Толибонга қарши чиққан аёлларга нима бўлди?

Парвонанинг айтишича, у ҳеч қачон Толибондан унга "инсондек муносабатда бўлишини" кутмаган.

Сурат манбаси, PARWANA IBRAHIMKHAIL NIJRABI

Сурат тагсўзи, Парвонанинг айтишича, у ҳеч қачон Толибондан унга "инсондек муносабатда бўлишини" кутмаган.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Толибон афғон аёлларининг ишлаш, ўқиш ва кўчага чиқиш имкониятини чеклаб қўйганидан сўнг, баъзи аёллар дастлаб бу янги тақиқларга қарши кўчага чиқиб, норозилик билдиришди.

Аммо тез орада пойтахт Кобул ва бошқа йирик шаҳарларда "озиқ-овқат, иш ва эркинлик" талаби билан йиғилганларни Толибон жазолашни бошлади.

Намойишчиларнинг Би-би-сига айтишича, улар калтакланган, ҳақоратланган, қамоққа ташланган ва ҳатто тошбўрон қилиш билан таҳдид қилинган.

Толибон 2021 йил 15 августда ҳокимиятни босиб олганидан кейин аёллар эркинлигини чеклашни бошлади. Шундан сўнг унга қарши чиққан уч нафар аёл билан суҳбатлашдик.

Кобул орқали юриш

Кобул орқали юриш

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кобул орқали юриш

2021 йил 15 августда Толибон жангарилари Кобулни эгаллаб олганда, Закиянинг ҳаёти издан чиқа бошлади.

Толибон ҳокимиятга қайтгунга қадар у оила боқувчиси эди, бироқ улар ҳокимиятга келгач, тезда ишидан айрилди.

Закия (исми ўзгартирилди) бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, 2022 йил декабрь ойида меҳнат ва таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганидан норозилик билдирди.

Намойишчилар "рамзий маънода" Кобул университети томон юришди, бироқ улар манзилига етиб улгурмасдан тўхтатилди.

Қуролланган Толибон полицияси қисқа муддатли намойишни тўхтатганида Закия баланд овозда шиор айтди.

iqtibos

"Улардан бири милтиқни оғзимга қаратди ва агар жим бўлмасам, ўлдириш билан таҳдид қилди", деб эслайди у.

Закия бошқа намойишчиларни машинага зўрлик билан ўтказишаётганини кўрди.

"Мен қаршилик қилдим. Улар қўлларимни қайиришди, - дейди у. - Толибон мени ўз машинасига ўтқазмоқчи бўлди, бошқа намойишчилар, бунга қаршилик қилишди".

Охир-оқибат, Закия қочишга муваффақ бўлди - лекин ўша куни у кўрган нарса уни даҳшатга солди.

"Зўравонликлар энди ёпиқ эшиклар ортида эмас, - дейди у, - балки пойтахт Кобул кўчаларида ошкора содир бўлмоқда эди".

Ҳибсга олинган ва калтакланган

Марям (исми ўзгартирилган) ва 23 ёшли талаба Парвона Иброҳимхаил Нижрабий Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг ҳибсга олинган кўплаб афғон намойишчилари орасида эди.

Марям фарзандларининг ягона боқувчиси бўлган бева аёл эди. Толибон аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини чекловчи қонун-қоидаларни жорий қилганда, оиласини боқа олмаслигидан қўрқиб қолди.

yuirsh

Сурат манбаси, Getty Images

У 2022 йил декабрь ойида намойишда қатнашган. Бошқа намойишчиларнинг ҳибсга олинганини кўриб, қочишга уринди, лекин қочиб қутула олмади.

"Мени мажбуран таксидан туширишди, сумкамни тинтишди ва телефонимни топишди", деб эслайди у.

У Толибон расмийларига ўз паролини беришдан бош тортганида, улардан бири уни шунчалик қаттиқ урганки, қулоқ пардаси ёрилиб кетди деб ўйлаган.

Кейин улар унинг телефонидаги видео ва фотосуратларга қарашди.

"Улар ғазабланиб, сочларимдан тортиб, мени ушлаб олдилар, - дейди у. - Улар мени қўлларим ва оёқларимдан тортиб, машиналари орқасига ўтказишди."

"Улар жуда шафқатсиз эдилар ва мени бир неча бор фоҳиша деб аташди, - деб давом этади Марям. - Улар мени кишанлаб, бошимга қора халта кийгазишди, нафас ололмадим."

Орадан бир ой ўтиб Парвона ҳам бир гуруҳ курсдошлари билан бирга бир неча юришлар уюштириб, Толибонга қарши чиқишга қарор қилди.

Аммо уларнинг чиқишлари ҳам тезда бостирилди.

"Улар мени ҳибсга олган пайтдан бошлаб қийноққа сола бошладилар", дейди Парвона.

У қуролланган икки эркак қўриқчи ўртасида ўтиришга мажбур бўлди.

"Мен у ерда ўтиришдан бош тортганимда, улар мени олдинга итариб юборишди, бошимни чойшаб билан ўрашди, қурол ўқталиб, қимирламасликни айтишди".

Парвона ўзини жуда кўп қуролланган одамлар орасида "заиф ва чалажондек" ҳис қила бошлади.

"Кўп марта уришганидан юзим оғриқ сезмай қўйди. Қўрқиб кетдим, бутун вужудим титрарди".

Қамоқхонадаги ҳаёт

Марям, Парвона ва Закия оммавий норозиликнинг мумкин бўлган оқибатларидан тўлиқ хабардор эдилар.

Парвонанинг айтишича, у ҳеч қачон Толибондан унга "инсондек муносабатда бўлишини" кутмаган. Аммо унинг таъкидлашича, бундай ҳақоратли муомаладан ҳамон ҳайратланади.

Қамоқхонадаги биринчи таомдан шокка тушди.

"Танглайимга ўткир нарса тирналгандек бўлди, - дейди у. - Бундай қарасам, тирноқ экан - қайд қилиб юбордим."

Кейинги овқатлардан соч ва тошлар чиқди.

Парвонанинг айтишича, унга тошбўрон қилинишини айтишган. Кечалари йиғлаб, даҳшатли тушлар кўриб чиққан.

23 ёшли қиз ахлоқсизлик, фоҳишабозликни тарғиб қилиш ва Ғарб маданиятини тарқатишда айбланиб, бир ойга яқин қамоқда ўтирган.

Марям бир неча кун хавфсизлик бўлимида ушлаб турилган ва у ерда бошига қора халта кийдирилган ҳолда сўроқ қилинган.

"Бир нечта одам бор эди, улардан бири мени тепиб, намойишни уюштириш учун ким менга пул тўлаганини сўради", деб эслайди у. "Бошқаси мени уриб, "Кимга ишлайсан?" деб сўради".

Марямнинг айтишича, у терговчиларга болаларини боқиш учун иш керак бўлган бева аёл эканлигини айтган, аммо унинг жавоблари кўпроқ зўравонлик билан кутиб олинган.

Parvona

Сурат манбаси, PARWANA IBRAHIMKHAIL NIJRABI

Иқрор бўлиш ва озодлик

Парвона ва Марям инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва маҳаллий оқсоқоллар аралашувидан сўнг алоҳида-алоҳида қўйиб юборилган ва улар ҳозир Афғонистонда эмас.

Иккаласи ҳам айбларини тан олган ва Толибонга қарши ҳеч қандай норозилик намойишларида қатнашмасликка ваъда бериб, иқрорномаларга имзо чекишга мажбур бўлганини айтади.

Уларнинг эркак қариндошлари ҳам аёллар бундан буён норозилик намойишларида қатнашмаслигини ваъда қилган расмий ҳужжатларга имзо чекишган.

Биз бу иддаоларни Толибон ҳукуматининг юқори мартабали вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳидга ҳавола қилдик, у намойишчи аёллар ҳибсга олинганини тасдиқлади, аммо уларга нисбатан ёмон муносабат қилинганини рад этди.

"Қўлга олинган аёлларнинг баъзилари ҳукуматга ва жамоат хавфсизлигига қарши ҳаракатларда иштирок этган", деди у.

У аёлларнинг ҳикояларини ва қийноқлар ҳақидаги даъволарини рад этади: "Улар Ислом Амирлигидаги қамоқхоналарнинг ҳеч бирида калтакланмайди ва уларнинг овқатлари ҳам тиббий гуруҳларимиз томонидан маъқулланади".

Асосий қулайликлар етишмаслиги

Human Rights Watch ташкилотининг баъзи намойишчилар озод қилинганидан кейин улар билан қилган суҳбатлари Би-би-си эшитган маълумотларни тасдиқлади.

"Толибон ҳар хил қийноқларни қўллайди ва ҳатто бу намойишлар учун уларнинг оилаларига жарима солади, баъзида уларни болалари билан бирга даҳшатли шароитларда қамоққа ташлайди", дейди HRW вакили Фаришта Аббоси.

Халқаро Амнистия ташкилоти тадқиқотчиси Замон Султоний, бир неча намойишчилар озод этилганидан кейин улар билан гаплашган. У қамоқхоналарда оддий қулайликлар йўқлигини айтди.

"Қишда иситиш тизими йўқ, маҳбусларга яхши ёки етарли овқат берилмайди, соғлиқ ва хавфсизлик масалалари умуман эътиборга олинмайди", дейди Султоний.

Нормал ҳаёт истаги

normal hayot istagi

Сурат манбаси, Getty Images

Толиблар ҳокимиятни эгаллаш вақтида аёллар ишлашда ва мактабда ўқишда давом этишлари мумкин, бу фақат афғон маданияти ва шариат қонунларига мувофиқ бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Улар қизларнинг олтинчи синфдан кейин таълим олишини тақиқлаш вақтинчалик эканлигини таъкидлаб келадилар, лекин қизлар учун ўрта мактаблар очишга ҳамон қарор қилинмаган.

Афғонистонга қайтиб келган Закия яна бир фурсатдан фойдаланиб, ёш қизларга таълим бериш учун уйда таълим маркази очди. Бу ҳам муваффақиятсизликка учради.

"Улар мунтазам равишда бир жойда йиғиладиган ёш аёлларни хавф деб кўради, - дейди у, маҳзун оҳангда. - Толибон ўзи хоҳлаган нарсани қилишга муваффақ бўлди. Мен ўз уйимда маҳбусман".

У ҳамон бошқа фаоллар билан учрашади, лекин улар ҳеч қандай норозилик намойишини режалаштирмаяпти. Улар вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда тахаллус остида баёнотлар жойлаштирмоқда.

Афғонистондаги орзулари ҳақида сўрашганда, у йиғлаб юборди.

"Мен ҳеч нарса қила олмайман. Биз энди мавжуд эмасмиз, аёллар жамоат ҳаётидан четлаштирилди, - дейди у. - Биз хоҳлаган нарса бизнинг асосий ҳуқуқларимиз эди, кўп нарса нарса талаб қилганимиз йўқ-ку!"

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002