтарадиган ва кӯтармайдиган ниқоблар

Ҳозир Хӯжанд шаҳри ва унинг атрофидаги шаҳар ва қишлоқларда олдинги ҳафтадагига нисбатан тиббий ниқобда юрган одамлар камида уч-тӯрт баравар кӯпайган. Қузатувчиларга кӯра, биринчидан, гарчи Ҳукумат вҳолини кӯчага ниқобсиз чиқишини тақиқламаган бӯлса-да, лекин одамларни ӯзларини эҳтиёт қилиш учун бунга чорламоқда. Иккинчидан эса, одамларнинг ӯзлари ӯз соғликларини ӯйлай бошлашган.
- Ҳурматли сотувчилар! Иш жойингизда ниқоб билан бӯлишингизни сӯраймиз. Текшириш давомида жаримага тортишса, ӯзингиз жавоб беришингизга тӯғри келади!
Бу мазмундаги эълон одамлар орасида «Афғон бозори» номи билан машҳур Хӯжанд бозорида тез-тез такрорланмоқда.
- Эълон ӯз йӯлига. Биз ӯзимизни ҳам, харидорларни ҳам эҳтиёт қиилишимиз зарур. Қаранг, ниқобдан ташқари, қӯлимга қӯлқоп кийиб олганман, - дейди бозордаги дӯкон сотувчиларидан бири.
Қандолат маҳсулотлар и билан савдо қиладиган сотувчи йигит эса, кейинги кунларда харидорлар камайиб кетганидан ёзғирди.
Машҳур «Пайшанбе» бозоридаги сотувчилар ҳам гарчи нархлар ошмаган бӯлса-да, харидорлар асосан ун, ёғ каби маҳсулотларга «ёпишаётганликлари» ни айтишди.
Мактаб ӯқитувчилари, ӯқувчилари ва болалар боғчалари тарбиячилари, тарбияланувчилари учун ҳам ниқобда келиш шарт қилиб қӯйилди.
- Тӯғри, ниқоблар нархи одатдагига қараганда тӯрт-беш баравар қиммат. Лекин менга болаларимнинг соғлиги муҳим. Икки ӯғлим мактабга, қизим боғчага қатнайди. Аввалига уларга тайёр ниқоблар сотиб олиб бердим. Қарасам, кунига ҳар бирига учтадан ниқоб олсам, бир ойлик маошим етмайди. Шунга дока сотиб олиб, ювилиб, яхшилаб дазмоллаб яна тақиладиган ниқоблар тикдим, - деди Гулистон шаҳрида яшайдиган кӯп фарзандлик она.
Дорихоналарда сотилаётган бир марталик оддий ниқоб нархи 3 сомоний (30 АҚШ сенти атрофида), кӯп марталик махсус ниқоб нархи - 20 сомоний (2 долларга яқин). Хӯжанддаги дорихоналардан бирининг сотувчиси айтишича, қиммат ниқобларни фақат чӯнтаги кӯтарадиган камдан-кам одам сотиб олмоқда. Бошқалар эса, оддий ниқоблар олаётганда ҳам нега буларинг беш баравар қиммат, деб норози бӯлишмоқда, деди у.
- Билмадим, ота-оналари ниқоб олишга қийналишяптими, ё болаларини эҳтиёт қилишптими, синфимда давомот камайиб кетди. Ӯқувчиларнинг ярми дарсга келмаяпти, - деди Бӯстон шаҳридаги рус тилида ӯқитиладиган синфга дарс берадиган ӯқитувчи.
- Эҳтиёт бӯлган яхши-да, Мана, коронавирус юқмаслиги учун вилоят ҳукумати биносига кираётганимда иссиғимни ӯлчашди, кафтимга антисептик сепишди. Кейин ичкарига киришга ижозат беришди, - деди Конибодом шаҳридан Хӯжандга иш билан келган киши.
- Мен ҳали юқоридан айтишларидан олдин ҳар битта машинани дезинфексиялаб, кейин йӯлга чиқаришни талаб қилардим. Ҳайдовчиларнинг ниқоб тақишлари шарт, кафтларига эса антисептик сепамиз, - дейди йӯналишли такси муассасаси раҳбари.
Ҳозирда ҳар бир йӯловчи ташийдиган нақлиёт воситаси дезинфексия қилинади, ҳайдовчилар ниқобда бӯлишади.
- Мен Хӯжанддан йигирма километр наридаги қишлоқда яшайман. Илгари биздан тӯғри Хӯжандга «маршрутка» қатнарди. Ҳозир ярим йӯлгача «маршрутка»да бориб, уёғига автобусда кетишга мажбурмиз. Хӯжандга шаҳар атрофидан қатнайдиган «маршрутка»ларнинг кириши тақиқланган. Автобус тиқилинч. Мен-ку ниқобда юраман, лекин асосий кӯпчиликнинг ниқоби йӯқ. Бир-бирига қапишиб турган йӯловчиларга қарар эканман, коронавирусга чалинмаслик учун одамлар орасида камида икки метрлик масофа бӯлиши зарурлигини эслайман. Юрагим орқага тортиб кетади. Ишқилиб, Худонинг ӯзи асрасин, дейман, - дейди ҳар куни Бобожон Ғафуров туманидаги Хистеварз қишлоғидан Хӯжандга ишга қатновчи аёл.
Тожикистонга қӯшни мамлакатларда коронавирус эпидемияси бошланганда ёпилган масжидлар ҳозирда очилган. Лекин масжидларнинг имом-хатиблари ва имомлари жума намозига келган намозхонларга 60 ёшдан ӯтган кишиларнинг уйларида намоз ӯқиш тавсиясини беришмоқда.
Хӯжанд шаҳрининг Регистон каби майдонлари, кӯчалари ва бозорларида эса, одамлар тобора сийраклашмоқда. Зарур ишлари йӯқ кишилар уйда ӯтиришни афзал билишмоқда.
"Юрак ҳовучда туради"

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тожикистондаги вакили Галина Перфильева мамлакатда коронавирусга чалиниш йӯқлигини айтган.
Расмийларга кӯра 7260 нафарга яқин киши карантинга олинган. Уларнинг 5240 нафаридан ортиғига коронавирус аломатлари йӯқлиги учун уйларига жавоб берилган. Ҳозир 2020 нафарга яқин киши карантинда. Уларнинг кейинроқ чет элдан қайтган кишилар эканлиги айтилмоқда.
Лекин айни бир пайтда айрим тиббий муассасаларда каарантинда бӯлган кишиларни сақлаш муддати узайтирилганини айтилган. Жумладан, Хатлон вилоятидаги шифохоналарда бӯлган кишиларга карантин муддати 14 кундан 21 кунга узайтирилгани айтилган. Шифокорларнинг айтишларича, бу биринчи навбатда одамлар саломатлиги кӯзланган эҳтиёт чорасидир. Чунки айримлардан қайта таҳлил олишга тӯғри келади.
Оддий тожикистонликлар коронавирус пайдо бӯлишидан ҳамон хавотирдалар. Буни ижтимоий тармоқлардаги тожикистонликлар қолдираётган фикрларда ҳам кӯриш мумкин. «Энди нима бӯлади, деб кутиш вируснинг ӯзидан ҳам ёмон. Доим юрагинг ҳовучингда туради», деб ёзган Парвина Мамадалиева. Заҳро Абдул Воҳид эса, ҳаммани бир бошдан дезинфексиялаб чиқишни таклиф этади. Зарина Ражабова одамларни гигиенага риоя қилишга чақиради. Меҳри Ҳамроқулованинг айтишича, 14 кунлик карантиндан кейин улардан таҳлил олишган, ҳеч кимнинг касалликка чалинмагани маълум бӯлган. «Бизда ҳеч нарсани яширишмайди», дейди у.
Айни бир пайтда тиббиёт олими Самариддин Партоев фикрича, коронавируснинг тарқалиш хавфи йӯқ эмас. У чегара нималигини билмайди ва дунёдаги биронта мамлакат ундан кафолатмаган, дейди олим. Қозоғистонлик юқумли хасталиклар бӯйича етакчи мутахассис Динагул Баешева фикрича, Туркманистон ва Тожикистонга коронавирус кечроқ кириб келиши мумкин.
У Риа Новостига берган интервюсида «Бунинг ҳаммаси мамлакатнинг мазкур муаммога муносабатига ва одамларнинг интизомига, айтилган тавсияларга қанчалик қулоқ тутишларига боғлиқ», дейди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














