Ҳиндистон: Таровеҳ намози ўқиган мусулмон талабаларга ҳужум қилинди

Сурат манбаси, Gujarat Police
Ҳиндистон полицияси Гужарат Университети ётоқхонасида хорижий талабаларга ҳужум қилган беш шахс ҳибсга олингани ҳақида хабар қилди.
Ҳужум оқибатида беш талаба жароҳат олган.
Ҳодиса 16 март, шанба тунида Аҳмадобод шаҳрида рўй берган.
Аҳмадобод шаҳрида жойлашган университет кампусида масжид йўқлиги айтилади.
Алоқадор мавзулар:
- Ҳиндистон: Бузиб ташланган Бобур масжиди ўрнида Рам худоси ибодатхонаси очилди
- Ҳиндистон: Ҳинду эркаклари муслималарни ўз динига ўтказаяптими?
- Ўзбек қизлари Ҳиндистонга келтирилиб, фоҳишаликка қандай мажбурланмоқда? Би-би-си суриштируви - Видео
- Ҳиндистон: Бурқадаги одам аёл эмас, эркак бўлиб чиқди ёки ўз синглисига уйланган эркак - мусулмонлар ва аёлларга қарши нималар тарқалмоқда?
Би-би-сига гапирган талабалар сўзларига кўра, мусулмон талабалар ўғил болалар ётоқхонасидаги хоналардан бирида Таровеҳ намозини адо этишни бошлаганларидан кейин уч миллатчи Ҳинду келиб "Жай Шри Рам"(Худо Рамга олқишлар бўлсин) деб бақира бошлаганлар.
Намозини адо этолмаган мусулмон йигитлар ғижиллашиб қолишади, чиқиб кетган миллатчилар ўзлари билан 250 тача одамни эргаштириб келади.
Қўлларида тошлар, калтак ва пичоқлар бўлган оломон талабаларга ҳужум қилганлар, ётоқхона ичидаги мол-мулкка шикаст етказганлар.
Ётоқхона ташқарисида турган автомобиллар ва мотоциклларни вайрон қилганлар.
Полиция беш талаба жароҳатлари учун тиббий ёрдам олганини хабар қилди.

Сурат манбаси, .
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳодиса муносабати билан баёнот тарқатди, Гужарат штати ҳукумати қонун бузувчиларга нисбатан "қаттиқ чоралар" кўраяпти, деб айтди.
Аҳмадобод шаҳри полицияси раҳбарларидан бири Тарун Дуггал BBC Gujarati хизматига ҳибсга олинган шахсларнинг исми-шарифини маълум қилди.
Улар Ҳитеш Мевада, Бхарат Пател, Шитиж Пандей, Житендра Пател, Сунил Дудҳируа.
Полиция вакиллари яқинда яна бошқа шахслар ҳам ҳибсга олинади деб айтдилар.
Полиция ҳибсга олинган шахсларнинг бирор сиёсий ёки диний ташкилотга алоқадор ёки йўқлиги ҳақида маълумот бермади.
Гужарат Ҳиндистон ғарбидаги штат бўлиб, Бош вазир Нарендра Моди у ерда раҳбарлик қилган.
BBC Gujarati хизмати репортёрлари ётоқхонадаги аҳволни бориб ўз кўзлари билан кўрдилар.

Афғонистондан бориб Гужарат Университетида таҳсил олаётган Навид Сиддиқ ўз кўзи билан кўрган ҳодисаларни журналистларга айтиб берди.
Навид Сиддиқ ҳужумчи оломон ичидаги айримларнинг қўлларида темир трубалар бўлганини айтди.
Афғонистонлик бошқа бир талаба Нўъмоннинг Би-би-сига айтишича, Ҳинду миллатчиларнинг мусулмон талабаларга ҳужумлари бундан олдин ҳам рўй берган.
"Бу ерда хорижлик талабалар учун таҳдид катта", деб айтди Нўъмон.
Полицияга кўра, Гужарат Университетида 300 тача хорижий талаба ўқийди.
Уларнинг аксари, Афғонистон, Шри-Ланка ва Африка мамлакатлари ватандошлари.
Интернет ижтимоий тармоқларида ўзбекистонлик, афғонистонлик ва бангладешлик талабалар ҳужумга учрагани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Ушбу хабарларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби муносабат билдирди.
"ТИВ матбуот котибининг қайд этишича, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида консуллик рўйхатида турган талабалар орасида Гужаратда ўқиётганлар мавжуд эмас. "Ўзбекистонлик талабалардан ҳозиргача дипломатик ваколатхонамизга ҳеч қандай мурожаат келиб тушмади. Ҳиндистоннинг тегишли давлат идоралари билан ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида яқин алоқа ўрнатилган", дейилади муносабатда", хабар берди Qalampir.uz веб-нашри.
Гужарат Университети вице-канцлери доктор Ниржа А Гупта хорижий талабалар хавфсизлик ва ички шароити яхшироқ янги ётоқхонага кўчириладилар деб хабар берди.
Намоз ўқиб турган мусулмонлар билан Ҳинду миллатчилари ўртасида таранглик келиб чиққани биринчи марта кузатилаётгани йўқ.
2021 йили шимолий Ҳаряна штатидаги Гургаон шаҳридаги жамоат жойида намоз ўқиган мусулмонларга Ҳинду ўнг қанот аъзолари мунтазам қаршилик қилганлар, мусулмонларни сўроқ-саволга тутганлар.
Шу ой Деҳли шаҳрида йўл четида намоз ўқиб турган мусулмонларни уриб жойидан турғизаётган полиция ходими видеоси тарқалди.
Полиция идораси ушбу ходим ана шу ҳаракати учун ишидан бўшатилганини хабар қилди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














