Афғон аёлларига дояликка ўқиш ҳам тақиқланди - ҳуқуқга сўнгги зарба берилдими?

Коллежни тарк этаётган аёллар

Сурат манбаси, Handout

Сурат тагсўзи, Коллежни тарк этаётган аёллар
    • Author, Флора Друри ва Турпекай Гаранаи
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Афғонистонда доялик ва ҳамшираликка ўқиётган аёлларнинг BBCга айтишича, уларга эрталаб курсларга келмаслик буюрилган. Бу уларнинг мамлакатда таълим олишга бўлган сўнгги йўли деярли ёпилганини англатади.

Афғонистондаги бир-биридан мустақил бошқа таълим муассасалари ҳам BBCга Толибон уларга кейинги йўриқ келгунга қадар ёпишни буюрганини тасдиқлади. Интернетда тарқалган видеоларда талабалар янгиликдан йиғлаётгани акс этган.

BBC ҳозирча Толибон ҳукумати соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу қарорни расман тасдиқлатгани йўқ.

Шунга қарамасдан, бу ёпилиш Толибоннинг аёллар таълимига бўлган умумий сиёсатига мос келади. Гуруҳ 2021 йил августдан бери ўсмир қизлар учун ўрта ва олий таълимга киришни тақиқлаган.

Толибон бир қатор муаммолар, жумладан “исломий” ўқув дастурлари ҳал бўлиши билан уларни мактабга қайтаришга қайта-қайта ваъда бериб келади.

Ҳозирча бу амалга ошмади.

Толибон бир қатор муаммолар, жумладан “исломий” ўқув дастурлари ҳал бўлиши билан уларни мактабга қайтаришга қайта-қайта ваъда бериб келади.

Ҳозирча бу амалга ошмади.

Аёлларга таълим олиш учун ҳамон очиқ бўлган оз сонли йўллардан бири бу мамлакатдаги коллежларда ҳамширалик ва акушерликка ўқиш эди.

Доялик ва ҳамширалик Толибон ҳукумати томонидан аёлларга қўйилган чекловлар доирасида аёллар эгаллай оладиган ягона касблардан бири ҳисобланади. Энг муҳимларидан бири, чунки эркак шифокорларга аёл беморларни эркак маҳрамисиз даволашга рухсат берилмайди.

Бундан 3 ой олдин BBCга Толибон томонидан юритиладиган доялар ўқув марказига киришга рухсат берилганди. У ерда 20 ёшлардаги ўндан ортиқ аёллар болаларни дунёга келтиришни ўрганаётган эди.

Аёллар ўқишга берилган имкониятдан хурсанд эди.

BBC
Bizga hatto hovlida turmaslikni aytishdi, chunki Tolibon istalgan zamon kelib qolishi va nimadir bo‘lishi mumkin ekan. Hamma qo‘rqib qolgandi.
Talaba qiz
Kobul (Batafsil: bbc.com/uzbek)

“Оилам мендан фахрланади. Бу ерга келиш учун фарзандларимни уйда қолдириб келдим, аммо улар мен юртимга хизмат қилаётганимни билишади”, деганди Сафия.

Бироқ ўшанда айрим аёллар ҳатто бу имкониятнинг ҳам бир кун тақиқланишидан хавотир билдиришганди.

Бу ва яна таълим олаётган 1700 аёлларнинг тақдири нима бўлади, ҳозирча номаълум.

Расмий маълумот берилмади, бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги икки манба BBC Афғон хизматига хабарни норасмий равишда тасдиқлашди.

BBCга ўқув юртларидан юборилган видеоларда йиғлаётган ўқувчиларнинг овозларини эшитиш мумкин эди.

“Бу ерда туриш ва йиғлаш ёрдам бермайди. Амру маъруф расмийлари (Толибон қоидаларини жорий қилувчи идора) шу яқин ўртада. Сизларнинг бирортангизга бирор кор-ҳол бўлишини истамайман”, дейди видеоларнинг бирида талаба.

BBCга юборилган бошқа видеоларда аёллар ўқув марказларини тарк этаётган пайтда тинч йўл билан норозилик билдиргани акс этган — улар заллардан ўтаётганда қўшиқ куйлашган.

Кобуллик бир талабанинг айтишича, унга “кейинги йўриқ тушгунча кутиш” кераклиги билдирилган.

“Семестр охирига келган бўлсак-да, имтиҳонлар ўтказилмади ва уларни топшириш учун рухсат берилмади”, дейди у BBCга.

Яна бир талаба уларга “фақат сумкаларни олиб чиқишга вақт берилган ва синфхоналарни тарк қилиш” буюрилганини айтди.

“Бизга ҳатто ҳовлида турмасликни айтишди, чунки Толибон исталган замон келиб қолиши ва нимадир бўлиши мумкин экан. Ҳамма қўрқиб қолганди. Кўпчилигимиз учун дарсларда қатнашиш узоқ муддатли ишсизлик, депрессия ва уйда қамалиб қолгандан кейин кичик бир умид нуридек эди”, дейди у.

Бу аёллар соғлиғига қандай таъсир кўрсатишини вақт кўрсатади. Ўтган йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонга мамлакат эҳтиёжларини қондириш учун қўшимча 18 000 акушер кераклигини айтган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Афғонистон аллақачон оналар ўлими бўйича дунёдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бирига эга. Ўтган йили чиқарилган ҳисоботга кўра, 100 000 туғиш ҳолатида 620 аёл вафот этган.