Афғонистон уруши қурбонлари: 2019 йил август хроникаси

Афғонистон: 2019 йил август. Қирғин ойи
Би-би-си текширувидан маълум бўлишича, ўтган август ойида Афғонистонда ҳар куни 74 нафар эркак, аёл ва болалар ўлдирилган.
18 йиллик урушлардан сўнг Қўшма Штатларнинг Афғонистондан чиқиш режаси хавф остида қоларкан, шафқатсиз зўравонликлар қарийб бутун мамлакатни ўз забтига олган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си 2307 нафар инсоннинг ёстиғини қуритган 611 та ҳодисани тасдиқлади.
Ҳар икки томон - Толибон ҳам, Афғонистон ҳукумати ҳам Би-би-си рақамларининг ҳаққонийлигини савол остига олди.
Ўлганларнинг аксари жангчилар, жумладан, кутилганидан кўпроқ Толибон жангчилари, аммо қурбонларнинг бешдан бири тинч аҳоли вакилларидир.
Шунингдек, 1948 нафар одам яраланган.
Талофатлар Афғонистондаги вазиятнинг фақат бир парчаси, холос.
Президент Доналд Трамп Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ҳақидаги муҳим сайловолди ваъдасини бажаришга киришаркан, вазият жуда аянчли кўринади.
Бир ҳафта аввал Президент Трамп АҚШ ва Толибон ўртасида бир йил давом этган тинчлик музокараларидан чиқишини эълон қилди, гарчи музокаралар даврасига қайтиш эҳтимоли истисно қилинмаган эса-да.
Аммо ҳеч қачон ўт очишни тўхтатишга эришилмади - ҳар ҳафта юзлаб афғонлар ўлишда давом этмоқда.
Шу ой охирида ўтадиган президент сайловлари арафасида зўравонликлар янада авж олишидан хавотирлар кучайган.
Би-би-си маълумотларни қандай тўплаганини ўрганиш учун саҳифа охирига боринг.
Ўттиз бир кунлик қирғин

Августнинг биринчи ҳафтасида кузатилган зўравонликлар ортидан Толибон ва ҳукумат кучлари мусулмонларнинг муқаддас Ийд ал-Адҳа байрами кунлари уч кунлик норасмий оташкесинни сақлашди.
Шунга қарамай, Би-би-си Қурбон байрами кунлари - 10 августдан 13 августга қадар юз берган зўравонликларда 90 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Энг катта талофатлар 27 август куни юз берган - асосан Толибон жангчиларидан иборат 162 киши ҳалок бўлган, 47 одам жароҳатланган.
Аммо тинч аҳоли вакиллари учун энг ҳалокатли кун 18 август эди. Шу куни 112 нафар инсон нобуд бўлган. Уларнинг аксари ягона ҳодисада - Кобулдаги тўйда юз берган ҳудкушлик ҳужумида ҳаётини бой берган. 92 инсон ҳалок бўлган, 142 киши яраланган.
Кобулнинг ишчилар яшайдиган мавзесида улғайган тикувчи Мирвайс ҳаётининг энг бахтли куни учун мисқоллаб пул йиққан эди.
Бунинг ўрнига энг яқин дўстларидан айрилди. Унинг қайлиғи бир неча амакиваччалари ва акасидан айрилди. Мирвайснинг айтишича, ҳозирда унинг қайлиғи тўйга тиктирган кўйлаги ва суратлар албомини ёқиб юборишни истайди.
"Бир лаҳзада бутун дунём йиқилди", - дейди у Би-би-си билан суҳбатда.
"Исломий давлат" гуруҳи ҳужум учун масъуллигини айтган.

Энг кўп ким жабр кўрган?
Толибон 2001 йилдан буён ҳеч қачон ҳозиргичалик қудратли бўлмаган.
Аммо август ойида Би-би-си тасдиқлаган қурбонларнинг қарийб ярми Толибон жангчилари - бу жуда катта ва кутилмаган рақамдир.
Бунинг ортида бир неча омил турган бўлиши мумкин.
Жумладан, тинчлик музокаралари даврида толиблар кўплаб ҳужумлар уюштиришган. Бунга жавобан АҚШ бошчилигидаги кучлар ҳам ҳаво зарбаларини кучайтирган, натижада толиблар билан бирга кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлган.
Охирги йилларда Толибон қанча жангчисидан айрилгани номаълум. Толибон жангчилари сони 60 минг атрофида деб тахмин қилинади.
Толибон чиқарган баёнотда ўтган ой 1000 нафар жангчининг ўлдирилгани ҳақидаги маълумот "асоссиз иддао" дея рад этилади.
Толибларга кўра, "бу каби талофатлар миқёсини тасдиқловчи ҳужжат йўқ".
Толибон Би-би-си ҳисоботини "Кобул маъмуриятининг ички ишлар ва мудофаа вазирликлари кундалик тарғиботи" маҳсули деб таърифлаган.
Афғонистон хавфсизлик кучлари берган талофатлар эса давлат сири ҳисобланади.
Би-би-си тасдиқлаган рақамлар ҳақиқатдагидан анча кам бўлиши мумкин.
Шу йил январида Афғонистон Президенти Ашраф Ғани 2014 йилдан буён 45 минг нафар афғон хавфсизлик кучлари мансублари ҳалок бўлганини айтганди.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги Би-би-си текшируви "жиддий ўрганилиши ва янада батафсилроқ текширувга эҳтиёж борлигини" айтган.

Би-би-си август ойида 473 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ва 786 кишининг яраланганини тасдиқлади.
"Уруш тинч аҳоли бошига битмас-туганмас кулфатлар солди", - дейди БМТ Афғонистондаги миссияси (UNAMA)нинг инсон ҳақлари бўйича масъули Фиона Фрэйзер.
"Бирлашган Миллатларнинг маълумотлари Афғонистондаги уруш Ер юзидаги энг қақшатқичи бўлганини кўрсатиб турибди".
"Гарчи тинч аҳоли орасида қайд этилган қурбонлар сони хавотирли даражада баланд бўлса-да, қурбонларни аниқлашнинг қатъий усули боис эълон қилинган рақамлар талофатларнинг ҳақиқий миқёсини акс эттирмайди".
АҚШ ва Афғонистон ҳукумат кучлари кўпинча тинч аҳоли орасидаги қурбонларни рад этишади ёки улар ҳақида хабар бермайдилар.

Урушнинг қиёфаси
Халқаро янгиликлар сарлавҳаларига кўпинча шимолий Қундуз шаҳридаги жанглар ёки Кобулдаги тўйнинг нишонга олиниши сингари йирик ҳужумлар чиқади.
Аммо Афғонистондаги урушнинг катта қисмини Толибон ва афғон ҳукумат кучлари ўртасидаги кичик, аммо доимий зўравонликлар ташкил этади.

Би-би-си Афғонистоннинг 34 вилоятидан фақат учтасидагина август ойидаги қурбонлар сонини аниқлашга муваффақ бўлмади.
Ҳар 10 қурбондан биттаси Ғазни вилоятига ҳиссасига тўғри келади.
Ғазни Толибон назоратидаги минтақалардан ва шунинг учун ҳам афғон хавфсизлик кучлари амалиётларининг асосий нишони саналади.
Ғазнида амалга оширилган 66 та ҳужумнинг учдан бир қисмини Толибоннинг эҳтимолий мавқеларига уюштирилган ҳаво зарбалари ташкил этган.

Афғонистонликлар ҳаддан ташқари мавҳум бир ҳаёт кечиришларини айтишади.
Би-би-си урузгонлик Муҳибуллоҳ билан Қандаҳорнинг марказий шифохонасида, акасининг елкасидан ўқни чиқазиб олиш амалиётидан сўнг гаплашди.
"Қачон бизнинг ҳудудимизда ҳарбий амалиёт ўтказилса, оддий аҳоли уйидан чиқолмайди. Чиқса ё америкалик ё афғон кучлари уларни отади", - дейди у ғазабнок қиёфада.
Улар ўнг келган жойга бомба ташлашади, атрофимиздаги уйларнинг ҳаммаси ер билан яксон бўлган".
Дунёнинг энг ҳалокатли уруши?
Афғонистондаги уруш қирқ йилдан буён давом этади, охирги бир неча йил боши бир берк кўчага кирган.
Ўтган йили Қуролли зиддият маълумот базаси лойиҳаси (ACLED) Афғонистонни жанглардаги ўлим сони бўйича дунёдаги энг ҳалокатли минтақа деб эълон қилди.

Ташкилот ҳисоботига кўра, август ойида Афғонистонда берилган талофатлар сони Сурия ёки Ямандагидан уч баробар кўп.
Халқаро Тинчлик Индекси шу йил июнида Афғонистонни энг нотинч жой деб атаган.
Би-би-си маълумотларни қандай тўплаган?
Би-би-си шу йил 1 августидан 31 августига қадар Афғонистонда юз берган 1200та зўравонлик ҳодисаларини ҳужжатлаштирди.
Би-би-си Афғон хизмати журналистлари ҳар бир ҳодиса тафсилотларини ўргандилар.
Уларнинг кўпчилиги халқаро янгиликлар сарлавҳаларига чиқмаган кичик ҳужумлар эди.
Олинган хабарларни тасдиқлаш учун мухбирларимиз ҳукумат мулозимлари, шифокорлар, қабила оқсоқоллари, маҳаллий яшовчилар, шоҳидлар, шифохона қайдлари ва Толибон манбаларига боғланишди.
Ҳар бир ҳодиса камида иккита манбадан тасдиқланиши керак эди.
Шифохонада қайд этилган талофатлар иккинчи манбасиз ҳам ишончли ҳисобланарди.
Талофатларга оид рақамларнинг фақат энг пастлари қайдга олинди.
Агар қурбонлар сони 10-12 нафар дейилган бўлса, 10 рақами асос қилиб олинади.
Агар турли манбалар турлича рақамларни берган бўлса, ушбу рақамларнинг ҳам энг ками олиниб, қолган рақамлардан воз кечилган.
Натижада жуда кўп ҳодиса ва рақамлар тушиб қолди.
Ҳужумлар ва талофатларнинг ҳақиқий миқёси анча юқори бўлиши эҳтимоли катта.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












