Ўзбекистон: Электр ва газ нархининг 2 баробар ошиши ислоҳотми ёки янги инқироз бошланиши?

elektr

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўзбекистон ҳукумати бизнес учун электр ва газ тарифларини 1 октябрдан оширишга қарор қилди. Нархлар кейинчалик оддий аҳоли учун ҳам ошиши мумкин. Расмийлар ушбу қарорни ислоҳот деяётган бўлса, айрим мутахассислар бу янги инқирозларга етаклашини айтмоқда.

1 квт электр энергия нархи бизнес учун ҳозирги 450 сўмдан 900 ва 1000 сўмгача ошмоқда.

Нархларни белгилашда корхоналарнинг истеъмол гуруҳларидан келиб чиқилган.

1 кубометр газ нархи 660 сўмдан корхона гуруҳига қараб 1500 ва 1800 сўмгача ошмоқда.

Расмийлар нархлар ошишини либераллаштириш деб баҳолаб, барқарор энергия билан таъминлаш йўлида асосий ечимлардан эканлигини айтиб келади.

"Қанчалик қийин бўлмасин, бу тўғри қарор дейиш мумкин. Чунки сўнгги йилларда, айниқса совуқ кунларда энергетика ресурслари битмас туганмас эмаслигини кўриб гувоҳи бўлдик. Давлат субсидиясига ўтириб қолган тизим инқирозга юз тутиши аниқ", деб ёзади даги Telegram Davletovuz канали.

Ҳукумат қарори лойиҳаси остига фикр билдирганлар орасида нархларни аҳоли учун ҳам ошириш керак деганлар бор.

"Аҳолига сотиладиган табиий газ ва электр энергияси нархларини ҳам ошириш керак. Ҳеч бўлмагандан 2019 йил август ойидан бугунги кунгача Ўзбекистон Республикаси белгиланган энг кам иш ҳақи ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори неча фоизга ошган бўлса шу миқдорда (фоизда) ошириш лозим бу энг минимал ошириш", дейди Суҳроб Ҳайдаров.

Ҳозирча аҳоли учун нархлар ўзгаришсиз қолмоқда.

"Лекин бу ҳам вақтинчалик қарор эканини тушунишимиз керак. Ток, газ таъминоти барқарор бўлишини истасак, бозор тамойилларига ўтишимиз керак", дейди Davletovuz канали.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аҳоли учун электр энергияси тарифларини ошириш ҳамда табақалаштирилган тарифларни жорий қилиш бўйича таклифлар киритиш 2024 йилнинг май ойига режалаштирилаётганини маълум қилган.

Бунинг учун асосий шарт - давлат истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлай олиши керак, дейилади хабарда.

"Табақалаштирилган тариф деганда белгиланган "ижтимоий норма"дан кўп электр истеъмол қилаётган, айтайлик уйида бассейни, саунаси, кўплаб маиший техникалари бор хонадонлар, яъни нисбий олганда бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошади, дегани. Ҳозир аҳолининг 15 фоизи ойига 300 кВт/соатдан ортиқ электр энергиясини истеъмол қилади. Қолган аҳолининг истеъмоли эса 200 кВт/соатдан ошмайди", деган вазир.

Нархларнинг бизнес учун икки баробар оширилишга қарши чиқаётганлар ҳам бор.

"Карор жуда саёз ва халкка карши деб ҳисоблайман. Ҳар қандай хизматларни якуний истеъмолчиси аҳоли булади, қарор муаллифлари ахоли тарифларини оширилмаганлиги ниқоби остида аҳолига бошқа барча хизматларни нархларини кескин кўтарилишига олиб келувчи карор ишлаб чикишган. Ҳурматли депутатлар шунга эътибор каратишингизни илтимос киламан. Хар кандай нарх хизмат хажмига боғлик, ахоли электр ва газни катта миқдорда истеъмол килади, барча истеъмолчи гуруҳлари учун нархларни тенг оширилиши нарх усиш фоизини кескин камайтиради ва истеъмолчилар учун сезиларсиз булишини таъминлайди. Бундан ташкари, Электр, Газ, совук ва иссик сув таъминоти, канализация хизматлари табиий монополистик фаолият турига кирганлиги сабабли бу сохаларда БОЗОР муносабатларини куллаш нотўғри бўлади деб ҳисоблайман", дейди Толибжон Убайдуллаев.

Таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов ҳам ҳозирги шароитда нархларнинг оширилиши муаммога ечим эмаслигини ва бу ҳолат расмийлар айтаётгандек "либераллаштириш" эмаслигини таъкидлаган.

"Тушунтираман: либераллаштириш дегани - нархни мансабдорлар эмас, балки харидорларни паст нарх ва яхши сифат билан ўзига тортишни истайдиган кўплаб мустақил ишлаб қирувчилар иштирокидаги рақобатли бозор белгилайди дегани. Аммо мен ҳужжат лойиҳасида бозор ислоҳотига шама қилувчи нарсани кўрмадим", дейди у.

У "ислоҳотлар" нарх кўтариш билан чекланаётганидан хавотир билдирган.

"Энди "Ўзбекистон энергетикаси" деган қора туйнукка пуллар бюджетдан эмас, истеъмолчилардан кетади. Ўша натижалар билан. Бу сценарияда бозор ислоҳотлари кўзда тутилмагани боис, кенг кўламли хусусий инвестициялар жалб қилиниши, ўлган инфраструктура модернизицая қилиниши, харажатлар (ва тарифлар) қисқариши истиқболи бизни кутмаяпти", дейди Юсупов.

Иқтисодчи энди янги энергетик инқирозлар ва энергия нархи кўтарилиши кўплаб товар ва хизматлар нархи кўтарилишига олиб келишини кутиш кераклигини айтади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002