Афғонистон: Ўзбек қишлоғи устига ҳукумат тўртта бомба ташлаган

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Би-би-си тасвирга олиш гуруҳи Афғон ҳукумат кучлари бомбалаган Сарчакон қишлоғида бўлиб, мотамсаро инсонлар билан суҳбатлашди.
Афғонистон қуролли кучларининг ҳарбий самолёти бомбалагани оқибатида Фарёб вилояти Гурзивон туманидаги Сарчакон қишлоғининг 12 тинч фуқароси ҳаётдан кўз юмди.
Ҳодиса мамлакат шимолида жойлашган асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган Сарчакон қишлоғида 31 август тунида кечки соат 11 ларда рўй берган.
Рўзихол хола ушбу ҳужум оқибатида икки ўғли, келини ва уч неварасидан айрилган.
Портлаш овозини эшитган фарзандлари ертўлага тушиб яширинганлар.
Бомба ўша жойга тушган, Рўзихол холанинг фарзандлари тупроқ остида нафаслари қисилиб ўлганлар.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Яна бир бомба Сарчакон яшовчиси Ҳабибуллоҳнинг қизлари бўлган уйга тушган.
Ҳужумда ҳаётдан кўз юмганларнинг саккиз нафари болалар бўлганлар.
Ушбу ҳудуд Афғон ҳукумат кучлари ва Толибон ўртасида жанглар бораётган ҳудуд ҳисобланади.
Ҳабибуллоҳнинг айтишича, ҳужумдан олдинги вақтда қишлоқдаги ҳар беш метрда ҳукумат қўшинларининг ҳарбий постлари ўрнатилган бўлган, тунда самолёт овозларини эшитганда хотиржам бўлганлар.
Инсонларда, ҳукумат самолёти ҳукумат назорати остида бўлган ҳудудни нишонга олмайди, деган ишонч бўлган.
- Афғонистон уруши қурбонлари: 2019 йил август хроникаси
- Афғонистон: Нега уруш бунча узоқ вақтга чўзилиб кетди?
- Трамп Толибон билан махфий учрашувини бекор қилди
- Ўзбекистон Толибон раҳбариятини илиқ қаршилашига Афғонистон ҳукумати норозилик билдирди
- Меҳмонларни кулиб кутиб олгандим, кейин жасадлари чиқди - Афғонистон
Афғонистон қуролли кучлари ҳарбийлари Гурзивон туманида махсус амалиёт ўтказилгани, бу тўпланган жангариларни нишонга олганини айтган.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги ҳужумлар оқибатида 47 Толибон жангариси ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатган.
Ҳарбийлар ҳужум оқибатида тинч фуқаролар ҳалок бўлгани йўқ, деганлар, Сарчакон қишлоғидаги ҳужумлар юзасидан текширув ўтказилишини айтганлар.
Афғонистонда бораётган қуролли тўқнашувлар юзлаб тинч фуқаролар ўлимига сабаб бўлмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














