"Бу кичкина иблис яна тасвирга олаяпти": Режиссёрнинг Толибон билан ўтган вақти

Сурат манбаси, Rolling Narratives
- Author, Эмма Жонес
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
2021 йил августида Толибон пойтахт Кобулни эгаллаши натижасида Афғонистондан қочган кўплаб умидсиз одамларни кўрдик.
11 сентябрь ҳужумларидан кейин мамлакатдан қувиб чиқарилган Толибон АҚШ кучлари олиб чиқилгач, сайланган ҳукуматни ағдариб, ҳокимиятга келди.
Аммо минглаб одам қочаётган бир вақтда айримлар мамлакатга киришга ҳаракат қилди, жумладан, мисрлик журналист ва Германияда яшовчи режиссёр Иброҳим Нашъат.
Кўп саъй-ҳаракатлардан сўнг Нашъат Афғонистонда бир йилгача қолишга рухсат олишга муваффақ бўлди ва асосан мамлакатнинг янги тайинланган ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Мавлавий Мансур ҳамда филмда Ҳарбий ҳаво кучларига қўшилиш орзусини билдирган ёш толиб лейтенант M.Ж. Мухтор билан бирга филм суратга олди.
Толибон ҳокимиятга қайтганидан уч йил ўтиб, «Ҳолливудгейт» номли ҳужжатли филм пайдо бўлди, у Марказий разведка бошқармасининг ташлаб кетилган ҳарбий базаси номи билан шундай аталган.
Аммо у мамлакатнинг янги даври ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлганида, Нашъат ҳокимият тепасига келганида қатл ва репрессияларни бошлаган янги ҳукумат билан ноқулай ва таранг вазиятга тушиб қолди.
"Бу кичкина иблис яна тасвирга олаяпти", дейди номаълум Толибон Мухторга Нашъатнинг олдида. "Умид қиламанки, у бизни Хитой олдида шарманда қилмайди."
Яна бир сафар Мансур Нашъатга "агар нияти ёмон бўлса, тез орада ўлдирилишини" айтган.
Бу ҳақда сўрашганда Нашъат шундай деди: "Ўшанда улар нима дейишганини тушунмадим. Мен таржимондан мен ҳақимда айтилган ёмон гапларни таржима қилмасликни сўрадим. Ақлдан озишни хоҳламасдим».

Сурат манбаси, Rolling Narratives
Гарчи унга тез-тез суратга олишни тўхтатиш айтилган бўлса-да, у эркин олинган тасвирлардан етарлича тўплаган, бу ерда томошабинлар Америка қўшинларидан қолган буюмларни, масалан, югуриш тренажерларини кўришади (Мансур фильмда биттасини ўзига юборишни сўрайди), универсал ҳожатхоналар белгилари ва алкоголь билан тўлдирилган музлатгич, шунингдек, 7 миллиард долларлик қурол-яроғнинг бир қисми. АҚШ уларни ташлаб кетганини тасдиқлаганди, шу жумладан 73 та самолёт ва 100 та ҳарбий машина.
"Бу йиртқич ҳайвонлар ўзларининг сўнгги кунларини шу ерда ўтказдилар ва ҳамма нарсани вайрон қилдилар", дейди улардан бири америкаликлар ҳақида. Мансур ва унинг жамоаси собиқ Марказий разведка бошқармаси базасини биринчи марта фонар ёруғида айланиб чиқишди.
Ўшанда АҚШ ҳарбий қўмондонлари ҳарбий техникани қайта ишлата олишмайди деган эди, аммо Нашъат таъмирланаётган самолётларнинг бир қисмини суратга олган ва фильмда у ердаги расмийлар Мансурга бу қуроллар синовдан ўтказиш учун тайёр эканлигини айтади.

Сурат манбаси, .
АҚШга саволлар
Нашъат Би-би-сига Америка ташлаб кетган шунча қуролдан даҳшатга тушганини айтади.
"Мен йўлда "Ҳолливудгэйт" ёзувини биринчи марта кўрганимда, бу мен учун ҳамма нарса эди", дейди у.
"Мен қачонлардир Америка бўлган бу макон ҳақида фильм суратга олишни ўйлаганман, кейин Толибон уни эгаллаб олди. Мен толибларнинг Америка каравотларида ухлаётганини суратга оламан деб ўйлагандим, лекин қуролларни суратга олдим."
"Бу нарсаларнинг мавжудлиги ақл бовар қилмайдиган нарса, – деб давом этади у. – Бу ҳақиқатан ҳам Америка расмийлари учун савол, нега улар буларнинг барчасини ортда қолдириб кетишди? Улар яна нечта омборни тўлдиришганди? Суратга олиб бўлгунимча улар бу қуролларни таъмирлай олади деб ўйламагандим".
Бироқ, бир йил ўтиб, 2022 йил августида фильмнинг кейинги саҳналарида Афғонистон Бош вазири ва Мудофаа вазири олдида Баграм авиабазасида ҳарбий парад ўтказилиб, Америка қурол-яроғининг кўп қисми намойиш этилди.
Парадда Россия, Хитой, Покистон ва Эрон каби давлатлардан меҳмонлар иштирок этган. Мансур бир неча самолётнинг парвозини намойиш этишни буюради.
Ўшандан бери АҚШ оммавий ахборот воситалари Афғонистонда қолдирилган қуроллар дунё бўйлаб бошқа можароларда қайта қўллангани ҳақида хабар беришди.
"Филм ҳақиқатан ҳам Толибоннинг оддий жангари гуруҳдан ҳарбий режимга айланганини кўрсатади", дейди режиссёр.

Сурат манбаси, Rolling Narratives
Нашъатнинг айтишича, у ушбу параддан кейин ҳеч нарсани суратга ололмаган, дарҳол қочиб кетиши кераклигини сезган, чунки унга разведка ходимларига учраб, кадрларни текшириши кераклигини айтишган. Бунинг ўрнига у Кобул аэропортига йўл олди.
"Улар менга: "Эртага барча материалларинг билан офисимизга кел, биз уларни текшириб кўрмоқчимиз", дейишди, – деб эслайди у. – Мен учун бу жуда катта огоҳлантириш эди. Шунинг учун мен дарҳол Афғонистонни тарк этдим".
"Бу каби бошқа режимлардан биламанки, бундай ҳолат яхшилик билан тугамайди", дейди у.
Нашъат Афғонистонга кўпчилик кетмоқчи бўлиб турган пайтда борганини тушунтиради, "чунки журналист сифатида ҳар қандай ҳодисани иссиғида хабар бериш кераклигини билардим, акс ҳолда унга ҳеч ким қизиқмайди. Мен бориб, бунинг аксини қилмоқчи эдим".
Мен охир-оқибат мамлакатга кира олдим, дея қўшимча қилади у, чунки у фаолияти давомида "дунё етакчилари билан суратга тушган ва улар [Толибон] менинг президентлар билан тушган суратларимни кўришган". Фильм анча аҳамиятли эди, чунки продюсерларнинг иккитаси Одесса Рэй ва Шейн Борис бўлиб, улар ҳам Оскар мукофотига сазовор бўлган Навальний ҳужжатли фильми ортида турганлардан.

Сурат манбаси, Rex/Shutterstock
Нашъатнинг таъкидлашича, "мен учун Ҳолливудгейт номи бу филм нима ҳақида эканлигини англатади. Бу пропагандани тушунишга уринаётган толиблар ҳақидаги фильм".
"Шунингдек, бу бизга бундай ҳарбий дунё ҳақида кўрсатадиган Ҳолливуд ҳикоялари ҳақидадир. Мен учун унинг қатламлари шунчалик кўпки, мен буни Ҳолливуднинг ўзи ҳомийлик қилаётган жанжалдек ҳис қиламан. У Афғонистондаги АҚШ бошчилигидаги ишғолнинг беҳудалигини акс эттиради".
Нашъатнинг суратга олиш ишлари у билан бирга суратга тушаётган Толибон қўмондонларининг буйруғи билан чекланган эди.
Guardian'нинг фильм ҳақидаги шарҳида шундай дейилган: "Агар унинг тайёр филмида фактларни текшириш бўйича интервюлар ва жиддий таҳлиллар бўлмаса, бунинг аниқ сабаби бор: унинг барча қаҳрамонлари ундан нафратланишарди".
Иброҳим бу борада фалсафий фикр айтади: "Менимча, бундай вазиятларда сиз таваккал қилганингизда, бу хавф эканлигини биласиз, кейин эса умрингизнинг охиригача шу хавфни билиб яшайсиз. Буни қабул қилишга розиман." Шунингдек, у фильм бошида томошабинларга Толибон кўрсатишни истаган баъзи кадрлар ҳам филмда борлигини айтади.
"Шундай бўлса ҳам, мен томошабинлардан сўрайман: "Кўрганларимни кўрсатишим мумкинми? – дейди у. – Менинг режиссёр сифатидаги вазифам саволларни кўтариш ва томошабинлар бу саволларга жавоб топишига умид қилишдир. Менинг мақсадим шундан иборат, уларнинг ўзини намоён қилиш тарзи орқали моҳиятни кўриш, уларнинг аёллар устидан, ўз ватандошлари устидан, каттароқ геосиёсий минтақани назорат қилиш амбициялари ҳақидаги воқеликни тушуна оламиз".
Одатда филмда оддий афғонлар машина ёки юк машинасида кўринади. Филмда умуман аёллар йўқ – фақат ўткинчи эр-хотин кўзга ташланади.
Айниқса, таъсирчан тасвирлардан бири музлаган йўлда ўтирган паранжидаги аёл. Дўкон ташқарисида паранжига ўралган бошқа аёллар ўтиришади. Улар тиланчилик қиляптими, аниқ эмас.
"Кўриш оғриқли"
Толибон Афғонистонда назоратни қўлга киритганидан кейинги уч йил ичида аёллар ҳаётига чекловлар кучайди: қизлар ўрта мактаблардан ҳайдалдилар, кўпчилик университетларга кириш имтиҳонларида қатнаша олмади, кўплаб ишлар аёллар учун тақиқланди, гўзаллик салонлари ёпилди, шунингдек, боғлар, спорт заллари ва спорт клубларига кириш тақиқланди.
Мансур турмуш ўртоғи турмушга чиқмасдан олдин шифокор бўлганлиги, никоҳдан кейин ишини ташлашга мажбурлагани ҳақида гапиради.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатнинг учдан икки қисмидан кўпроғи тўйиб овқатланмайди ва аёлларга нисбатан иқтисодий чекловлар туфайли вазият янада оғирлашган.
"Бу кадрларга қараш ва бу ҳақиқат эканлигини билиш жуда оғриқли. Бу жуда жирканч. У ерда содир бўлаётган воқеалар жуда оғриқли», дейди Нашъат.
"Кетганимда қўлимдаги материалларнинг бефойдалигидан сиқилдим, афғон халқининг дардини етказа олмасам керак, деб ўйладим.
Толибон билан бирга бўлганимда ҳам одамларнинг кўзларида қўрқув, қайғу, чарчоқни кўраман. Қашшоқлик даражаси мен ҳеч қайси давлатда кўрмаган миқёсда. Мен кўп саёҳат қилганман. Бу мамлакатнинг бугунги ҳолати ва келажагига ҳеч кимга аҳамият бермаслиги жуда ачинарли."
"Аслида Афғонистонга боришни истадим. Мен Афғонистонда суратга олишни танладим", деб тан олади у.
"Фильмни суратга олишда бошдан кечирган барча азобларим афғон халқининг кундалик изтироблари олдида ҳеч нарса".












