Ўзбекистон: Қуёш панели қайси "арзанда"нинг бизнеси?

Қуёш панелларини кўздан кечираётган фарғоналиклар

Сурат манбаси, Facebook/Farg'ona viloyati IIB

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Бу саволни ўзбекистонликлар бир-бирларига бераётганларига бир неча йил бўлди.

Тугал бўлмаган жавоб шуки, матбуот овози тобора "бўғиб борилаётган", "қуйидагилар" "юқори"га ҳақиқий вазиятни айтишдан чўчийдиган, ҳақиқий мухолифат сиёсий фаолиятига йўл берилмаган, ҳаво тозалиги даъвоси билан чиққан партия дарахтлар кесилишию Бойсун ҳодисаси ҳақида савол қўёлмаётган мамлакатда турли-туман гаплар "болалайди", бу гаплар эса давлат обрўсига ҳам, давлат сиёсатининг обрўсига ҳам хизмат қилмайди, аксинча, обрўсизланишига олиб келади.

Ўзбекистонликларда охирги вақтда қуёш панелларига нисбатан салбий муносабат шаклланишига сабаб бўлаётган асосий омиллардан бири - давлат амалдорларининг уни ўрнатишга мажбурлаётганлари бўлаяпти.

Алоқадор мавзулар:

Тошкентда бинолар томига ўрнатилган аксар қуёш панеллари муляж экани, уларга ҳатто сим ҳам уланмагани йил бошида аён бўлганди.

Бу кетишда бутун мамлакат бўйлаб мажбурлаб ўрнатилаётган қуёш панеллари қанча ток ишлаб чиқарадию, қишда Ўзбекистон қанча электр қувватини тежаб қолади?

"Тепадан" келган буйруқни бажаришим керак, деб бугун иш тутаётган амалдорлар ўзларига ҳисоб бераяптиларми?

Бундай кампаниявозчиликнинг охири товуқ боқиш бизнесига ўхшаб қолмайдими, деб биров савол қўйяптими?

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Жойларда прокурорлар тадбиркорларни қуёш панели ўрнатишга мажбурлаётганлари хабарлари тарқалди, аммо Бош Прокуратура "бу нотўғри хабар" деб муносабат билдирмади.

Ваҳоланки, кунига 10-20 ўзбекистонликни иш билан таъминлаб маош бериб турган тадбиркорни Президент "бошимга кўтараман" деб турган вақтда прокуратура тадбиркор бизнесини электрдан узаётган "муштумзўр"га чора кўриши талаб қилинмайдими?

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, қуёш панели ўрнатишга мажбурлаган, электр энергиясини узиб қўйганларга чора кўрилади, деди.

Бу борадаги аҳволни аниқлаш мақсадида вазирлик қабулхонаси телефони эълон қилинди.

Вазирлик хабар қилишича, 7 октябр куни шу масалада 1232 телефон қўнғироғи бўлган, шундан атиги 17 таси қуёш панелларини ўрнатиш билан боғлиқ реал муаммога эга одамлардир.

Интернет ижтимоий тармоқларида Энергетика вазирлигининг эълон қилинган мурожаат телефонларига тушиб бўлмагани хабари тарқалди.

Вазирлик матбуот хизмати яна бир телефон рақами ишга туширилганини маълум қилди.

Ушбу хабарга "бугунги Интернет, Телеграм ривожланган замонда шу ҳам муаммоми?", дегувчилар ҳам топилди.

Агар реал масштабни билиш истагингиз бўлса, мурожаатлар учун Телеграм боти очиб ҳам вазиятни ўрганиш мумкин.

"Поп туманида қуёш панели можароси давом этмоқда" деган хабар тарқатган Eltuz Телеграм канали шундай ёзди:

"...қуёш панели савдоси эркин эмас, ҳар ҳудуднинг ўз монопол қуёш панел диллери мавжуд. Шундай экан Энергетика вазирлиги экологик важларни баҳона қилиб аслида монопол қуёш панелчиларни қўллаб-қувватлаяпти.

Ҳақиқат кундек равшан бўлган бир пайтда вазир Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг "қуёш панели мажбурий эмас" қабилидаги баёнотлари қуруқ популизм бўлиб қолмоқда".

"Сурхондарё вилояти, Бандихон тумани мактаб ва мактабгача таълим бўлими бошлиғи Эркин Жўраев туман ҳудудидаги барча, яъни 43 та мактаб ва 14 та боғча директорларини мажбурий равишда қуёш панеллари ўрнатишга чақирмоқда", дея янги хабар тарқатди Eltuz.

"Аслини олганда биз муаммо атрофида айланиб юрибмиз. Муаммо боши эса бошқа ёқда.

Балки прокурорлар тўхтаб, ўз ишлари билан шуғулланишни бошлашар. Тадбиркорлар етарлича синди, миссия бажарилди. Медал ва юлдузлар албатта берилади", деб ёзди Ўзбекистон парламенти собиқ депутати Расул Кушербаев.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002