Афғонистон: Президент сайлови урушдан чарчаган халққа нима беради?

Women queue to vote at a polling station in Herat, Afghanistan. Photo: 28 September 2019

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Афғонистон халқи кучайтирилган хавфсизлик чоралари ва жангарилар томонидан бомба ҳужумлари манзарасида Президент сайловида овоз берди.

Толибон жангарилари нишонга олишга ваъда берган сайлов участкаларини қўриқлаш учун 20 мингдан зиёд хавфсизлик кучлари жалб қилинди.

Шу ой бошида Толибон ва АҚШ ўртасидаги тинчлик музокаралари барбод бўлгач, икки марта қолдирилган сайлов якшанба куни бўлиб ўтди.

Президентлик учун икки номзод амалдаги давлат раҳбари Ашраф Ғани ва вице-президент Абдулла Абдуллалар кураш олиб борди.

Бу икки шахс 2014 йилдан бери иттифоқчиликда ҳукуматни бошқариб келмоқда.

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 17:00 да ёпилган. Уларга амалга оширилган ҳужум натижасида камида бир киши ҳалок бўлди ва 27 киши жароҳатланган.

Сайлов участкаларига бомбали ҳужумларга қарамасдан жанубдаги Қандаҳор шаҳрида овоз бериш учун навбатда турган аёлларни кўриш мумкин бўлган.

Рўйхатга олинган 9 миллиондан ортиқ овоз берувчиларнинг 35 фоизини аёллар ташкил қилган.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси натижаларни уч ҳафтадан сўнг эълон қилади.

сайлов

Сурат манбаси, Getty Images

Women vote in Kabul in the presidential election of 2019

Сурат манбаси, Getty Images

Сайловда овоз берувчилар сони кам бўлиши кутиляпти. Бироқ бир аёл соатлаб навбатда туриш керак бўлса ҳам овоз беришини айтган.

"Афғонистонда кимдир сайловда овоз беришга журъат топа олса, мана шу жасурликдир. Бу сафар қаллобликлар бўлмаслигига умид қиламиз. Акс ҳолда сайловчилар яна ўзларини алданган ҳис қилади", дейди Кобулдан доктор Роя Жаҳонгир.

Расмийлар навбатдаги одамлар овоз бериб олишлари учун сайлов соатларини узайтирган.

Сайловлар нима учун аҳамиятли?

Афғонистоннинг навбатдаги президенти 40 йиллик урушдан вайрон бўлган мамлакатни бошқаради.

Тўқнашувлар ҳар йили минглаб одамларнинг умрига зомин бўлиб давом этмоқда.

Айни дамда АҚШнинг Афғонистонда тахминан 14 минг аскари бор. Яна НАТОга аъзо давлатларнинг бир неча минг аскари мамлакатнинг хавфсизлик кучларига ҳарбий тайёргарликдан ўтказиб, уларга маслаҳат бермоқда.

2001 йил АҚШ бошчилигидаги коалиция Толибонни қудратдан ағдарганидан сўнг ўтаётган 4-сайловда ким ғолиб бўлишидан қатъий назар муҳим ўрин тутишига тўғри келади.

Ҳозирча Толибон ҳаракати Афғонистон ҳукумати билан унинг нолегимлигини айтиб, тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришни рад қилмоқда.

Улар Америка билан келишувга эришганидан сўнггина Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини маълум қилган.

Ҳукумат тепасига кимнинг келиши Толибон, армия ва бошқа жангарилар ўртасида овора бўлаётган халқ учун ўта аҳамиятли эканлиги айтилади.

Би-би-си текширувидан маълум бўлишича, ўтган август ойида Афғонистонда ҳар куни 74 нафар эркак, аёл ва болалар ўлдирилган.

18 йиллик урушлардан сўнг Қўшма Штатларнинг Афғонистондан чиқиш режаси хавф остида қоларкан, шафқатсиз зўравонликлар қарийб бутун мамлакатни ўз забтига олган.

Би-би-си 2307 нафар инсоннинг ёстиғини қуритган 611 та ҳодисани тасдиқлади.

Ҳар икки томон - Толибон ҳам, Афғонистон ҳукумати ҳам Би-би-си рақамларининг ҳаққонийлигини савол остига олди.

Ўлганларнинг аксари жангчилар, жумладан, кутилганидан кўпроқ Толибон жангчилари, аммо қурбонларнинг бешдан бири тинч аҳоли вакилларидир.

Шунингдек, 1948 нафар одам яраланган.

Талофатлар Афғонистондаги вазиятнинг фақат бир парчаси, холос.

Президент Доналд Трамп Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ҳақидаги муҳим сайловолди ваъдасини бажаришга киришаркан, вазият жуда аянчли кўринади.

Бир ҳафта аввал Президент Трамп АҚШ ва Толибон ўртасида бир йил давом этган тинчлик музокараларидан чиқишини эълон қилди, гарчи музокаралар даврасига қайтиш эҳтимоли истисно қилинмаган эса-да.

Аммо ҳеч қачон ўт очишни тўхтатишга эришилмади - ҳар ҳафта юзлаб афғонлар ўлишда давом этмоқда.

Шу ой охирида ўтадиган президент сайловлари арафасида зўравонликлар янада авж олишидан хавотирлар кучайган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek