Муслималар "даҳшатда" ёки Ҳиндистонда муслималарни онлайн сотувга қўйганлар ушландими? Hindiston musulmonlar dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Муслималар "даҳшатда". Махсус иловада "сотувда" эканликлари айтилиб, юздан ортиқ муслиманинг сурати улашилган. Улар "кимошди савдоси"га қўйилган. Полиция иш билан алоқадорликда кетма-кет икки кишини қўлга олган. Ҳиндистоннинг камида учта штатида иш очган.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари бунга иловани яратувчилар, суратлар ва контентлар улашилган Twitter акаунтларини масъул, деб кўришмоқда.
GitHub платформасида жойлашган очиқ кодли BulliBai иловаси ҳозир олиб ташланган.
Бу - сўнгги ойларда Ҳиндистонда онлайн "кимошди" савдосига қўйиш билан муслималарни таҳқирлашга қаратилган иккинчи уринишдир.
Ҳиндистон полицияси иш билан алоқадорликда муҳандисликка ўқиётган бир талаба йигитни қўлга олгани кеча, сешанба куни маълум бўлган.
Шу соатларда олинган хабарларга кўра, йигитнинг ортидан яна 18 яшар жувон ҳам ҳибсга олинган.
Швета Сингхнинг ҳибси талаба йигит Вишал Кумарнинг тергови ортидан амалга оширилган.
Йигит Бангалор, аёл эса, шимолий Уттаракханд штатида ушланган.
Би-би-си ўрганишларига кўра, у BulliBai иловасини яратишда гумон қилинмоқда.
Икковлоннинг расман нималарда айбланишаётгани ҳозирча маълум эмас.
"Яна бир неча киши сўроқ учун ҳибсга олинди. Биз бу ишни мантиқий якунига етказамиз", деб айтган Махараштра штати Ички ишлар вазири Сатеж Пател Би-би-сига.
Алоқадор мавзулар:
Муслималар "сотуви"
Ҳиндистонда июль ойида ҳам худди шунга ўхшаш воқеа аниқланган.
Ўшанда Sulli Deals деб номланувчи веб сайт 80 дан ошиқ аёлнинг профилини яратган, уларнинг суратларини интернетдан кўчириб олган.
Сўнгра бу муслималарни "куннинг энг мақбул битимлари" сифатида бошқаларга тақдим этган.
Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам бу ростмана савдо-сотиқ бўлмаган.
Бундан мақсад шу йўл билан муслималарни таҳқирлаш бўлган.
Sulli - ҳақоратомуз сўз. Уни ўнг қанот ҳинду троллари муслималарга нисбатан қўллашади. Bulli ҳам худди шундай.
Журналист Исмат Ара ҳам жабрдийдалардан бири.
Bulli Bai уни ҳам худди шу тариқа онлайн сотувга қўйган.
Аммо журналист Деҳли полициясига расман шикоят аризаси билан чиққан.
Бунинг ортидан полиция номаълум шахсларга нисбатан иш очган.
Уларни жинсий тегажоқлик ва диний заминда адоватни тарғиб қилишда ҳам айблаган.
Кейин Мумбай полицияси ҳам худди шундай қилган.
Аммо улар бир қанча Twitter акаунтлари ва илова яратувчиларини нишонга олишган.
Бунга ҳам Bulli Bai да онлайн "сотув"га қўйилган бошқа бир аёлнинг шикояти сабаб бўлган.
Жабрдийдалар орасида журналистлардан ташқари, фаоллар, таниқли Болливуд актёри ва ҳатто 2016 йилда бедарак кетган университет талабасининг онаси ҳам борлиги кўрилган.
Шу дам олиш кунларида суратлари Bulli Bai га юкланиб, сўнгра твит қилинган аёлларнинг аксарияти "озор" ва "даҳшатда" эканликларини айтишган.
Чоралар...
Sulli Deals иши очилганига эса, олти ойча бўлиб қолган.
Аммо иш юзасидан ҳали-ҳануз ҳеч кимга расман айблов қўйилмаган.
Исмат Ара Al Jazeera га берган интервьюсида терговнинг суст бораётгани ўзларини анчайин умидсиз қилаётганини айтган.
Унинг, "Бундай нафратпарастларнинг бемалол, ҳеч қандай жазо чораларидан қўрқмасдан муслималарни нишонга олишаётганини кўриш қанчалар ачинарли", - деган шикоятда экани кўрилган.
Ҳиндистон Ахборот ва технология вазири шанба куни GitHub иловани юклаган фойдаланувчининг блокланганини маълум қилган.
Вазир Ашвини Вайшнау ҳозир полиция бу масалада яна кибер-агентликлар билан бирга ишлаётганини қўшимча қилган.
Шив Сена партиясидан депутат Приянка Чатурведи эса, "платформани блоклашдан ташқари, бунга ўхшаш сайтларни яратаётганларни жазолашнинг ҳам муҳим"лигини айтиб, твит қилган, унга шу тариқа жавоб берган.
Депутатнинг ANI ахборот агентлигига айтишича, Sulli Deals иши бўйича ҳеч кимнинг жазоланмагани янги иловаларнинг яратилишига сабаб бўлган.
Аёллар масалалари бўйича Миллий Ҳайъат ҳам бу ҳақда твит қилган.
Твитдан маълум бўлишича, ҳайъат раиси Деҳли полицияси комиссари билан боғланган, ундан кўрган чоралари борасида ўзларини зудлик билан хабардор қилишини сўраган.
Халқаро Амнистия ташкилотининг Ҳиндистондаги онлайн тазйиқларга оид 2018 йилги ҳисоботи кўпроқ очиқча гапирадиган аёлларнинг жабрдийдаларга айланиши эҳтимолига далолат қилган.
Айниқса, диний озчилик вакилалари ва қўйи табақадан бўлган аёлларнинг нишонга олиниши ҳоллари ортиб бораётганини кўрсатган.
Танқидчиларга кўра, муслималарга қарши бу каби ишлар сўнгги йилларда, Ҳиндистондаги сиёсий муҳит қутблашган бир манзарада янада кучайган, аҳвол баттар ёмонлашган.
Икки катта гуруҳ - ҳинду ва мусулмонлар Ҳиндистонда 1.2 миллиардли аҳолининг 94 фоизини ташкил қилади.
Ҳиндистон дунёнинг энг кўп мусулмон аҳолисига эга давлати бўлиб, фақат Индонезиядангина ортда қолади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













