Дин ва дунё, Халқаро Амнистия: Деҳли полицияси оломонга қўшилиб мусулмонларни нишонга олган

Сурат манбаси, AFP
Amnesty International ташкилоти шу йил бошида Ҳиндистонда рўй берган Ҳинду ва Мусулмонлар ўртасидаги қонли тўқнашувларга бағишланган янги ҳисобот эълон қилди.
Ҳисоботда айтилишича, Деҳли шаҳридаги диний низолар пайти Ҳиндистон полицияси "инсон ҳуқуқларини жиддий поймол этган".
Полиция намойишчиларни калтаклаган, қўлга олинганларни қийноқларга тутган ва тартибсизликлар пайти Ҳинду оломонининг ёнини олган.
Ҳиндистоннинг баҳсли фуқаролик қонуни туфайли Ҳиндулар ва Мусулмонлар ўртасида келиб чиққан тўқнашувларда 40 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган. Ҳаммадан ҳам кўра кўп жабрни мусулмонлар тортган, дейди Халқаро Амнистия.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Amnesty International халқаро ташкилотининг сўровларига Деҳли полицияси ҳозирча жавоб бермаган.
Халқаро ташкилотнинг ушбу текшируви Би-би-си хабарларига ҳам мос тушади.
Би-би-си ўз хабарларида полиция шафқатсизлиги ва зўравонликларга бош қўшгани ҳолатлари ҳақида айтган, полиция раҳбарияти эса қонун бузилишларига йўл қўйилганини инкор этган.

Сурат манбаси, Getty Images


Халқаро Амнистиянинг хулосалари Би-би-си ўтказган журналистик суриштирувларига ҳам мос тушади, дейди Би-би-сининг Ҳиндистон бўйича мухбири Йогита Лимае.
Социал медиада тарқалган видеоларда Деҳли шимоли-шарқида жойлашган Хажури Хас деган жойда полициячилар оломонга қўшилиб амалларга қўл ураётгани, хусусан, тош улоқтираётгани тасвирга тушган. Биз бу видеоларни текшириш давомида икки жамоа томонидаги гувоҳларнинг ҳам кўрсатмаларини йиғишга муваффақ бўлдик, дейди Би-би-си мухбири.
Бир дўкондор айтишича, полиция ўзига ва бошқа Ҳиндуларнинг қўлига йўлнинг бошқа тарафидаги Мусулмонларга отишлари учун тош берган. Уйи ва дўкони йўлнинг ўша тарафида бўлган Бҳура Хоннинг айтишича, полиция Мусулмонларга қарши Ҳиндуларга қўшилиб ҳаракат қилган.
Биз бир гуруҳ полиция ходимлари Мусулмон эркак Файзанни шафқатсиз калтаклаётгани видеосини ҳам ўргандик. Файзан орадан бир неча кун ўтиб ҳаётдан кўз юмган. Файзаннинг иниси Наимнинг Би-би-сига айтишича, унинг ўлимига полициячилар калтаклагани оқибатида олган жароҳатлари сабаб бўлган.
Би-би-сининг бу борадаги сўровига Деҳли полицияси жавоб бермади. Бироқ бу видео эфирга узатилганидан кейин полиция Би-би-си Ҳинду хизматига ушбу видеони текширишларини айтди. Аммо кўпчилик, шу жумладан Халқаро Амнистия ҳам бу полициянинг ўз ходимларига қарши айбловларни текширишига ишониб бўладими, деган саволларни беришади.

Amnesty International ҳисоботида Ҳиндулар ҳам азият чеккани эътироф этилиши билан бирга тартибсизликлар пайти Мусулмонлар "номутаносиб тарзда нишонга олинган" дейилади.
"Мусулмонларнинг талофати Ҳиндуларникига солиштирганда уч баравар кўплигидан келиб чиқиб, бу тартибсизликлар ўз-ўзидан бошланиб кетганга ўхшамайди. Бизнеси ва мол-мулкини йўқотишнинг кўп жабри Мусулмонларнинг чекига тушган", дейилади халқаро ташкилот ҳисоботида.
"Фоизи кам бўлиши мумкин, бироқ Ҳиндулар тасарруфидаги муассаса ва уйлар буткул тегинилмай қолмаган", қўшимча қилинади ҳисоботда.
Ҳиндистоннинг Фуқаролик Қонунига ўзгартириш(The Citizenship Amendment Act) ўтган йили бутун Ҳиндистон бўйлаб йирик норозилик намойишларига сабаб бўлди.
Бу қонунни танқидчилар аксилмусулмон қонун деб атайдилар.
Ана шундай норозилик намойишларидан бири Деҳлида рўй берган, қонун тарафдорлари ва унга қаршилар ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан эди.

Орадан кўп ўтмай зўравонликлар диний тус олди ва ғалаёнлар уч кун давом этди. Бунда Мусулмонларнинг яшаб турган уйлари ва дўконларини зўравон оломон нишонга олди.
Инсон ҳақлари халқаро ташкилотининг ҳисоботида айтилишича, тартибсизликлар қўллаб-қувватлангани акс этган видеоларни ўрганиш натижасида полиция айрим жойларда оломоннинг вайронагарчиликларни келтириб чиқаришига қўйиб берган деган хулосага келинган.
Шунингдек, ҳисоботда ўнг қанот лидерларнинг гижгижловчи чақириқлари тартибсизликларни келтириб чиқарган, аммо полиция гижгижловчиларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмагани айтилади.

Сурат манбаси, Mansi Thapliyal
Бошқа тарафдан эса полиция инсон ҳуқуқлари фаоллари, ўқитувчилар ва талабаларни ҳибсга олган, уларнинг аксари Мусулмон бўлганлар.
"Зўравонликларни ёқлаган нафрат нутқларини қилган бирорта ҳам сиёсий лидер жазога тортилмади", дейилади ҳисоботда.
Халқаро Амнистия ўз ҳисоботида даъволар устидан мустақил тергов ўтказишни тавсия этади.
"Деҳли полицияси тартибсизликларга ким жавобгарлигини тергов қилар экан, ўша тартибсизликлар пайти Деҳли полицияси томонидан содир этилган инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши борасида шу пайтгача тергов ўтказилгани йўқ", дейилади ҳисоботда.
Бундан бошқа қатор ҳисоботларда ҳам Деҳлидаги зўравонликлар пайти полиция қандай иш тутгани борасида саволлар кўтарилган.
Деҳли Озчиликлар Комиссияси эълон қилган ҳисоботда ҳам полиция оломонга Мусулмонларнинг уйлари ва дўконларини нишонга олишга рухсат бергани айтилган.
- Ҳиндистон ва мусулмонлар: Полиция мусулмонни нега уриб ўлдирди?
- Ҳиндистон: Парламент мусулмонларга қарши қонун қабул қилдими?
- Ҳиндистон: Худо номи билан мусулмонлар ўлдирилмоқда
- Ҳиндистон: Бузилган Бобур масжиди ўрнида бутхона қуриш бошланди
- Ҳиндистоннинг шармандали сурати: Ҳиндулар тўдаси қуршаган мусулмон
- Ҳиндистон, Кашмир: мусулмонлар қийноққа солинмоқдами?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















