Ўзбекистон: Газ ва светга пул сувдай кетаётганидан нолишлар кўпайди, охири нима бўлади?

Tok va odam

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ўзбекистон шаҳарларидаги уйларда ҳамон марказий иситиш тизими ишга тушмади. Уйни электр токи билан иситаётган ўзбекистонликлар ҳисобларида пули тугаб қолаётганидан нолимоқда. Газ нормаси ошди, электрчи?

Кунлар совуши билан ўзбекистонликлар ҳар йили кузатиладиган уйни иситишдек муаммо қаршисида қолди.

Бу сафарги иситишнинг олдингии йиллардан фарқи аҳоли бу қишга электр ва газ нархининг кескин оширилиши билан кириб келмоқда.

Ижтимоий тармоқлар газ ва электр учун киритилган пул ўша куниёқ тугаб қолаётганидан нолимоқда.

“Энергетика вазирлиги одамларни …, (аҳмоқ) деб ўйлайдими ёки булар қароқчими? Қанча пул ташласам ҳам еб юбораяпти ва светни ўчириб ташлаяпти.

Қани тўрттагинаси бўлсаям йиғилиб, вазирлик биносига жанжал қилиб кела оладимикан бу шўрмонда қашшоқлар деб синаб кўраяптимикан ёки? Айтинглар, синамасин, барибир ҳеч ким бормайди бостириб. Фақат инсоп қилсин, етади”, дейди Farukh Samarkandi.

“Менда ҳам шубҳа бор, нет кабинетда кузатиб турсангиз хисобдан пулни хисоблагичдан янги кўрсатгичлар келганда ечиб олиши керак. Лекин улар ҳар соатда оз оздан ечябди. Ҳисоблагичдан показаниялар хар икки кунда келади”, дейди Mustaqil Dasturchi.

Журналист Муҳаммад Шакур ҳозир чоралари кўрилмаса, қишда одамлар қўзғалиши мумкинлигини айтади.

“Қишда қўзғалон бўлади. Энергетиклар – диверсантлар мақомида ҳозир.

Мен ҳам газ-свет нархи кўп арзон бўлмаслиги тарафдориман – исрофни камайтириш керак, тежамкорликни одатга айлантириш керак.

Аммо нархларни оширишдан олдин тадқиқот ўтказилиши ЗАРУР, аҳолининг қайси қатлами қанча тўлай олади – билиш керак. Кейин қарор қилиш керак.

Ҳали қиш бошланмасданоқ кунора 100 минг кетяпти газ-светга, максимал тежаган ҳолда ҳам. Қиш келгандан кейин аҳолининг катта қисми “дод” деворади. Ҳисоблагичлардан айланиб ўтишга ҳаракат бошланади. Буни ҳатто барча тўловларни қилиб юрадиган “законопослушний” одамлар қила бошлайди.

Чунки бошқа чора қолмайди: жамиятимиз норозилигини бошқа кўринишларда намоён қилмайди, кўникмаси йўқ, қўрқади. Ҳа, идоралар шикоятларга тўлиб кетади, аммо фойда бермайди. Счётчикларни айланиб ўтганларни жазолаш бошланади, жазоловчилар билан ёқалашиш, пичоқлашиш авж олади. Бир нарсани тушуниш керак – жазо чоралари нормал вазиятда камсонли ҳуқуқбузарларни тартибга солиш учун ўйлаб топилган, бу чоралар АНОРМАЛ ҳолатда қийин аҳволда қолганлиги сабабидан нотўғри нормаларни бузганлар учун ўйлаб топилмаган.

Натижада ур-тўпалон бошланади. Шонли ҳуқуқтартибот идораларимиз “ўз вазифамни бажаряпман” деган кайфиятда “тўпалончиларга” ташланади, гўё улар – золим. Ҳолбуки улар золим эмас – мазлум бу вазиятда. Натижада норозилик оммавийлашиб кетади.

Қўзғалон бўлади. Энергетиклар бу вазиятда – диверсантлар мақомида. Диверсия қилиш учун ўтирипти кабинетларда. Халқ маблағидан яшаб юрган... диверсантлар. Вақтида ўзгартириш керак”, дейди Муҳаммад Шакур.

Ўзбекистон шаҳарларидаги уйларда ҳамон марказий иситиш тизими ишга тушмагани ҳам норозилик келтириб чиқармоқда.

Ҳозирча “отопление” фақат Сурхондарёда ишга тушгани айтилмоқда.

““Отопление”ни ёқмаётганлар марказий иситиш тизимига уланмаган. Уларнинг болалари совуқ қотмайди. Улар фарзандлари учун электр печка ёқмайди. Электрга фалон пул тўламайди. Улар олдин ҳам яхши яшаган, ҳозирам яхши яшаяпти”, дейди Muhammad Temur A'zam.

Тошкент ҳокимлигидаги kun.uz манбаси Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов марказий тизимга уланган уйда яшамаслигини билдирган.

“Шавкат Умрзоқовнинг муаммодан хабари бор, ҳокимнинг ўз яқинлари ҳам кўп қаватли уйда туради”, деган Тошкент шаҳар ҳокимиятидаги kun.uz манбаси.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда отопление ёқилгунча Шавкат Умрзоқовнинг уйига бориб яшаб туриш сўровлари пайдо бўла бошлади.

“Шавкат Умрзақов, қарорингиз чиққунича мен ва болаларим уйингизга бориб яшаб турсак бўладими”, дейди Alex Shnayder.

Rasmiy
Qishda qo‘zg‘alon bo‘ladi. Energetiklar – diversantlar maqomida hozir. Vaqtida o‘zgartirish kerak.
Muhammad Shakur
Jurnalist (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Газ ижтимоий нормаси ошди, электр энергиясичи?

Ўзбекистон қишки мавсум бошланиши муносабати билан 1 ноябрдан табиий газнинг ижтимоий норма миқдори 5 баробар оширилди. Расмийлар январдан бошлаб газлаштирилмаган жойларда яшайдиган аҳолининг электр энергияси чегирма билан сотилиши ваъда берган.

Ўзбекистонда 1 ноябрдан бошлаб табиий газнинг ижтимоий норма миқдори 100 метр кубдан 500 метр кубгача оширилди.

Энди истеъмолчилар қиш мавсумида 500 м3 гача ҳар бир м3 газ учун 650 сўмдан тўлайди. Олдин ушбу миқдор 100 м3 гача эди.

Олдинроқ Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонда газ таъминотига уланмаган ҳовлили уй-жойлар учун ҳам электр энергияси тарифига 50 фоизлик чегирма берилиши режалаштирилаётганини айтганди.

Вазир бу ўзгаришни 1 январдан жорий этишга ҳаракат қилинаётганини таъкидлаган.

Ўзбекистон: Тошкентдаги уйлар совуқдан захлаб кетдими, иситиш тизими қачон ёқилади?

2023 йил қишида кузатилган аномал совуқ пойтахт Тошкентни ҳам қийин аҳволга солиб қўйганди
Сурат тагсўзи, 2023 йил қишида кузатилган аномал совуқ пойтахт Тошкентни ҳам қийин аҳволга солиб қўйганди

Кузнинг совуқ кунлари бошланиши билан Ўзбекистонда ҳар йили кузатиладиган муаммолар яна бўй кўрсата бошлаган. Ис гази ва газ портлашлари натижасида одамлар ўлмоқда. Марказий иситиш тизимига мослашган пойтахтликлар эса ҳеч бўлмаса бир кунга иссиқлик беришни сўрамоқда.

Сўнгги 5 кун ичида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кечалари 6-7 даражагача тушиб кетди. Пойтахт Тошкентда эса марказий иситиш тизими ҳали ёқилмади. Бу ноқулайликларга сабаб бўлмоқда.

“Ётоқхонада турамиз, токли печка қўшдиргани қўйишмайди. Кун совуқ. Отопления қўшилгани йўқ, дейди Тошкентдаги талабалардан бири.

“Отоплениени бир икки кунга ёқворинглар. Илтимос. Уй жуда захлаб кетди”, деб ёзади @Jamolbobo1.

Марказий иститиш тизимининг ҳали ёқилмаганлиги учун кўпчилик уйни электр токи ёрдамида иситишга тўғри келаётгани ва бу электрни меъёридан кўп ишлашига олиб келаётганидан нолишган.

“Бизда хам шу 1-2 кунни ичида харажат потолок бўлиб кетди”, дейди Исломбек Аҳмад.

Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти оператори Veolia Energy Tashkent қонун бўйича иситиш мавсуми ҳали бошланмаганини эслатди.

gazeta.uz
Yotoqxonada turamiz, tokli pechka qo‘shdirgani qo‘yishmaydi. Kun sovuq. Otopleniya qo‘shilgani yo‘q.
Toshkentlik talaba
Batafsil: bbc.com/uzbek

“Эслатиб ўтамиз, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати кетма-кет 5 кунлик даврда 8 даражадан паст бўлган пайтдан бошланади. Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларига асосан Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори чиқиши билан иситиш таъминоти ёқилади”, дейди оператор.

Аммо ушбу эслатма билан совуқ муаммоси бартараф бўлиб қолмаяпти.

“Тошкентда иситиш тизими ҳали ёқилмагани учун совуққотаётганлар, яна 5 кун чидаб турамиз... Ҳаво исиб кетаркан :). “Отопление” ёқилсин, деб буйруқ чиқарадиганлар ҳовлида яшайди, иситиш тизими ичида, шунга улар совуқни танасида ҳис қилмаяпти, тўғри тушунинглар😁”, деб ёзади Телеграмдаги @masofatalim канали.

Кузатувчилар марказий тизимдан иссиқлик оладиган тошкентликлар хонадонларида, туғруқхона, мактаб ва боғчаларда қалтираб ўтиришгани, болалар касал бўлишаётгани, ва қариялар озор чекишаётганини айтишмоқда.

“Бу киноя эмас, бугунги кунимизнинг реалликлари. Агарда ҳоким Умрзаков, айтайлик, ҳеч қурса Алмати, Бишкек, Душанбе, бор ана шундоқ биқинимиздаги Чимкент ҳокимлари сингари пойтахтликлар олдида масъул ва ҳисобдор бўлганида, иситиш тизимини ишга туширтирган бўларди”, дейди Отабек Бакиров.

Хавфсиз уйлар

Қўшработда газ портлаши бир оиланинг умрига зомин бўлган

Сурат манбаси, Kun.uz

Сурат тагсўзи, Қўшработда газ портлаши бир оиланинг умрига зомин бўлган

Кунлар совиб бошлаши билан вилоятлардан турли сабаблар билан ўз уйида ёппасига ҳалок бўлгаётган оилалар ҳақида хабарлар чиқа бошлади.

22 октябр куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида хонадонда газ портлаши оқибатида эр-хотин ҳамда уларнинг ўғли ва қизи нобуд бўлди

Kun.uzнинг ёзишича, дастлабки тахминларга кўра, портлашга хонадонда газ тўпланиб қолиши ва хонадон эгаси буни билмаган ҳолда чироқни ёқиши сабаб бўлган.

Gazeta.uz Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида эр-хотин ва уларнинг уйига меҳмонга келган йигит қозонхона мўрисидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар берди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, воқеа 18 октябрга ўтар кечаси содир бўлган.

Кузатувчилар бу каби ўлимларга асосий сабаб сифатида газнинг бир меъёрда узатилмасдан, бир ўчиб, бир ёнишини келтиришади.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач Ўзбекистоннинг кўп жойларида барҳам топган газ ва электр энергия муаммоси сўнгги йилларда пойтахт Тошкент доҳил бошқа жойларда ҳам яна бўй кўрсатаётгани айтилади.

Ҳукумат Ўзбекистонда газ ва электр энергияси бозор нархларида кимматлиги ва нархлар ошса узилишлардаги муаммолар бартараф бўлишини айтди.

2024 йил баҳорида энергия нархлари оширилди.

Аммо одамларнинг узлуксиз энергияга эришиш ниятлари орзулигича қолиб кетди.

Расмийлар сўнгги йилларда аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиши ортидан Ўзбекистонда энергия истеъмол кўлами сўнгги йилларда ортганини айтишади.

Йиллар давомида бу соҳага етарли маблағ ажратилмаганлиги натижасида электр ва газ етказиш инфратузилмаси янгиланмаган. Янги конлар ўзлаштирилмаган ва етарли станциялар қурилмаган.

Боз устига Ўзбекистон газининг таги кўриниб қолгани айтилади.

Бироқ танқидчиларга кўра, булар энергия инқирозига баҳона бўлолмайди. Энергия тизими боқимандаликдан чиқиб кетолмаяпти.

Келгуси йил давлат бюджети қонун лойиҳасида давлатдан субсидия оладиган ташкилотлар қаторида Энергетика вазирлигининг ҳам борлиги эътирозга сабаб бўлди.

“Табиийки, савол туғилади. Тарифлар каррасига ошган экан, яна ошар экан, нима учун энергетика субсидияланиши керак? Субсидиялаш тўхтамай, давом этар экан, тарифлар нима учун оширилди? Ҳам чўнтагимиздан, ҳам солиғимиздан товон тўлашга асосланган, рақобат ва танлов йўқ, таннархни тўхтамай шиширишга, монополистлар ва олигархлар манфаатларига ишлайдиган ёпиқликни мақсад қилганмиди энергетика ислоҳоти?” дея савол ташлайди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ўзбекистон газ танқислигига юз тутмоқдами?

Озарбайжоннинг News.az сайтига берган интервьюсида россиялик таҳлилчи Ўзбекистон газ танқислигига юз тутаётгани ва энди Қозоғистонни ҳам шундай қисмат кутаётганини айтган.

Июн ойи бошида Санкт-Петербург шаҳрида ўтган Халқаро иқтисодий форумда Россиянинг "Газпром" ширкати Ўзбекистон ва Қирғизистонга газ транзитни амалга ошириш бўйича Қозоғистон билан шартномани имзолади.

Яна бир шартномага кўра, Ўзбекистонга юбориладиган Россия гази ҳажмини ошириш учун Қозоғистондаги САЦ қувури тайёргарликка келтирилади.

News.az билан суҳбатда Россия ҳукуматига тегишли Молия университетининг эксперти, Миллий энергия ва хавфсизлик жамғармасининг етакчи таҳлилчиси Игор Юшков Ўзбекистондаги газ танқислигига алоҳида тўхталган.

"Аввал газ сотувчиси бўлган Ўзбекистон энди газ харидорига айланди. Бир йил олдин шартнома имзоланди, чунки 2022-2023 йиллар иситиш мавсумида Ўзбекистондаги маҳаллий тизим қулади ва ҳатто Хитойга газ экпортлари тўхтатилганидан кейин ҳам газ етишмади. Газ камлиги туфайли буғ қозонларидаги сув етарлича исимади ва Тошкентдаги хонадонларда совуқ бўлди. Одамлар гулхан ёқиб исиндилар. 2023 йил июнида Ўзбекистон Газпром билан шартнома имзолади ва октябрда Россия гази Қозоғистон орқали Ўзбекистонга оқа бошлади. Бу тўғри қарор бўлди", - деб айтган таҳлилчи.

Юшковнинг айтишича, ўтган декабрда Газпромнинг ижрочи директори Алексей Миллер Россия Президенти Владимир Путинга ҳисобот бера туриб, ўзбек шериклар илтимосига биноан Ўзбекистонга газ келишилган кундалик 9 миллион куб метрдан оширилганини алоҳида таъкидлаган.

Унга кўра, Ўзбекистон ва Газпром янги шартномага имзо чекди. Шартномага биноан, Ўзбекистонга аввал келишилган йиллик 2,8 миллиард куб метр 3 миллиард куб метрдан ошиқ ҳажмга ўзгартирилган. Умумийла, контракт 11 миллиард куб метр газни назарда тутади.

Юшковга кўра, Қозоғистон ҳозирча Россия газини фақат ўз ҳудудидан ўтқазиб беряпти, лекин яқин орада у ҳам Россия газга муҳтож бўлади.

"Қозоғистон ҳам ички газ истеъмоли ўсишига юз тутяпти. У ҳали ҳам Хитойга газ сотаётган бўлса-да, вақт ўтган сари вазият мураккаблашиб бораётгани аён. 2023 йилда Қозоғистон газ ишлаб чиқаришни барқарорлаштиришга эришди, лекин келажакда танқислик юз бериши мумкин. Шу сабабдан, Қозоғистон энергия мувозанатидаги ўз газ эҳтиёжини ва кўмир ўрнини кўриб чиқиши керак. У нафақат Ўзбекистонга транзит, балки ўзидаги эҳтиёжни ҳисобга олиб газ нақлиётини тизимини замонавийлаштириши лозим. Бу шартнома, шунчаки - биринчи қадам. Келажакда Қозоғистон ҳам Газпромдан газ сотиб олиш бўйича шартнома тузиши ва ўз эҳтиёжи учун газ нақлиёти тизимини кенгайтириши мумкин", - дейди россиялик эксперт.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002