Ўзбекистон: Нархлар ошди – энди газ-свет узлуксиз бўладими? Видео

gas

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда шу вақтгача свет ва газ нархи субсидиялар орқали арзон ушлаб келинган. Расмийларнинг айтишича, агар бу ҳол яна давом этса, соҳада ривожланиш бўлмайди.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ҳукумат энергия нархларини оширмоқда. Бу оддий ўзбекистонлик ҳаётига қандай таъсир қилади ва - энг муҳими - бундан буён ўзбек хонадонида свет ва газ узилиб қолмайдими?

1 майдан Ўзбекистонда газ ва электр энергияси тарифлари сезиларли қимматлашмоқда.

Мамлакатда охирги қимматлашув 2019 йилда бўлган эди.

Энергия тарифларини 2022 йил июлидан ошириш режаси эса ижтимоий норозилик манзарасида кейинга қолдирилган эди.

"Ҳаёт нима бўлиб боряпти? Яна 1 июлдан ток ва газ ҳам қимматласа, унда нима бўлади ҳаёт?" деган эди ўша йилнинг июнида Би-би-си билан суҳбатлашган тўрткўллик 34 яшар Каважон.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Эндиликда эса, ҳукумат Каважон каби молиявий мушкулликда яшаётган аҳоли қатламини янада ўйга соладиган қадам ташламоқда.

Кузатилган кўплаб муносабатларда янги нархлар ва имтиёзларга чекловларни ишлаб чиқишда расмийлар одамларнинг асл имкониятини қанчалик ҳисобга олгани саволга тутилган.

Алоқадор мавзулар:

Ҳукумат қарори

16 апрель куни энергия ресурслари нархларини либераллаштириш ва уларнинг истеъмолига ижтимоий нормаларни жорий этиш кўзда тутилган ҳукумат қарори эълон қилинган.

Қарор билан жорий этилаётган ижтимоий норма ёки имтиёзли чегара эса қуйидагича: электр энергияси учун ойига 200 кВт/соатгача ва газ учун иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача, қолган даврда 100 куб метргача.

Белгиланган мазкур норма доирасидаги энергия истеъмоли учун имтиёзли тариф амалда бўлади, ундан ошган истеъмол учун эса бозор нархларидаги қиммат ҳақ тўланади.

Шунингдек, ижтимоий нормадан ортган истеъмол табақалаштирилмоқда.

gas

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, 1 майдан, нафақат, имтиёзли тарифлар тугатилмоқда, балки истеъмол кўламига қараб, улар табақалаштирилмоқда ҳам.

Яъни бундан буён қанчалик кўп энергия истеъмол қилинса, шунча кўпроқ ҳақ тўлашга тўғри келади.

Мисол учун, 1 майдан сўнг ойига 200 кВт/соатгача ишлатадиганлар ҳар бир киловатт ток учун 450 сўмдан тўласа, 10 минг кВт/соатдан ошиқ ёққанлар 1800 сўмдан тўлайди.

Шу вақтгача амал қилган тариф билан эса ҳамма бирдек - бир киловатт учун 295 сўмдан пул тўлар эди.

Табақалаштирилган тарифлар билан энергия учун харажатлар сезиларли ўсганини бир зумда пайқаш мумкин.

Масалан, ойига 300 кВт/соат электр сарф қилиб, бу миқдор учун ойига эски тариф бўйича 88,5 минг сўм тўлаб келган оиланинг энди янги тариф бўйича 180 минг сўм тўлашига тўғри келади.

Газда ҳам ўхшаш манзара.

Мамлакат энергетика секторига кенг кўламли янгилик олиб кирувчи ҳукуматнинг бу қарори турли муносабатлар ила қабул қилинган.

Журналист Шуҳрат Латипов расмийлар янги тарифларни эълон қилишдан аввал 2022 йилдаги каби тарғибот-тайёргарлик ишлари олиб бормаганига эътибор қаратган.

"Ҳозир тарифлар оширилишини эълон қилиб бўлгандан кейингина ахборотни тарқатиш ҳақида ўйлаш бошладилар ва шу сабаб катта салбий муносабатга йўлиқдилар. Одамларга нархларни нега ошириш кераклиги яхши тушунтирмадилар", ёзган журналист ўзининг Телеграм каналида.

Сабаблар

Ўзбекистон охирги икки йилда қаҳратонда ҳам, жазирамада ҳам энергетик бўҳронни бошдан кечирмоқда.

Шундай манзарада энергетика вазирлиги соҳани субсидиялар билан ривожлантириб бўлмаслигини бир неча бор очиқ таъкидлаб чиққан, энергетика секторида бозор механизмлари ишга туширилиши заруриятини тилга олган.

Ўтган йили вазирлик "Энергетика секторини доимий субсидиялаб ривожлантириб бўлмайди" дея номланган хабарида газ ва электр энергияси таннархини эълон қилган эди.

gas

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, 2022 йил январь - буткул чироқсиз қолган Тошкентдаги ерости йўлидан одамлар қўл фонарь билан ўтмоқда. Охирги йилларда мамлакат ёзда ҳам, қишда ҳам энергетик бўҳрон қаршисида қолмоқда. Расмийлар бунинг сабаби энергетика тизимида эскириб кетиш юқори даражада экани билан изоҳлайди.

Сентябрда тарқатилган бу хабарда маълум қилинишича, мамлакатда аҳолига 295 сўмга сотиб келинган 1 кВт/соат электр энергияси таннархи 970 сўм, 380 сўмдан сотилган бир куб метр табиий газ таннархи эса 1890 сўмни ташкил этган.

"Бу дегани бугун аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ субсидиялар ажратилмоқда. Бу бир йилда ўртача 1,15 миллиард АҚШ доллари аҳолининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти, деганидир. Соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти", таъкидланади 2023 йил 19 сентябрь куни вазирлик сайтида чоп этилган хабарда.

Расмийлар, шунингдек, электр энергияси етказиб беришда эскириб кетганлик даражаси қарийб 40 фоизни ташкил этиши, оқибатда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 15-20 фоизи истеъмолчиларга етиб бормаётганини маълум қилган.

"274 минг километрлик электр ҳаво тармоқларимиз мавжуд бўлса, шундан 122 минг километри, яъни 44,5 фоизи эскирган. 94 мингдан зиёд трансформаторларимиздан эскирганлари 33 мингтани ташкил қиляпти", деган Энергетика вазирлиги воизи Ҳасан Тошхўжаев 22 апрель куни журналистлар билан учрашувда.

Расмийлар мана шу эскириб кетган инфратузилмани модернизация қилиш эҳтиёжи энергетика тизимида бозор механизмларини жорий қилишнинг асосий сабабларидан бири эканини таъкидлайди.

Одамларга қийин бўлмайдими?

gas

Ҳукуматнинг позициясига кўра, янги тарифлар аҳолини у қадар қийнаб қўймайди.

Шунингдек, нархлар табақалашмагани туфайли давлат соҳадаги арзончиликни ушлаб туришга ажратилган ўзига хос ижтимоий ёрдамдан шу вақтгача, асосан, ўзига тўқ қатлам кўпроқ фойдаланиб келгани таъкидланади.

Ўтган йилги расмий рақамларда айтилишича, ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг қарийб 75 фоизи ойига 200 кВт/соатгача ток ишлатган ёки давлат етказиб бераётган электрнинг 25 фоиздан сал кўпроғини ёққан.

2022 йил августида ўша вақтдаги энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев етказиб берилаётган арзон электр энергиясининг асосий қисми бой хонадонлар томонидан истеъмол қилинаётганини тилга олган эди.

"Тошкент шаҳрида айрим тоифадаги хонадонлар бор, бир кунлик истеъмоли 3 хонали квартиранинг 5 ойлик истеъмоли билан тенг. Бир кунда 5 ойда ёқадиган электр энергияни ёқади. Мана шу истеъмолни мен чиройли бўлса ҳам лекин оддий ҳаёт кечириш учун сарфланади, деб ҳисобламайман. Беҳуда сарф кўп. Беҳуда сарф учун эса қимматроқ тўланиши керак", деган эди у блогер Отабек Бакировга берган интервьюсида.

Жўн қилиб айтганда, ҳукумат жорий этилаётган табақалаштирилган нархлар аҳолининг қарийб тўртдан уч қисмига у қадар таъсир қилмаслиги, қайтанга бойлар кўпроқ тўлайдиган тизим ишга тушиб, ижтимоий адолат юзага келишига ишонтирмоқда.

Лекин одамлар ҳам шундай фикрдами?

Би-би-си ўзбекистонликларнинг нархлар ошишига муносабатини ўрганиб кўрди.

Кузатилган муносабатлар орасида белгиланаётган ижтимоий норма анча кам экани, айниқса, қиш мавсумида ўртача ўзбек хонадони анчайин электр ва газ ёқишга мажбур мазмунидаги фикр кўпчилик томонидан илгари сурилган.

"Гази йўқ жойлар мажбур электр энергиясидан фойдаланади. Улар нима қилсин? Уч баравар қиммат тўлаб юради. Қишда электр йўқ", дейди Facebook фойдаланувчиси.

Бошқа кенг тарқалган қараш - бу энди тадбиркорларга қийин бўлиши борасидаги тахмин.

"Газ, светнинг нархи ошиши ишлаб чиқариш цехларига таъсир қилади. Чиқариладиган маҳсулотларнинг нархи ошади бозорда", фикр билдиради бошқа бир фойдаланувчи.

Би-би-си ўзбекистонлик кичик тадбиркорлардан бирини суҳбатга таклиф қилди, аммо у эҳтимолий босимдан қўрқиб, очиқ чиқиш қилишни маъқул кўрмади.

Умумиятла айтганда, бу тадбиркорнинг кичик ишлаб чиқариш цехи бор ва айтишича, бизнесидан даромад ўзи у қадар катта эмас, маржа кам, шу сабаб 1 майдан кейин ишини бутунлай ёпишни ўйламоқда.

Кенг янграган бошқа бир фикр - бу нархларнинг бирдан кескин қимматлашаётгани. Кўпчилик ҳукумат нарх оширишни босқичма-босқич амалга оширгани маъқул бўлишини таъкидлаган.

Бошқа фикр билдирувчилар эса нархлар ошганига яраша энергия таъминоти узлуксиз бўладими, деган саволни ўртага ташлаган.

Ўтган йилнинг декабрида журналист Азиза Қурбонова билан интервьюда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2024 йилдан электрга бўлган эҳтиёж 100 фоиз қопланишига ваъда берган эди.

Орадан қарийб беш ойдан сўнг - 22 апрель куни унинг воизи Ҳасан Тошхўжаев электр ва газ таъминотидаги муаммолар кўпи билан 2030 йилгача буткул бартараф этилишини айтган.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002