Хитой ва Ҳиндистон яраша бошлаётгандек кўринмоқда. Бунга нима сабаб бўлди? Видео

hind-xitoy

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Моди ва Си чоршанба куни ўтказилган учрашувда 2019 йил октябридан бери биринчи марта расмий музокаралар олиб боришди.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Хитой ва Ҳиндистон аскарлари баҳсли Ҳимолай чегарасидаги ҳалокатли тўқнашувда иштирок этганидан тўрт йил ўтиб, икки давлат раҳбарлари ниҳоят расмий учрашув ўтказишди.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Хитой Президенти Си Сзинпин чоршанба куни Россияда бўлиб ўтган БРИКС (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) саммитида учрашишди.

Учрашув икки томон “ҳудуддаги масалаларни ҳал қилиш ва ҳарбий бўлинмаларни ажратиш” бўйича келишувга эришганликларини эълон қилганидан бир неча кун ўтиб бўлиб ўтди.

Чоршанба куни Моди ва Си бу қадамни олқишлаб, давлатлар ўртасидаги мулоқотни қайта тиклашга ваъда беришди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу қандай юз берди?

Раҳбарлар мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун “яқин муддатда” юқори мартабали амалдорлар ўртасида учрашув ўтказишга келишиб олишди.

Ҳиндистон-Хитой муносабатлари ўн йилликлар давомида зиддиятлар остида бўлиб келган.

Бунинг асосий сабаби эса аниқ белгилаб бўлмайдиган, 3,440 км (2,100 миль) узунликдаги баҳсли чегарадир.

Чегаранинг ўзи ундаги дарёлар, кўллар ва қорли тоғлар туфайли кўпинча силжийди ва аскарлар бир-бирига яқинлашишига олиб келади.

Бу эса баъзан тўқнашувлар билан якун топади.

Икки мамлакат ўртасида 1962 йилда бўлиб ўтган урушда Ҳиндистон жиддий мағлубиятга учраганди.

Ундан кейин ҳам томонлар яна бир неча бор ўзаро тўқнашувларда иштирок этган.

2019 йилда Ҳиндистон ўз конституциясининг 370-моддасини бекор қилиб, Ҳиндистон бошқарувидаги Кашмирнинг автоном мақомини олиб ташлаганида, Хитой бу ҳаракатни БМТ Хавфсизлик Кенгашида қаттиқ танқид остига олган эди.

Сабаби, Хитой Кашмирнинг баланд тоғли Ладах ҳудудида айрим ерларга эгаликни даъво қилиб келади.

2020 йилда Гальван водийсида юз берган тўқнашув сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий қарама-қаршилик бўлди. Унда 20 дан ортиқ ҳинд ва тўрт нафар хитой аскари ҳалок бўлди.

Ўша йилнинг охирида икки давлат чегаранинг баъзи қисмларидан қўшинларни олиб чиқиб кетишди ва кескинликни юмшатишга ваъда беришди, лекин вазият барибир таранглигича қолаверди.

Икки томон қўшинлари 2021 йилда Шимолий Сикким ҳудудида ва 2022 йилда чегаранинг Таванг секторида яна тўқнаш келди.

Ҳарбий қарама-қаршиликлар икки давлат ўртасидаги бизнес алоқаларига ҳам таъсир ўтказмай қолмади.

Деҳли Хитой инвестицияларига нисбатан назоратни кучайтирди ва TikTok каби бир нечта машҳур Хитой мобил иловаларини тақиқлади.

askarlar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2020 йилда Гальван водийсида юз берган тўқнашув сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий қарама-қаршилик бўлди

Шунингдек, Хитойга тўғридан-тўғри йўловчи рейслари ҳам тўхтатилди.

Моди ва Си чоршанба куни ўтказилган учрашувда 2019 йил октябридан бери биринчи марта расмий музокаралар олиб боришди.

Ушбу учрашувдан олдин, раҳбарлар 2022 йилда Балидаги G20 саммитида қисқа мулоқот қилишган эди, холос.

Бир неча ой ўтгач, Хитой учрашувда икки томонлама алоқаларни тиклаш учун “консенсус”га эришилганини эълон қилганди.

Reutersʼнинг хабар беришича, 2023 йилги БРИКС саммитида раҳбарлар норасмий учрашувда қўшинларни ажратиш ва кескинликни юмшатиш учун саъй-ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олишган.

Ўша йили Ҳиндистон ташқи ишлар вазири С.Жашанкар Қозоғистонда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида Хитойлик ҳамкасби Ван И билан учрашиб, улар музокараларни тезлаштиришга келишишганди.

Ўтган ой эса Жашанкар чегара бўйича “бўлиниш”нинг 75% ҳал қилинганини эълон қилди.

Бир неча кун ўтиб, икки давлатнинг фуқаролик авиация органлари учрашиб, йўловчи рейсларини тиклашни муҳокама қилишди.

Bloomberg каби бир неча оммавий ахборот воситалари Ҳиндистоннинг юқори технологик ишлаб чиқариши, масалан, чип ишлаб чиқариш сектори зарар кўраётганини айтиб, Ҳиндистон бизнеси ҳукуматга Хитойга нисбатан чекловларни юмшатишда босим ўтказаётганини хабар қилган эди.

Аммо Ҳиндистон молия вазири Нирмала Ситҳараман сешанба куни Ҳиндистон Хитой бизнесларига нисбатан чекловларни юмшатишда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишини айтди.

Modi

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Моди бош вазир ўлароқ Хитойга илк бор 2015 йил май ойида борган эди.

Октябрь охирида нима эълон қилинди?

Душанба куни Жашанкар икки давлат чегара патрулларини қайта бошлашга ва 2020 йилдаги тўқнашувдан аввалги ҳолатга қайтишга келишиб олганини эълон қилди.

“Шу билан биз Хитой билан чегарани бўлиш бўйича жараённи якунладик, деб айта оламиз,” дея қўшимча қилди у.

Ҳиндистон армияси бошлиғи икки давлат энди ишончни қайта тиклашга ҳаракат қилаётганини айтди.

“Бу биз бир-биримизни кўриб, бир-биримизни ишонтира олганимиздагина амалга ошади. Шунингдек, яратилган буфер зоналарга кириб бормаётганимизга ишонч ҳосил қилишимиз керак”, дейди генерал Упендра Двиведи.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги битимнинг тафсилотларига изоҳ бермади, лекин икки томон “тегишли масалалар бўйича келишувга эришгани”ни тасдиқлади.

“Хитой эришилган ютуқларни олқишлайди ва Ҳиндистон билан биргаликда бу келишувларни тўғри амалга ошириш учун ҳамкорлик қилишда давом этади,” дейди сешанба куни матбуот анжуманида нутқ сўзлаган вакил Лин Юань.

Prime Minister's Office
Xitoy va Hindiston qadimiy sivilizatsiyalar, yirik rivojlanayotgan davlatlarning muhim aʼzolaridir. Bizning har ikkovimiz modernizatsiya jarayonimizning muhim bosqichidamiz.
Si Szinpin
Xitoy Xalq Respublikasi rahbari (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Келгусида нима бўлади?

Моди ва Си икки давлатнинг махсус вакиллари чегарани ҳал қилиш учун “адолатли, мақбул ва икки томон учун ҳам мос бўлган ечимлар қидириш” мақсадида учрашишларини эълон қилишди, дейилади Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Шунингдек, вазирлар ва бошқа амалдорлар икки томонлама алоқаларни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш устида ишлашлари ҳам келтириб ўтилган.

Раҳбарлар ўзаро алоқаларни сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлар экан, бош вазир Моди уларнинг муносабатлари глобал тинчлик учун муҳим аҳамият касб этишини урғулади.

“Чегарада тинчлик ва барқарорликни сақлаш бизнинг устувор вазифамиздир. Ўзаро ишонч, ўзаро ҳурмат ва ўзаро огоҳлик муносабатларимизнинг асоси бўлмоғи лозим,” деди у.

36 мамлакат раҳбарлари иштирок этган БРИКС саммитида, давлатлар ўртасидаги савдода долларга қарамликни камайтириш йўллари ҳам муҳокама қилинди.

Саммитда БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам қатнашди.

Президент Си Моди билан учрашувни халқаро ҳамжамият диққат билан кузатаётганини таъкидлади.

У Деҳли ва Пекин ривожланаётган давлатлар бирлигини мустаҳкамлашда ўрнак бўлишлари ҳамда “халқаро муносабатларда кўп қутблилик ва демократияни ривожлантиришга ҳисса қўшишлари керак”лигини айтиб ўтди.

“Хитой ва Ҳиндистон қадимий цивилизациялар, йирик ривожланаётган давлатлар ва Глобал Жанубнинг муҳим аъзоларидир. Бизнинг ҳар икковимиз модернизация жараёнимизнинг муҳим босқичидамиз,” дея қўшимча қилди у.

Telegram kanalimiz