Янгиликлар. Ҳиндистон: Ҳинду эркаклари муслималарни ўз динига ўтказаяптими? Dunyo Hindiston Yangiliklar

Ҳиндистон бўйлаб интернетда муслималарнинг таҳқирланиб, доксинг ҳужумига учраётгани ҳақидаги видеолар тарқалмоқда

Сурат манбаси, TWITTER

Сурат тагсўзи, Ҳиндистон бўйлаб интернетда муслималарнинг таҳқирланиб, доксинг ҳужумига учраётгани ҳақидаги видеолар тарқалмоқда
    • Author, Шрути Менон
    • Role, BBC Verify, Деҳли

Севги жиҳоди - уйдирма ё ҳақиқат?

Алоқадор мавзулар:

Айрим Ҳинду гуруҳлар "Муҳаббат жиҳоди" деб атайдиган, мусулмон эркаклар ҳинду аёлларга уйланиб, уларни ўз динига ўтказишга уринаётгани ҳақидаги даъво йилларча Ҳиндистонда бот-бот қулоққа чалинарди.

Энди эса уни акси бўлган даъво тарқаляпти - ҳинду эркаклар мусулмон аёлларга уйланиб, уларни ҳиндувийликка ўтказаётган эмиш.

Буни "Бҳагва муҳаббат тузоғи" деб атайдилар.

Бу даъволар етарлича асосли бўлмаса ҳам, реал ҳаётда қатор зўравонликларга сабаб бўлиб келади.

"Бу жуда жирканч эди. Кўзларимга ишонмадим", дейди шимолий ҳиндистонлик Марям исмли муслима аёл интернет орқали олган ҳақоратомуз хабарларни эслаб.

Марям (исми ўзгартирилган) доксинг ҳужуми (шахсий маълумотларни интернетда эгасининг рухсатисиз тарқатиш) нишонига айланган. Унинг ҳинду эркаклар билан тушган суратлари ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлардан кўчирилган ва у ўзга дин вакили билан алоқа қилишда айбланган - ўзга диндагилар билан никоҳланиш ва романтик муносабатлар табу саналади.

Аммо бу айбловлар ҳақиқат эмас.

Суратдаги эркаклар романтик партнер эмас, дўстлар эди. Бироқ бу уни айблаётганларни тинчитгани йўқ. "Улар мени ҳинду эркаклар билан ётишимни айтишди. Улар ота-онамни ҳақорат қилишди", дейди у.

Динлараро ишқий муносабатлар ҳали ҳам консерватив ҳинд оилалари орасида катта табу бўлиб қолмоқда.

Марям ўзини ҳақорат қилган баъзи аккаунтларнинг шахсига асосланиб, буни "Бҳагва муҳаббат тузоғи" ҳақидаги даъволарга ишонадиган мусулмон эркаклар қилаётганига ишонади.

Ижтимоий тармоқларда #BhagwaLoveTrap ҳештеги билан видеолар эълон қилинди

Сурат манбаси, YOUTUBE

Сурат тагсўзи, Ижтимоий тармоқларда #BhagwaLoveTrap ҳештеги билан видеолар эълон қилинди

"Бҳагва" сафрон деган маънони англатади, бу ранг Ҳиндутва билан боғланган. Ҳиндутва эса, унинг танқидчиларига кўра, ўта ўнгчи ҳинд миллатчи мафкурасидир. Шу нуқтаи назардан, "Бҳагва" ҳиндутванинг синоними сифатида қўлланади.

"Бҳагва муҳаббат тузоғи" ҳақидаги фитна назариясига кўра, ҳиндутвага мансуб эркаклар мусулмон аёлларнинг бошини айлантиришга ва уларни ўз динлари ва диндошларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилишади. Бу даъвони асосан мусулмон эркаклар тарқатмоқда.

Би-би-си ушбу назарияни тарқатаётганлар билан суҳбатлашди ва улар келтирган мисолларни кўриб чиқди. Биз ҳақиқатда шунақа фитна борлиги ҳақида ҳеч қандай далил топмадик. Аммо бу даъволар ижтимоий тармоқларда тарқалишда давом этмоқда. Бу ибора шу йил март ойидан бери 200 000 дан ортиқ марта ишлатилган.

Унинг таъсири реал ҳаётга тарқалади.

Май ойида Мадхя-Прадешда олинган видео интернетга жойлаштирилди. Унда икки тиббиёт талабаси, мусулмон аёл ва ҳинду эркак скутерда университетга кетаётгани акс этган.

Афтидан мусулмонлар бўлган оломон уларни ўраб олади ва аёлга ўз динига иснод келтиргани учун танбеҳ беришади. Улардан бири "Исломга зарар беришингга йўл қўймаймиз", деб қичқирса, бошқалари ҳинду йигитга ҳужум қилади.

Май ойида ижтимоий тармоқларда Мадҳия-Прадешда тиббиёт талабаларининг таҳқирланаётгани видеоси тарқалди

Сурат манбаси, TWITTER

Сурат тагсўзи, Май ойида ижтимоий тармоқларда Мадҳия-Прадешда тиббиёт талабаларининг таҳқирланаётгани видеоси тарқалди

Би-би-си Ҳиндистон бўйлаб шунга ўхшаш тарзда кечган 15 дан ортиқ тўқнашувлар видеоларини кўрди. Ушбу назарияни ҳақиқат деб даъво қиладиган ва шу ва бошқа ҳодисаларни кўрсатадиган видеолар #BhagwaLoveTrap ҳештеги билан YouTube, Instagram ва X'да 10 миллион мартадан кўпроқ кўрилган.

Бу даъво эскироқ ва машҳурроқ яна бир даъвонинг - "муҳаббат жиҳоди"нинг тескарисидир. Унда мусулмон эркаклар ҳинду аёлларнинг бошини айлантириб, ўз динига ўтказиши айтилади. Буни ҳинду миллатчилар йиллар давомида интернетда гапириб келмоқда. "Бҳагва муҳаббат тузоғи" даъвоси каби бунинг ҳам асоси йўқ, аммо реал ҳаётда кўнгилсизликларга сабаб бўлмоқда.

Ҳиндистонда турли диндагилар ўртасидаги никоҳлар ҳали ҳам кам учрайди ва кўпчилик одамлар оилаларнинг келишуви асосидаги никоҳни афзал кўради.

Ҳиндистоннинг иккита ахборот ташкилоти томонидан олиб борилган мустақил текширувлар бу даъволарни тасдиқловчи далил топа олмади.

Шунга қарамай, "муҳаббат жиҳоди" ҳинд сиёсий нутқининг ажралмас қисмига айланди. Буни Бош вазир Нарендра Модининг партияси, БЖП ва унинг баъзи ҳиндутвага мансуб аъзолари ҳам муҳокама қилган.

"Бҳагва муҳаббат тузоғи" назарияси асосан ижтимоий тармоқларда, кўпинча аноним аккаунтлар орқали тарқатилган, бироқ бир қатор юқори мартабали мусулмон етакчилари ҳам оловга мой сепган.

Ислом олими ва Ҳиндистон янгиликлар каналларининг доимий шарҳловчиси Шуайб Жамай бу даъвони миллий оммавий ахборот воситаларида оммалаштиргани билан маълум, бироқ у ушбу даъво сабаб бўлаётган ҳақиқий зарарни ёқламаслигини айтади.

"Мен мусулмонлардан айримларнинг қонунни ўз қўлига олишга уринишини қўллаб-қувватламайман. Бу давлат қонун билан бошқарилади", дейди у.

Аммо жаноб Жамай мазкур даъво тўғрилигини аниқ айтади. Унинг сўзларига кўра, "Ҳиндутва бригадаси" ҳинду ёшларини "мусулмон аёлларни тузоққа туширишга" ундамоқда.

Жаноб Жамай ва унинг ҳамфикрлари ўз даъволарини интернетда тарқалаётган, ҳиндутва етакчилари ҳинду эркакларни мусулмон аёлларга эргашишга фаол даъват этаётганини гўё кўрсатадиган видеолар орқали асослайди.

Ўша видеолардан бирида Ҳиндистоннинг ҳукмрон БЖП партияси аъзоси Ёги Адитянатҳ 2007 йилда сиёсий митингда нутқ сўзлаётгани тасвирланган. Агар мусулмонлар "бир ҳинд қизини олса", дейди у, "юз мусулмон қизни олишимиз керак". Оломон қийқириқлар билан уни олқишлайди.

"Бҳагва муҳаббат тузоғи" акаунтлари мусулмон аёлларни тузоққа илинтириш учун режалаштирилган фитна борлигини иддао қилиш учун ушбу видеони эълон қилди

Сурат манбаси, HINDUTVA WATCH

Сурат тагсўзи, "Бҳагва муҳаббат тузоғи" акаунтлари мусулмон аёлларни тузоққа илинтириш учун режалаштирилган фитна борлигини иддао қилиш учун ушбу видеони эълон қилди

Адитянатҳ шундан кейин Уттар-Прадеш бош вазири бўлди. Би-би-си ундан ҳамон ўша фикрдамисиз, деб сўради, аммо у жавоб бермади.

Биз жаноб Жамай ва "Бҳагва севги тузоғи" назариясининг бошқа тарафдорлари унинг ҳақиқатлигини асослаш учун берган 10 та аниқ мисолни кўриб чиқдик. Назария тарафдорлари таъкидлашича, мисоллардаги ҳинду эркаклар муслималар билан уларнинг динини ўзгартириш учун қасддан муносабатларга киришган.

Бу мисоллар ҳинду эркаклар ва мусулмон аёллар ўртасидаги муносабатларга тегишли бўлса ҳам, иккита ҳолатда аёллар динини ўзгартирмаган.

Полиция маълумотларига кўра, ҳинду эркаклар ўз жуфтларини диний эътиқоди туфайли ўлдирган деб тахмин қилинган олтита ҳолатдан тўрттаси молиявий ёки маиший низолар билан боғлиқ бўлган. Бошқа тўртта ҳолатда зўравонлик сабабларини янгиликлар ёки полиция хабарлари билан тасдиқлаб бўлмади. Аммо "Бҳагва севги тузоғи" назариясининг бу ҳодисаларга алоқаси борлигига ҳеч қандай далил йўқ эди.

Skrinshot

Ҳиндистоннинг Boom Live фактларни текшириш сайти "Бҳагва муҳаббат тузоғи" ҳақидаги яна бир қатор видеоларни рад этди.

Ҳиндутва гуруҳлари севги тузоғининг мавжудлигини инкор этади.

"Ҳиндулар бундай тузоқ қўяётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ", дейди Алок Кумар, Вишва Ҳинду Паришад, Ҳиндутва ташкилоти раҳбари. Унинг айтишича, жаноб Жамай кабиларнинг даъволари таги бўш.

Аммо жаноб Кумар "севги жиҳоди" ҳақиқатда бўлаётганига ишонади. "Мусулмон эркакларнинг катта қисми ҳинду аёлларни ўз тузоғига тортади", дейди у.

Бу икки назария бир бирига ўхшаш рақиб кўринса ҳам, баъзилар бунга қўшилмайди.

"Бҳагва муҳаббат тузоғи" ҳақида ёзган биринчи журналистлардан бири бўлган Фотима Хон Ҳиндистоннинг ҳукмрон партияси аъзолари томонидан қўллаб-қувватланаётганига ишора қилиб, "Севги жиҳоди катта сиёсий қўлловга эга", дейди. "Бошқа томондан, "Бҳагва муҳаббат тузоғи" янги пайдо бўлган фитна назарияси. Бу умуман сиёсий қўлловга эга бўлмаган нарсадир."

Мамлакатдаги кўплаб баҳслар сингари, бу масала ҳам сиёсий партиявийлик сабабли хиралашган, аммо бир нарса аниқ кўринади. Ҳиндистондаги диний бўлинишлар бундай назарияларнинг интернетда гуллаб-яшнаши ва реал ҳаётга тарқалиши учун қулай муҳит яратмоқда.

Доксинг ҳужуми қурбони бўлган муслима аёл Марям бунинг яққол мисолидир. У келган хабарлардан шунчалик хафа бўлганки, турли кўнгилсизликлардан қочиш учун ишдан таътил олди.

"Биринчи марта ўз маҳалламда ўзимни хавфли ҳис қилдим. Жуда хавотирда эдим, ташқарига чиқишдан қўрқиб қолдим", дейди у.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002