Янгиликлар, Ҳиндистон: Ноёб исломий қўлёзмалар сақланган бир асрлик кутубхонага ўт қўйдилар Hindiston Dunyo Yangiliklar

Madrasa Azizia

Сурат манбаси, MANISH JALUI/BBC

Сурат тагсўзи, Азизия Мадрасаси Биҳар Шариф шаҳридаги таниқли мадраса
    • Author, Файсал Муҳаммад Али
    • Role, BBC News, Биҳар Шариф

Кул, куйиб кетган мебель ва деворлар, ёниб кетган саҳифалар: Бу Ҳиндистондаги 4500 дан зиёд ноёб китоблар, орасида жуда қадимги хаттотлик қўлёзмалари ва муқаддас Исломий матнларни ўз ичига олган 113 йиллик мадраса кутубхонасидан қолган нарсалар.

Бу кутубхона Ҳиндистон шарқидаги Биҳар штатида жойлашган Биҳар Шариф шаҳридаги таниқли диний мактаб - Азизия Мадрасасининг кутубхонаси эди.

Унга катта сондаги оломон шу йил 31 март куни ўт қўйди.

Алоқадор мавзулар:

Ҳодиса Рам Навами Ҳинду байрами пайти рўй берган.

Калтаклар, тош ва бензин солинган идишлар билан қуролланган ғалаёнчи оломон мадрасага яқинлашган.

Маҳаллий одамларнинг Би-би-сига айтишларича, мадрасага ҳужум қилишдан олдин фитнакорона шиорларни бақириб чақирганлар.

Ўша куни Биҳар Шариф шаҳрида кўплаб мана шундай ҳодисалар рўй берган. Оқибатда бир неча инсон жароҳатланган, автомобиллар ва дўконларга ҳужум қилинган.

Зўравонликларга алоқадор деб кўрилган бир неча инсонни полиция ҳибсга олган, ҳозир тергов кетаётгани айтилади.

Madrassa Azizia

Сурат манбаси, MANISH JALUI/BBC

Сурат тагсўзи, Кутубхонада 4500 дан зиёд китоб ва қўлёзма сақланган

Гувоҳларнинг айтишларича, бир неча юз кишидан иборат оломон мадрасанинг дарвозаси ва қулфини бузиб ичкарига кирганлар, ичкаридаги ҳамма нарсани уриб синдирганлар, синфхоналар ва кутубхонага бензин қуйиб ўт қўйганлар.

"Бирдан куйган нарсанинг ҳиди келди", дейди мадрасада ошпаз бўлиб ишлайдиган Абдул Ғаффор.

"Эшикни очиб мадраса идораси олдида тартибсизликларни кўрдим. Оломон ётоқхона томон юра бошлади. Мен қўрқиб кетдим, кароватнинг тагига кириб яшириндим", деди ошпаз.

Кутубхона куйиб кул бўлди, шу жумладан, ичида бўлган 250 ноёб қўлёзма, тарихий ҳужжатлар ва қадимий мебель ҳам.

Кутубхонадан асосан мадраса талабалари фойдаланганлар.

Ҳозир мадрасада 100 толиб таҳсил олади, уларнинг 100 тачаси ётоқхонада яшайди.

Ҳужум куни талабалар мадрасада бўлмагалар - Рамазон муносабати билан дарслар тўхтатилган бўлган.

"Бино ва меблга етказилган шикастни тузатса бўлади. Бироқ билим ва маданий меросни буткул йўқотганимиз аниқ", дейди уламо, ушбу мадрасани бошқарадиган Соғара Траст ташкилоти президенти Саййид Сайфуддин Фирдавсий.

Жаноб Фирдавсийнинг айтишича, мадраса биносига 2017 йили ҳам ҳужум бўлган, шундан кейин полиция бир йил давомида қўриқчи қўйган.

Мадрасани 1896 йили Патна шаҳрида Биби Соғара исми аёл барпо этган, марҳум умр йўлдоши Абдул Азиз хотирасига Азизия Мадрасаси деб атаган.

Кейинроқ мадрасани Биҳар Шариф шаҳрига кўчиришга қарор қилинган.

Madrasa Azizia

Сурат манбаси, MANISH JALUI/BBC

Сурат тагсўзи, Ёнғин кутубхонадаги кўплаб қадимий қўлёзма ва тарихий ҳужжатларни йўқ қилди

Биби Соғара 56000 квадрат метр атрофидаги заминини ҳам хайрия қилган. У вақф ташкил этган, ундан келадиган даромад маориф ва қашшоқ одамларга ёрдам сифатида йўналтириб турилишини истаган.

Соғара Траст ўз маблағига мактаблар, шифохоналар, ётоқхоналар барпо этган, бу бино ва ташкилотлар ҳамон бутун Биҳар штати бўйлаб фаолият юритиб келади.

Саййид Сайфуддин Фирдавсий Биби Соғарани маърифий, доно аёл деб таърифлайди, у ўз мол-мулкини қариндошларигамас, жамоаси ва мамлакатига беришни қарор қилган.

Аёл бир аср олдин саховатпешалик қилган, унинг саховати бугун ҳам Биҳар шари яшовчиларига асқотаяпти.

Соғара Траст раҳбарларидан бири доктор Мухтор ул-Ҳақнинг айтишича, ташкилот маблағига ўтган йили амбулатор даволаш марказини қуриш бошланган.

Яқинда очилиши кутилаётган шифохонани Биби Соғар деб номламоқчилар.

Кутубхонанинг қайта тиклашнинг имкони йўқ, бироқ вақф раҳбарияти мадрасани биносининг шикастланган қисмини 1 майгача таъмирлаш, талабалар учун сабоқни қайта бошлашни режалаштираяптилар.

Расмийларга кўра, мадраса таъсирига 30 миллионга Ҳиндистон рупияси, тахминан 365 минг АҚШ доллари зарур.

Вақф раҳбарлари штат раҳбариятидан молиявий ёрдам беришни сўраган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002