Ҳиндистон: Парламент мусулмонларга қарши қонун қабул қилдими?

Сурат манбаси, EPA
Ҳиндистон парламенти уч қўшни давлатдан келган, мусулмон бўлмаган ноқонуний муҳожирларга амнистия берувчи қонунни маъқуллади. Танқидчилар буни «мусулмонларга қарши қонун», деб атамоқда.
Эндиликда, Покистон, Бангладеш ва Афғонистондан Ҳиндистонга келган диний озчиликлар вакиллари фуқароликни қўлга киритиши мумкин.
Миллатчи кайфиятдаги Bharatiya Janata Party (BJP) партияси томонидан бошқарилувчи ҳукумат янги қонуннинг диний таъқибдан қочиб келган инсонлар учун бошпана беришга замин яратишини таъкидлайди.
Танқидчилар бу қонунни BJP'нинг мусулмонларни четлатиб қўйиш мақсадининг бир қисми, дея тасвирламоқда.
Мамлакатнинг Бангладеш билан чегарадош шимолий-шарқий қисмида яшовчи одамлар янги қонунга қарши аллақачон кенг норозилик билдира бошлаган.
Улар Бангладешдан муҳожирлар «оқиб келиши»дан хавотир билдирмоқдалар.
Қонуннинг мазмуни қандай ўзи?
Ҳиндистоннинг бундан 64 йил муқаддам кучга кирган фуқаролик бўйича амалдаги қонунига биноан ноқонуний муҳожирлар мамлакат фуқаросига айланиш ҳуқуқига эга эмас.
Янги қонун билан эса ана шу тартибга ўзгартириш киритилмоқда.
Мазкур қонунга кўра, яроқли паспорт ва саёҳат ҳужжатларисиз Ҳиндистонга кирган ёки рухсат берилган вақтдан ортиқча муддат мамлакатда қолиб кетган шахслар ноқонуний муҳожир ҳисобланади.
Бундан ташқари шахс Ҳиндистон фуқаролигини олиш учун ҳужжат топширишдан аввал мамлакатда яшаган бўлиши ёки федерал ҳукуматга, камида, 11 йил ишлаб бериши лозим эди.
Янги қонун бу бандни ҳам ўзгартирмоқда.
Эндиликда, Покистон, Афғонистон ёки Бангладешдан эканини исботлаб бера олган ва олти диний озчиликка - ҳинду, сикҳ, буддист, жаин, парси ва насроний - мансуб бўлган инсонлар учун ҳинд фуқаролигини олиш йўлида мавжуд бўлган юқоридаги чекловлар олиб ташланмоқда.
Қонуннинг нимаси баҳсли?
Янги қонуннинг танқидчилари у жамиятдаги маълум қатламларни яккалаб қўйиши ва мамлакат конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган дунёвийлик тамойилларини поймол этишини таъкидлайди.
Танқидчилар фуқаролик диний мансубликка асосан бўлмаслиги лозим, дейди.
Ҳиндистон конституцияси ўз фуқароларига қарши диний дискриминация олиб боришни қатъиян тақиқлайди ва барча инсонларнинг қонун олдида тенглиги ҳамда қонун ҳимоясидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишини кафолатлайди.
Пойтахт Деҳлида меҳнат қилувчи ҳуқуқшунос Гуатам Бҳати муҳожирларни мусулмон ва мусулмон бўлмаган тоифаларга ажратиш билан янги қонун «қонунчиликка диний дискриминация тушунчасини олиб кираётгани»ни айтади.
Тарихчи Мукул Кесаян эса "гарчи қонун муҳожирларга мўлжалланган бўлсада, унинг асосий мақсади мусулмонлар қўлидаги фуқароликни делегитимизация қилишдир", дейди.
Танқидчилар агар янги қонун билан чиндан таъқибга учраган диний озчилик вакилларини муҳофаза этишни кўзланганда, унинг ичидан Покистонда босимга тутилувчи аҳмадийлар ва Мянмадаги роҳингя каби жамоалар ҳам ўрин олиши керак эди, дея эътироз билдиради.
Бироқ қонунни ёқлаб чиққанлардан бири бўлмиш BJP партиясидаги етакчи раҳбарлардан бири Рам Мадҳавнинг сўзларига кўра, «дунёда бирор давлат йўқки, ноқонуний муҳожирликни ёқлайдиган».
«Қалби қонга тўлган тарафкашлар қайғураётган бошқа жамоат вакиллари учун Ҳиндистон фуқаролиги бўйича қонунчилик мавжуд. Қонун имкони борлар Ҳиндистон фуқаролиги учун даъво қилиши мумкин. Қолган барча ноқонуний муҳожирлар тартиб бузувчилар ҳисобланади», сўзлайди Мадҳай.
Қонун қандай қабул қилинди?
Бу қонун лойиҳаси масаласи Парламентда илк бор 2016 йил июль ойида кўриб чиқилган.
Ҳиндистон шимолий -шарқида муҳожирларга қарши зўравонликка тўла намойишлар бошланиб кетганидан сўнг қонун лойиҳаси Парламентнинг юқори палатасидан ўта олмаган эди.
Ушбу қонун Ассам штатидаги Фуқароларнинг Миллий Реестрига алоқадор равишда кўрилади, аммо уларнинг иккиси бир хил нарса эмас.
Реестр Бангладеш мустақил бўлганидан бир кун аввал - 1974 йил 24 мартга қадар Ассам штатига келганини исботлай олган бангладешликларнинг рўйхатидан иборат.
Шу йилнинг август ойида мамлакат ҳукумати рўйхатнинг якуний кўринишини эълон қилган ва бунинг ортидан штатда яшаётган 2 миллионга яқин инсон фуқароликдан маҳрум бўлиши аён бўлган эди.
Бироқ кўплаб овоз берувчилари ноқонуний муҳожир мақомига тушиб қолиши мумкинлигини англаган BJP рўйхатни қайтадан кўриб чиққан эди.
Реестр ва янги ўртасида қандай боғлиқлик бор?
Фуқаролик бўйича қонунга киритилган ушбу ўзгартириш билан реестрдан чиқариб ташланган мусулмон бўлмаган шахсларнинг фуқароликка эга бўлиши учун замин яратилмоқда.
Бу сўнгги кўриб чиқишдан сўнг Фуқароларнинг Миллий Реестрига кирмай қолган ўн минглаб бенгал-ҳиндлар фуқароликка эга бўлиб, Ассам штатида қолиши мумкинлигини англатади.
Мамлакат ички ишлар вазири янги қонун қабул қилингандан сўнг мамлакат бўйлаб фуқароларнинг ана шундай ўхшаш реестрини тузиш ва ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ҳамда «ҳар бир тартиб бузувчи»ни 2024 йилга қадар Ҳиндистондан ҳайдаб чиқариш таклифини ўртага ташлаган.
«Агар ҳукумат мамлакат бўйлаб фуқароларнинг миллий реестрини жорий этиш режасини амалга оширса, у ҳолда, рўйхатга кирмай қолувчи икки қатлам юзага келади: мусулмонлар (аксар кўпчилик) ва бошқа жамоат вакиллари. Бироқ янги қонун билан мусулмон бўлмаган шахсларда, агар улар ўзларининг Афғонистон, Покистон ва Бангладешдан эканини исботлай олса, мамлакатда қолиш имкони мавжуд», изоҳлайди Бҳатия.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












