Ўзбекистон давлат бюджетининг "куни ўқув дарслигига қолганми?"

Сайлов кунида овоз бераётган ўзбекистониклар

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон давлат бюджети лойиҳаси муҳокамаси бошланди, кўплаб фаоллар эътиборини тортган масала мактаб ўқувчилари учун дарслик ижараси пули бўлмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келгуси бюджет лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди, ҳисоб-китоб нафақат 2025 йил, балки келгуси уч йил учун ҳам қилингани маълум бўлди.

Вазирликка кўра, бунда "Ўзбекистон - 2030" стратегиясидан келиб чиқиб иш кўрилаяпти, ўшангача Ўзбекистон Ялпи Ички маҳсулотини 160 миллиард АҚШ долларига, аҳоли жон бошига даромадини 4000 долларга етказиш мақсади кўзланаяпти.

Лойиҳада қайси вазирлик давлат бюджетидан қанча маблағ олиши, давлат бюджети яна нималарга сарфланиши, инфляция ва бюджет тақчиллиги прогнозлари берилган.

Ҳукумат 2025 йилда ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорларини йиллик инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорларда ошириб боришни режалаштирмоқда.

Хусусан, ушбу тўловлар ҳамда айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатлар учун 6 трлн 634 млрд сўм ажратиш кўзда тутилмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, келгуси йил инфляция 7 фоиздан ошмайди, деб хомчўт қилмоқда, шундан келиб чиқиб давлат идоралари ходимлари иш ҳақлари, пенсия, стипендия ва нафақалар оширилади, демоқда.

Бунинг учун бюджетдан 6 трлн 634 млрд сўм ажратишмоқчи.

Ўзбекистон ўрта мактаблари учун 7 синф физика дарслиги

Сурат манбаси, XTV matbuot xizmati

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги "Бюджетнома" деб ном берган ҳужжат лойиҳаси эълон қилинганидан кейин фаоллар давлат бюджетни қандай тўлдирмоқчи ва бюджет маблағларини нимага сарфламоқчи бўлаётганини муҳокама этишни бошладилар.

2022 йили Ўзбекистонда бекор қилинган мактаб дарсликлари ижараси учун яна тўловни қайта йўлга қўйиш таклифи илгари сурилгани қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаяпти.

Бу борада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муносабати ҳам ўрганилди.

Вазирлик бу ҳали таклиф экани, ижобий ва салбий тарафлари кўриб чиқилишини билдирди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, ҳукумат ҳар йили дарсликлар учун 1,3 триллион сўм атрофида давлат бюджетидан маблағ ажратишига тўғри келаяпти.

Дарсликлар ижараси учун тўловни қайта жорий этиш билан 376 миллиард сўмча маблағни тежаб қолиш йўли изланаяпти.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ҳукумати мактаб ва боғчалар учун 15,8 триллион сўм, яъни 2024 йилга нисбатан 15 фоиз кўп маблағ йўналтирмоқчи бўлаяпти.

Мактаб ўқувчиларининг сони 6 миллион 800 минг атрофида экани, келгуси йил 207 мингга кўпайиши кутилаётганини маълум қилди экономика вазирлиги.

Ўзбекистонлик фаоллар, бюджет харажатини болалар ҳисобидан тежаш Ўзбекистоннинг янги конституциясига қанчалар мос, деган саволни қўймоқдалар.

Қонунчилик Палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов Конституциянинг 50-моддасига зид, чунки давлат бепул умумий ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълимини кафолатлаши керак, деб ёзди.

"Давлат пул иқтисод қилиш ва орттириш учун мактабдан бошқа соҳани тополмаётган бўлса, ҳай, ишни бирдан ўқувчиларга дарслик солиғи солишдан эмас, шу дарсликларни чиқараётганларнинг ишини тафтиш қилишдан бошлагани маъқул", деб ёзди блггер Muhrim.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров Телеграмдаги саҳифасида 2025 йилги бюджет харажатида "суюнчи пули"ни тежаб қолиш режалаштирилаётганига эътибор қаратди.

Telegram kanalimiz