Мусулмонларга қарши нафрат тўла қўшиқларни яратаётган ижодкорлар - Ҳиндистон Дунё янгиликлар

- Author, Рагвендра Рао
- Role, BBC News Деҳли
Ҳиндистонда мусулмонларга қарши нафрат ифодаловчи қўшиқлар кўпаймоқда
26 ёшли Сандип Чатурведи Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатидаги Аёдхя шаҳридаги муваққат студиясида ўзининг янги қўшиғини ёзишга тайёрланмоқда.
Ҳиндулар мусулмонлардан тортиб олиб, ўз ибодатхонасига айлантиришга уринган масжид ҳақидаги қўшиқ. Мусулмонларга қарши нафрат жумлалари билан тўлиб-тошган қўшиқ. Аммо Чатурведи бу қўшиқ уни бизнесга қайтариши мумкинлигини айтади.
Чатурведининг қўшиқлари YouTube ва бошқа ижтимоий медиа платформаларида ўсиб бораётган мусиқа йўналишининг бир қисми бўлиб, у орқали ўнгчи ҳиндулар мусулмонларга ўз ғазабини изҳор қилмоқда.
Қўшиқ матни ҳақоратли ёки таҳдидли. Уларда ҳиндулар асрлар давомида мусулмонлар қўлидан азият чеккани, энди эса ҳисоб-китоб қилиш вақти келгани ҳақида сўзланади.
Алоқадор мавзулар:
Сиёсий таҳлилчи Ниланжан Мухопадхяйнинг айтишича, бундай мусиқа нафақат даромад келтиради, балки ижрочиларнинг ҳам эътиборини тортади. Аммо унинг учун бу шунчаки мусиқа эмас. "Бу жанговар наъра. Урушда ғалаба қозониш учун мусиқадан фойдаланилганга ўхшайди. Бу мусиқадан нотўғри фойдаланишдир ва йилларча давом этиб келмоқда."
Чатурведи ўз фаолиятини тахминан ўн йил олдин диний қўшиқ куйловчи сифатида бошлаган, бироқ бир неча йил ўтгач, у "Ҳиндуизм ва миллатчилик" ҳақида қўшиқлар ёзишга қарор қилгандан сўнг, йўналишини ўзгартирди. Унинг сўзларига кўра, ғоя имижни ўзгартириш эди.
У 2016 йилда суратга олган мусиқий видео ўнг қанот ҳинд миллатчи доираларда бир зумда шов-шувга айланганида, у ўзига хос жекпотни қўлга киритди.
Қўшиқ сўзларини бу ерда такрорлаш ноўрин. Лекин қўшиқнинг оҳанги оддий эди: ҳинду миллатчилиги кўтарилганда мусулмон жамиятига нима бўлиши ҳақида огоҳлантирув.
"Узр сўрамайман"

Сурат манбаси, Getty Images

Чатурведининг айтишича, унинг канали минглаб шикоятлардан сўнг тақиқланишидан олдин YouTube'да миллионлаб марта кўрилган. У мусулмонларни унинг қўшиғи устидан шикоят қилгани учун айблайди.
У "миллионлаб обуначиларни" йўқотганидан афсусда, бироқ YouTube'дан топган пулларини ошкор этишдан бош тортади. Унинг сўзларига кўра, клипни суратга олиш унга тахминан 253 АҚШ долларга тушган.
"Мен YouTube'да унчалик кўп пул ишлаганим йўқ. Энг муҳими, мен миллатчи-инқилобчи қўшиқчи сифатида эътироф этилдим", дейди у.
Бобурийлар мероси ва Ҳиндистон:
Чатурведи шундан кейин янги YouTube каналини очди. Аммо у юклаган баъзи материалларнинг кўрилиши сони у қадар некбин эмас. У сўнгги қўшиғи билан буни ўзгартиришга умид қилмоқда.
Мусиқа орқали мусулмонларни нишонга олганликда айбланаётган Чатурведи кечирим сўрамайди. "Агар қўлимни букиб, ўзимники бўлган нарсани сўрасам, рози бўласизми? Рози бўлмайсиз. Демак, биз провокацион бўлишимиз керак, шундай эмасми?"
Ҳам нафрат, ҳам даромад
Упендра Рана Деҳли яқинидаги Дадри шаҳрида яшовчи ана шундай ижодкорлардан бири.
Унинг вазифаси тарихни «тўғрилаш» бўлиб, унинг қўшиқларида ҳинду жангчилари улуғланади, мусулмон ҳукмдорлари ёвуз одамлар сифатида тасвирланади.


У мактабларда тарих ўқитилаётганига ишора қилиб, "Кўп ҳақиқат яширинган, ёлғон мажбуран сингдирилган", дейди у.
Рананинг айтишича, у YouTube'га жойлаштирган видеолари орқали доимий даромад топади.
"Биз Ҳиндистонга валюта олиб келамиз. YouTube долларда тўлайди", деб жилмайиб, деворга ўрнатилган кумуш рангли YouTube'нинг кумуш тугмасига ишора қилиб.
Рана диний ва романтик қўшиқлардан «тарихий» мавзудаги қўшиқларга ўтганидан бери у қандайдир Дадри юлдузига айланди. Унинг 400 000 га яқин YouTube обуначиси бор ва унинг кўплаб қўшиқлари миллионлаб марта кўрилган.
Рананинг айтишича, клип суратга олиш унга атиги 100 АҚШ доллар бўлади. Унинг ўзида видеони ёзиш ва таҳрирлаш воситалари, шунингдек, оператор ва муҳаррирдан иборат жамоаси ҳам бор.
Жаноб Мухопадхайнинг айтишича, мусиқадан озчиликларга қарши қурол сифатида фойдаланиш тенденцияси ўтмишда содир бўлган воқеаларни эслатади. У 1989 йилда ўнг қанот Вишва Ҳинду Паришад (ВҲП) томонидан ташкил этилган, 1992 йилда Бобурий масжиднинг бузилиши билан якунланган баҳсли Аёдҳя дастурини эслайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
"Бундан сал олдин аудиоёзув тасмалари пайдо бўлганди. Уларда диний қўшиқлар ва Рам Жанмабҳуми масаласига (Ҳиндулар Аёдҳя Лорд Рамнинг туғилган жойи деб ҳисоблайдилар) оид провокацион шиорлар бўлган ва бу ёзувлар намойишларда одамларни сафарбар қилиш учун ишлатилган".
Уч ўн йил ўтгач, оҳанг янада пирсингли бўлди.
"Агар сиз Ҳиндистонда яшашни истасангиз, Ванде Матарам ("Сизни мақтайман, она") деб талаффуз қилишни ўрганинг... ва ўз ҳаддингизни билинг" ёки "Ҳиндларни кучсиз деб ўйлаш - душманнинг хатоси" деган қўшиқлар. Бу қўшиқлар кимга қарата айтилаётгани очиқ ошкора кўриниб туради.
Бу қўшиқлар ҳам ўнг қанот ташкилотларга ўз кадрларини «сафарбар қилиш»га ёрдам берди.
"Ёшлар бу қўшиқларни яхши кўради, чунки улар ўзларининг иштиёқи ва руҳини оширади", дейди ўнг қанот ҳинду гуруҳи Ракша Далга раҳбарлик қилувчи Пинки Чаудхари. Унинг таъкидлашича, бундай қўшиқлар ёшлар онгини ўстиришга ёрдам беради.
"Ушбу қўшиқларни тинглаганимда тўсатдан куч-ғайрат портлашини ҳис қиламан. Улар менга қайсидир вақтларда нимага дуч келганимизни ва ҳозир нимага эришганимизни эслатади", дейди Вижай Ядав.

Ҳозирда Ҳиндистон миллий тасвирий санъат академияси Lalit Kala Akademi'да таҳсил олаётган 23 ёшли эскизчи рассомнинг айтишича, у бундай мусиқаларни тинглашни ёқтиради.
Жаноб Ядавнинг сўзларига кўра, "тўсатдан энергия портлаши" жорий йилнинг апрель ойида содир бўлган, ўшанда бир неча штатлардан ҳинду фестиваллари пайтида шиддатли тўқнашувлар ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Ушбу воқеалар пайтида ҳиндулар диний маршлар уюштирган ва мусулмонлар яшовчи ҳудудларда овоз кучайтиргичлардан ҳақоратли мусиқа янграган эди.
Ушбу тўқнашувларнинг баъзиларида ғазаблантирувчи ва провокацион қўшиқлар, жумладан, Чатурведининг 2016 йилги композицияси зўравонликни янада кучайтиришга ҳисса қўшган эди.
Чатурведи бундай айбловларни рад этади.
"Мен мусиқам орқали огоҳликка чақирдим. Севгидан ҳеч нарса чиқмайди. Биз жанг қилишимиз ва ўзимизникини олишимиз керак."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














