Афғонистон: Толибон тиланчи аёллар муаммосини қандай ечмоқчи?

Толибон келгач тиланчи аёллар сони ортгани айтилади

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Толибон келгач тиланчи аёллар сони ортгани айтилади
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Толибон тиланчи аёлларга қарши кампания бошлаган бўлса-да, Афғонистон шаҳарларида уларнинг сони камаймаяпти.

Ишсиз ва пулсиз аёллар садақа сўрашга мажбурлар. Кўчада ишлаб нонга пул топмаганлар эса, хонадонларга бош уриб ёрдам исташади.

Алоқадор мавзулар:

"Келаётганлар кўп, қайси бирига бўлайлик. Ичим ачийди, жигарим қон бўлади. Нима қиларимни билмайман. Биттасига пул, биттасига нон, биттасига бир қолган хўрак. Оқшомга яқин кўчамизда кўп гадойлар қатор ўтиришади", дейди Афғонистон шимолидаги шибирғонлик ўзбек аёл.

Фаолларга кўра, ҳозир бутун мамлакат бўйлаб кўплар шундай йўл тутишга мажбур бўлишмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Афғонистонда боқувчисиз аёллар ё ногиронлар тиланчилиги ўтган тузумларда ҳам оз эмас эди.

Олдин ҳам маълумотсиз ё замонавий касби йўқ аёллар ёки нон ёпиб сотишар, ёки фаррошлик қилиши мумкин эди. Аёлларнинг савдо билан шуғулланиш ҳам яхши қабул қилинмаган ва яккам-дуккам учрарди.

Толибон даврида вазият қанчалик жиддийлашди?

iqtibos

Афғонистонлик бўлмиш Би-би-си Ўзбек хизмати журналисти Парвин Файзнинг айтишича, Толибон қудратга қайтиши билан аёлларга қатор чекловлар киритди. Натижада кўплаб аёллар уйда ўтириб қолди.

"Масалан, Кобул ва бошқа шаҳарларда аёллар очган гўзаллик салонлари ёпилди. Ҳар бир дўконда 10 нафар аёл ишларди. Бу 10 оила дегани. Уларнинг ўрта мактаблар ва олийгоҳларда дарс бериши ман этилди. Шу аёлларнинг барчаси уйда ўтириб қолди. Бу аёлларнинг боқувчиси йўқ, молиявий ёрдам берадиган катта ёшдаги ўғли, акаси ё отаси йўқ", дейди у.

Унинг айтишича,Толибон биргина пойтахт Кобул кўчаларидан 19 минг тиланчи йиғиштириб олган. Уларнинг ярми аёллар.

"Менинг Маймана, Мозори Шариф шаҳарларида дўстларим, қариндошларим бор. Улар билан гаплашганимда, ҳар куни эркаклардан ташқари 20 га яқин аёл тиланчи келишини айтади. Улар бу тиланчиларга ёрдам беришни исташини айтади, аммо ўзлари ҳам ночор аҳволда бўлганлиги боис беролмайди", дейди Парвин Файз.

Мамлакатда жуда кам сонли аёллар учун ишлаш имконлари қолган.

Айниқса, эркаксиз оилалар, боқувчисиз аёллар - даромадсиз, оғир аҳволда қолмоқдалар.

Афғонистонда уруш беваларининг аниқ сони йўқ. Аммо БМТнинг охирги маълумотларига кўра, 2 миллион уруш беваси бўлиши мумкин.

Бунинг устига, урушлар давомида ногирон бўлган минглаб эркакларнинг оилаларини ҳам назарда тутиш керак.

Толибон ишлаши тақиқланган аёлларни ижтимоий ҳимояга олганми?

Толибон қудратга қайта келгунга қадар Афғонистон иқтисоди асосан хорижий ёрдам ҳисобига тутиб турилган. Дейлик, давлат бюджетининг 75 фоиздан кўпроғи четдаги донорлардан келган.

Ғарбга кўра, Толибоннинг айнан аёллар ҳақ-ҳуқуқларини қаттиқ чеклаши ҳам бу мамлакатга ёрдамларни тўхтатиш ва Афғонистоннинг четдаги пулларини музлатишга сабаб бўлган.

Бу эса шундоқ дунёдаги қашшоқлик энг авж олган мамлакатдан бири бўлган Афғонистонда энг ҳимоясиз қатламни янада оғир аҳволга солди.

Би-би-си Ўзбек журналисти Парвин Файзнинг айтишича, Толибон аёлларнинг тиланчилик қилишини тақиқлаётган бўлса-да, уларни ижтимоий ҳимоя қилмаяпти.

"Толибондан олдин ҳам тиланчилар бор эди. Ҳозиргидек кўп бўлмаса ҳам кам эмасди. Аммо ўша вақтда ҳам буларга қандайдир моддий ёрдам ажратилмаган. Фақат фарқи шунда эдики, жумҳурият даврида фарзандини урушда йўқотган, урушда бева бўлиб қолган аёлларга маълум нафақа берилган. Лекин Толибон келиши билан буни ҳам тўхтатди. Толибон республика даврида коррупция кўп бўлганлиги ва ҳаққи борлар ҳам йўқлар ҳам пул олганини, энди урушда ҳалок бўлганларнинг оналари ва беваларининг шахсини тасдиқлаб. Ҳақдорнинг ҳаққини берамиз, деб олдинги дастурни тўхтатиб қўйган", дейди у.

Толибон Ғарб томонидан музлатилган пуллар Афғонистон халқининг ҳаққи эканлигини ва Ғарб ҳеч қандай шартларсиз уни қайтариши кераклигини айтади.

Толибон масъулларига кўра, ушбу пуллар мамлакатдаги кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиши мумкин эди.

Шундай шароитда Афғон аёллари учун ишлаш ва пул топиш қанчалик муҳим?

Ўзбекистонлик Азиза Атаева Толибондан аввал Кобулда кичик бизнес юритган. Унинг айтишича, аёлларнинг ишлаб пул топиши уларга нафақат иқтисодий эркинлик берган, балки ўзларига бўлган ишончни орттиришда ҳам муҳим бўлган.

"Корхонамга 12 аёлни ишга ёллаганман. Толибон ҳукумати қудратга келгунча бу корхонани бошқарганман. Ўша аёлларга корхонада ишлаш жуда муҳим бўлган. Биринчидан, улар корхонада ишлаб иқтисодий мустақилликка эга бўлишса, иккинчидан уларнинг ўзларига ишончи ошган. Қўлларидан бир иш келишини англаб етган. Яна болам билан ўтириб дарс қиламан, сизнинг ёнингизда ишлаб боламга ҳам ёрдамим тегяпти, деб фарзанд тарбиясига ҳам таъсир қилишини айтган оналар", дейди у.

Атаеванинг айтишича, ўша вақти ҳар куни иш сўраб камида беш аёл унинг корхонасига келган.

"Ҳатто толибон келишидан олдин ҳам аёллар иш сўраб мурожаат қиладиган жойлар кам бўлган. Чунки улар саводсиз, кўп иш қилолмайди, пишириш, тозалаш ишларини қила олишади".

Толибон қудратга келгач Афғонистонни тарк этган Азиза Атаеванинг айтишича, у билан бирга ишлаган 12 аёлнинг ҳаммаси у билан ҳамон алоқаларни сақлаб қолган.

Толибон келган вақтда бу аёллар ишини йўқотиб, уйга қамалиб қолган. Лекин улар кейинчалик иш топишга муваффақ бўлишган.

"Умуман айтганда мен билан ҳамкорлик қилган аёлларнинг барчаси иш билан банд. Масалан, бир шогирдим мактабда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишларди. У ҳозир касбини ўзгартириб, ҳамшира бўлишга мажбур бўлган. Лекин яна бошқа танишимнинг эри ўтиб қолган экан, ўзи ҳамшира бўлиб ишлаган. Дипломлари ҳам бор, ўқимишли аёл. Лекин шифохонага ёки бошқа жойга ишга топширишга боролмаяпти. Чунки у шунақа ҳолатларни эшитган. Эри йўқ аёллигини билганидан кейин, Толибон бир аскарини менга уйлантириб қўйиши мумкин, деб қўрққани учун уйда ўтириб, фақат қавм-қариндошидан пул сўраб кунини кўраётган аёлларни ҳам биламан", дейди Азиза Атаева.

Афғонистонда аҳолининг қарийб ярми аёллар. Аммо улар ҳозир ижтимоий ҳаётдан деярли четлатилди. Полиция, бошланғич таълим ё тиббиёт каби соҳаларда аёллар учун жуда кам иш ўринлари қолган.

Хуллас, мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли қатламининг деярли ярми бугун ишлай олмайди.

Шимолия Афғонистоннинг Шибирғон шаҳридаги гилам тўқувчи аёллар бугун иш топишган. Улар гилам тўқиб, пул ишламоқда. Кўплар шундан ҳам хурсанд.

Аммо бу каби корхоналар ўта кам. Фақат азалдан гилам тўқиб келган Туркман ва Ўзбеклар яшовчи ҳудудларда уни йўлга қўйишмоқда. Гилам тўқишни ҳам ёшлигидан уни ўрганган аёллар қила олишади. Шу қаторда, бу гиламларни эркак тужжорлар четга сотишмаса, ичкарида талаб катта эмас.

Бу ҳозир фойда кўришдан ҳам кўра, ишсиз аёлларнинг тирикчилиги ўтиши учун имкон яратиб беришга яқинроқ ҳолатдек.

Афғонистон аёллари аҳволи ўзгаришига бирор умид борми?

12 ёшдан ошган қизларнинг ўқишини тақиқлаган ва кўп аёлларга ишлаш учун изн бермаётган Толибон ҳозирча ўз фикридан қайтмоқчи эмас.

Ва нима уларни аёллар ҳақ-ҳуқуқларини қайтаришга ундаши мумкин - бу ҳам номаълум.

Шундай ҳолатда эса ночор аёллар ва имконсиз қизлар сони фақат ошишда давом этиши мумкин, холос.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002