Суперсайлов ортидан Ҳиндистон супердавлат бўла оладими?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистонда бугун 19 апрель, жума куни 969 миллион киши овоз берадиган олти ҳафталик йирик умумий сайловлар бошланди. Бош вазир Нарендра Моди ва унинг Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) учинчи муддатга ҳокимиятни сақлаб қолиш учун курашади.
Ҳиндистон ядро қуролига эга ва Ойга космик кемани қўндирган саноқли давлатлардан биридир. 2019 йилдаги сўнгги умумий сайловдан бери у дунёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакатга айланди ва Буюк Британияни ортда қолдириб, дунёнинг бешинчи йирик иқтисодиётига айланди.
Алоқадор мавзулар:
Кўпчилик Ҳиндистон дунёнинг кейинги қудратли давлатига айланишини башорат қилмоқда, аммо унинг юксалиши оптимизм ва эҳтиёткорлик билан қўшилиб кетган.
Юксалаётган иқтисодиёт

Сурат манбаси, Getty Images
"Ҳиндистон глобал ўсиш двигателига айланади", деди жаноб Моди ўтган августда Жанубий Африкага ташрифи чоғида. 2023 йил охирига келиб, мамлакат йилнинг сўнгги уч ойида 8,4 фоизга ўсиб, дунёдаги энг тез ривожланаётган йирик иқтисодиётга айланди.
Жаҳон иқтисодиётларини ЯИМ (ялпи ички маҳсулот) бўйича тартиблаш мумкин.
Бир қанча молиявий институтлар, жумладан, АҚШнинг Morgan Stanley инвестиция банкига кўра, Ҳиндистон 2027 йилга келиб, Германия ва Японияни ортда қолдириб, учинчи йирик иқтисодиётга айланади.
Ҳиндистон 1947 йилда мустақилликка эришганида дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири эди. Ўнлаб йиллар давомида мамлакат ноадекват инфратузилма ва ўсиб бораётган аҳолини боқа олмайдиган қишлоқ хўжалигига боғлиқ эди.

Сурат манбаси, .
Ўша пайтда Ҳиндистонда ўртача умр 35 йил эди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бугунги кунда бу кўрсаткич деярли икки баравар ошиб, 67 ёшга етди, жаҳон бўйича бу кўрсаткич 71 ёшдир.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ҳиндистон дунёдаги энг йирик экспорт қилувчи давлатлар орасида 10-ўринда туради. Асосий экспорт маҳсулотлари - қайта ишланган нефть, олмос ва дори-дармонлар. Иқтисодий юксалиш хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда телекоммуникация ва дастурий таъминот соҳалари ривожланиши билан таъминланди.
Бироқ иқтисодчилар айтишича, янги иш ўринлари яратилиши иқтисодий ўсиш суръатидан пастроқ. HSBC ҳисоб-китобларига кўра, Ҳиндистон келгуси ўн йил ичида аҳоли ўсишини ҳисобга олсак, 70 миллион иш ўрни яратиши керак, бироқ бунинг учдан биридан кўпроғини яратиши даргумон.
"Аҳоли портлаши"

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон аҳолиси кўплаб ривожланган мамлакатларга қараганда ёшроқ. БМТ маълумотларига кўра, аҳолининг ўртача ёши 2022 йилда 28,7 ёшни ташкил этган бўлса, Хитойда 38,4 ва Японияда 48,6 ёшни ташкил қилган.
Ҳозирда мамлакат умумий аҳолиси 1,4 миллиардни ташкил этади. Ҳинд иқтисодчилари Башар Чакраворти ва Гаурав Далмиа 2030 йилга бориб меҳнатга лаёқатли одамлар сони бир миллиарддан ошади, деб башорат қилмоқда.
Улар Harvard Business Review нашрига айтишича, бошқа Осиё иқтисодлари, жумладан, Япония ва Хитой бошдан кечираётган иқтисодий ўсиш ҳам айнан шу "меҳнатга лаёқатли аҳоли"га таянган эди.
Аммо бу барча ишчиларни мамлакатда сақлаб қолиш қийин бўлиши мумкин. БМТ маълумотларига кўра, Ҳиндистонда чет элда истиқомат қилувчи фуқаролар сони энг кўп - 18 миллионга яқин.
Ҳар йили 2,5 миллионга яқин одам чет элга кўчиб ўтади, Улар орасида дунёдаги энг пешқадам олимлар ҳам бор.
Ҳиндистон фуқаролигидан воз кечганлар сонини қайд этадиган Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, кўпроқ ҳиндлар чет элда бутунлай қолишни афзал кўрмоқда. Мамлакат икки фуқароликка рухсат бермайди. 2022 йилда 225 мингдан ортиқ киши Ҳиндистон фуқаролигидан воз кечди, бу сўнгги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичдир.
Мамлакатда қолган кўпчилик учун иш топиш қийин бўлади.
Ҳукумат статистик маълумотларига кўра, Ҳиндистондаги ишсизлик даражаси 8% ни ташкил қилади. Март ойида Халқаро Меҳнат Ташкилоти 15-29 ёшдаги аҳоли Ҳиндистондаги ишсизларнинг 83 фоизини ташкил этишини, уларнинг аксарияти камида ўрта маълумотга эга эканлигини айтди.
"Мен тез-тез Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қиламан, ёшлар билан суҳбатлашаман. Уларнинг кўпи тушкун ва ҳинд мўъжизаси ҳақидаги ғояга мафтун эмас", дейди ҳинд журналисти ва ёзувчиси Сиддхарта Деб.
"Иқтисодий ўсиш автомобиль йўллари ва аэропортлар каби янги инфратузилмани олиб келди, миллиардерлар сони кўпайди. Аммо Ҳиндистонда аҳоли қийналмоқда", дейди у.
Ишловчи аёллар қаерга кетмоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳукумат маълумотларига кўра, иш кучида аёллар улуши 33% ни ташкил қилади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бу АҚШда 56,5%, Хитойда 60,5% ва глобал ўртача 49% билан солиштирганда паст.
Гарчи кўпроқ ҳинд аёллари ҳозир кўпроқ таълим олаётган бўлса ҳам, турмуш қурганлар кўпинча уйда ўтиради.
Бангалордаги Азим Премжи университети иқтисодчиси, профессор Ашвини Дешпанденинг айтишича, кўплаб ишлайдиган аёллар ўз-ўзини банд қилган ва бу уларни ҳимоясиз қилиб қўйиши мумкин.
"Хотин-қизларнинг меҳнат шартномалари асосида мунтазам ҳақ тўланадиган ишларда фаол иштирокини тезлаштириш зарур", дейди у.
Тенгсизлик сақланиб қолмоқда

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон дунёдаги энг тенгсиз давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.
Forbes маълумотларига кўра, аҳолининг деярли ярми кунига 3,10 доллардан кам даромадга яшайди. Бу Жаҳон банки маълумотларига кўра, ўртача қашшоқлик чегарасидир. Ҳинд миллиардерлари сони эса 1991 йилдаги биттадан 2022 йилда 162 тага кўтарилган.
АҚШдаги Принстон университети халқаро иқтисодий сиёсат профессори доктор Ашока Модининг айтишича, ўрта синф кенгайиб бораётган бўлса-да, "Ҳиндистонда катта тенгсизлик мавжуд. Ҳиндистон катта таркибий ўзгаришларсиз супер кучга айланади деб башорат қилиш аҳмоқлик."
Доктор Модининг таъкидлашича, керакли ўзгаришлардан бири бу тенгсизликни бартараф этиш учун ижтимоий ислоҳотлар, жумладан, Ҳиндистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашдир.
"Юз миллионлаб ҳиндлар иш тополмай қийналмоқда, таълим ва соғлиқни сақлаш абгор аҳволда."
Сиёсий қутблашув кучаймоқда

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистонда сиёсий қутбланиш янгилик эмас. 1800-йиллардан бери мамлакат дунёвий ёки ҳинду мамлакати бўлиши керакми, деб баҳслашмоқда. Аҳолининг тахминан 80% ҳиндулар.
Баҳслар 2014 йилда Моди бошчилигидаги ҳинд миллатчи партияси БЖП ғалаба қозонганидан сўнг кескинлашди.
Мусулмонларга қарши нафрат билан боғлиқ жиноятлар кўпайди ва март ойида БМТ ва АҚШ ҳукумати Покистон, Бангладеш ва Афғонистондаги мусулмон бўлмаган диний озчиликларга Ҳиндистон фуқаролигини беришни осонлаштирадиган қонунлардан хавотир билдиришди.
Яқинда 2014 йилги сайловлардаги ҳаёт ҳақида баҳсли "Ҳаёт чораги" романини нашр этган ёзувчи Девика Реге Ҳиндистон "жамоавий келишмовчилик" тўлқинини бошидан кечираётганини айтади.
Унинг айтишича, "Идентлик сиёсати аллақачон одамларнинг [Ҳиндистонда] қандай овоз беришида муҳим омилга айланган, аммо 2014 йилги сайловлар одамларни дўстлар ва оилалар даражасида бўлиб ташлади."
"Ҳиндистоннинг иқтисодий ўсиш суръатларини инкор этиш қийин, аммо фуқаролар эркинликлари хавф остида ва жамоавий келишмовчилик авж олмоқда."
Ҳиндистон ҳар доим ҳам Ғарб билан ўйнамайди

Сурат манбаси, Getty Images
Ғарб давлатлари йиллар давомида Ҳиндистон Хитойнинг Осиёдаги таъсирини тийиб турувчи кучга айланишига умид қилиб келган. Ядровий қуролга эга давлат бўлишдан ташқари, 1,45 миллионлик доимий йирик армияга эга. Аммо Ҳиндистон ҳар доим ҳам Ғарб хоҳлагандек йўл тутавермайди.
Охирги икки йил давомида у Россия-Украина урушида нейтрал позиция тутди ва Ғарбнинг Москвага қарши санкцияларига қарамай, рус нефтини арзон нархларда сотиб олгани учун танқид қилинди.
Лондон Иқтисодиёт ва Сиёсий фанлар мактаби халқаро алоқалар бўйича эксперти Сания Кулкарнининг айтишича, Ғарб Ҳиндистон Хитойга қараганда "камроқ айёр" бўлишини кутиши мумкин, бироқ унинг ҳам ўз амбициялари борлигини унутмаслик керак.
"Ҳиндистонга Ғарб учун элчи сифатида қараш ноўрин, - дейди у. - Ҳиндистон Ғарбга қаршиларга қаршилик қилувчи Ғарб бўлмаган ўйинчи бўлишга урғу беради".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













